Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
07.08.2018

«ҲАММАСИ АДОЛАТЛИ БЎЛАЯПТИ»

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ижодий имтиҳонлар ҳалол ўтмоқда, ҳақиқий истеъдодлар танлаб олинмоқда

 Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ўтган йили тест синовларини ёритишга борган эдим. Эътиборимни биринчи бўлиб институт ҳудудидан ташқарида, панжара ортида фарзандлари имтиҳондан қачон чиқишини илҳақ бўлиб кутиб турган ота-оналар тортган эди. Ҳаво иссиқ, одамни лоҳас қиладиган даражада жазирама. Ўтирадиган жойнинг ўзи йўқ. Бунинг устига, кўпчилик ота-оналар юзида безовталик, ташвиш бор эди.



Бу йилги имтиҳонлар жараёнини ёритиш мақсадида институтга бораётганимда, ана шу нохуш манзаралар кўз ўнгимдан ўтаётганди. Лекин бу гал ота-оналарни дарвоза олдида учратмадим. Институт дарвозасидан кириш-чиқиш бемалол, одатий кундай...

Ёшлар учун барча имкониятларни яратишга ҳаракат қилаяпмиз, — деди институт ректори, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Йўлдошев. — Биз бу йилги тест синовларида абитуриентларга, уларнинг ота-оналарига яратилган шарт-шароитлар тўғрисида суҳбатлашиб ўтирган эдик. Буларни албатта халққа етказиш керак. Ўтган йили биласиз, олий ўқув юртларида тест синовлари куни келган ота-оналар қанчалик қийналганини. Бу йил ташкилий ишлар умуман бошқача йўлга қўйилди. Ота-оналар учун ажратилган бинога 10 та монитор ўрнатилган, улар камералар орқали фарзандларининг қандай имтиҳон топшираётгани ва саволларга қандай жавоб бераётганигача эшитиб, кузатиб туришибди.

Яна бир янгилик, адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон халқ шоири, Сенатор Иқбол Мирзо бошчилигида жамоатчилик назорати гуруҳи ишлаб турибди. Унинг таркибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгаши депутатлари, суд-ҳуқуқ идоралари вакиллари бор. Жамоатчилик назорати гуруҳига ота-оналардан ҳам икки киши киритилган бўлиб, имтиҳон топшираётган абитуриентлар алмашишига қараб, ҳар куни ота-оналар ичидан икки киши сайланади. Улар имтиҳон топширилаётган бино ва аудиторияларда кузатув олиб боради.

Бинолар ҳар бир абитуриент учун қулай бўлган бир кишилик махсус ўриндиқлар, ҳавони мўътадиллаштирувчи жиҳозлар билан таъминланди. Бу ерга кела олмаган ота-оналар интернет орқали ёки онлайн тизимида ушбу жараённи тўлиқ кузатиб бориши мумкин.

Президентимизнинг «Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида бу йилдан бошлаб абитуриент­дан алоҳида иқтидор талаб этадиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги 18 таълим йўналишига қабул қилиш тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга ошириляпти, — дейди Ўзбекистон халқ шоири, ­Сенатор Иқбол Мирзо. — Биз ҳар куни ота-оналар билан биргаликда ижодий имтиҳонларни кузатиб бораяпмиз. Тўғри, кўпчилигининг иқтидори, маҳоратига қойил бўлмасдан илож йўқ, шундай болалар ўқишга кираётганидан қувонасиз.

Лекин ишонасизми, адабиёт ўқимаётган, театрга тушмаётган болаларимиз оз эмас экан. Бунга абитуриентлар имтиҳон топшираётганида ота-оналарнинг ўзлари ҳам гувоҳ бўлди. Ўрта мактабни, коллеж ёки лицейни битирган ўқувчи таниқли шоир ёки ёзувчиларни, уларнинг асарларини билмайди. Театр ва санъат арбобларини танимайди, оддий шеърни ёки асардан парчани ифодали қилиб ёддан айтиб беролмайди. Буни ота-оналар ҳам монитор орқали кўриб турибди. Балки, ўша ўқувчи ўқиган таълим муассасасига эътироз хати ёзиш керакдир?

Илгари ижодий синовдан зўрға ўтган абитуриент тестдан юқори балл тўплаб, ўқишга кириши мумкин эди, — дейди институт ректори ­Иброҳим Йўлдошев. — Натижада энг иқтидорли болаларни қўлдан бой берардик, бунинг оқибатида ўртамиёна мутахассислар кўпайиб кетди. Бу йилдан бошлаб абитуриентларни танлаб олиш ­имкониятига эга бўлдик. 12 июлдан бошланган ижодий имтиҳонлар ҳақиқий истеъдод эгаларини кашф этаяпти.

2018 ўқув йилида институтимизда бакалавриатга қабул квотаси 350 нафарни ташкил этган бўлса, бу йил кундузги бўлимга 490 квота ажратилди. Битта ўринга ўртача етти нафар абитуриент тўғри келаяпти. Бундан ташқари, бу йил «Актёрлик санъати: мусиқали театр актёрлиги» махсус сиртқи бўлимга 50 ўрин ажратилди. Тўрт йўналиш бўйича алоҳида сирт­қи бўлимлар очилди. Булар учун жами 200 ўрин берилиб, уларга 604 ҳужжат қабул қилинди. Шулардан 70 дан кўпроқ ўринни рус гуруҳлари ташкил этади. Санъат соҳасида фао­лият кўрсатаётган, аммо йиллар давомида шу йўналиш бўйича ўқишга кириб, олий маълумот олишга орзуманд бўлган ҳақиқий истеъдодлар учун жуда катта имконият бу.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ижодий имтиҳонлар давом этаяпти. Жараён шаффофлигини таъминлаш мақсадида имтиҳонларда таниқли санъатшунос олимлар, театр санъати усталари, Ўзбекистон халқ артистлари қатнашаяпти. Имтиҳондаги савол-жавоблар видеотасмаларга ёзиб олинаяпти ва институт архивида сақланади.

Биз ота-оналардан тушган барча талаб ва таклифларни, шикоят ва аризаларни шу ерда кўриб чиқиб, ҳал қиламиз, — дея институт ректори стол устида турган дафтарни менга узатди. Қалингина дафтарнинг деярли ярми тўлган. Унинг тўғри келган жойини очаман.

«Ўғлим шу институтнинг муз­драма факультетига ўқиш учун ҳужжат топширган. Уч кундан буён ижодий имтиҳонларни кузатиб бораяпман. Домлаларнинг абитуриентларга эътибор билан қараётганига, уларнинг иқтидорини ҳалоллик билан баҳолаётганига гувоҳ бўлаяпман. Имтиҳон адолатли бўлаяпти. Наҳанов Жаҳонгир».

«Я, Л.Салахутдинова, находилась в зале ожидания для родителей. Видеосвязь была безперебойной, хорошего качества. Никаких проблем не возникало. Спасибо Вам за предоставленную возможность».

«Менинг ўғлим Маърупов Сардорбек драматик театр ва киноактёрлик йўналиши бўйича имтиҳон топширди. Монитор орқали ўғлимни кўриб ўтирибман. Шикоятим йўқ. Ҳаммаси адолатли бўлаяпти. Шодиева ­Муборак».

...Ижодий имтиҳонлар давом этаётган таълим муассасасидан чиқиб кетаётиб, узун кўйлак кийган туркман қизига дуч келдик. Институт ректори Иброҳим Йўлдошев уни бир дақиқага тўхтатиб, таништирди:

Бу қизимиз Шаҳриза Аширова, Туркманистоннинг Лебаб вилоя­тидан келибди. Институтга ҳужжат топшириш тугаган, биз белгиланган тартиб-қоидани бузолмаймиз, десак ҳам, «Шу ерда ўқигани келганман», деб туриб олди денг. Унинг қарори қатъийлигини кўриб, Давлат қабул комиссия­сига мурожаат қилдик. Иш ҳукумат даражасида ҳал бўлди.

Ўзбекистонга виза олишда ҳужжатларни кечикиб расмийлаштирган эканман, — дейди Шаҳриза Аширова. — Шу сабаб кечикиб қолдим. Келсам, қардош Туркманистондан келган абитуриент сифатида жуда катта ҳурмат кўрсатишди, институт раҳбарияти ҳукумат даражасида муаммоларимни ҳал қилганидан жуда миннатдорман. Менинг қариндошларим, акаларимнинг кўпчилиги Тошкентда ўқишган, бу ерда яқинларимиз яшайди. Бирдан-бир орзуим Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўқиб, театр актёрлиги сирларини эгаллаш эди, мақсадимга эришдим. Ижодий суҳбатдан ўтиб, биринчи талаба бўлдим. Ҳаммаларингизга раҳмат!

Институтда янги йўналишда таҳсил оладиган талабаларга ҳар томонлама мукаммал билим бериш учун давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари ишлаб чиқилган. Жорий ўқув йилидан бошлаб талабаларга дарс бериш сифати ҳам тубдан ўзгариши кутилмоқда. Ана шу мақсадда институтнинг етук профессор-ўқитувчилари Италиянинг Турин университети, Польшанинг Варшава ва Лодзь киносанъати ҳамда Москвадаги тўртта институтда тажриба ўрганишди ва маҳорат дарсларини ҳамкорликда ўтиш бўйича шартномалар тузиб қайтишди. Эндиликда хорижлик олий таълим муассасаларининг таниқли профессор-ўқитувчилари навбати билан икки ой мобайнида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаларига инновацион усуллар асосида сабоқ беришади. Бу жараён доимий йўлга қўйилади.



Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.