07.08.2018

ОЛИЙ СУДНИНГ САЙЁР ҚАБУЛИДА

муаммоларга қонуний ечим топилмоқда, фуқароларда одил судловга ишонч мустаҳкамланмоқда

Алижон ота нафақаси тўғри ҳисобланганига шубҳаланиб, пенсия жамғармасига мурожаат қилди. Аниқланишича, бир неча йил қўшни давлатда ишлаганлиги, жамғармага қилган тўловлари инобатга олинмаган. Тортишувлардан натижа чиқмай ноумид бўлиб юрган, Алижон ота Ўзбекистон Олий Суди раисининг Фарғона туманидаги сайёр қабулига борди.

Аввалига одамлардан эшитган хабарга ишонмадим. Ким-ким, Олий Суд раиси қишлоғимизга биз билан учрашгани кел­са-я?! Гумонимнинг сабаби, шу ёшга кирибманки, биронта суд идораси раҳбари, туман ёки қишлоқларга келиб, халқ билан мулоқот қилганини эшитмагандим, — дейди Алижон ота. — Айтилган куни учрашув жо­йига борсам, оддийгина, очиқ чеҳра, хушмуомала, хуллас, ўзимизга ўхшаган бир инсонни Олий суд раиси, деб таништиришди. Бир ишониб, бир ишонмай, навбат кутиб турдим. У киши ҳар бир мурожаатни сабр билан тинглар, кейин қонунчилик асосида муаммо ечимини тушунтирар эди. Барака топсин, баъзилар ҳиссиётга берилиб овозини кўтариб гапирса ҳам кулиб туриб жавоб берарди.

Менинг масалам ҳам суд орқали ҳал бўлишини айтди раис. Шундан сўнг аризам тегишли тартибда кўриб чиқилиб, ҳуқуқим, ҳаққим тикланди. Биз билдик, Олий суд ­раиси қишлоқларимизга Президентимиз топшириғи билан келган экан. Бу эътибордан ниҳоятда мамнун бўлдик...

Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, судьяларни танлаш ва жой-жо­йига қўйиш тартиби такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилди, суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди, маъмурий судлар ташкил этилди, шунингдек, судьялик лавозимига муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби жорий этилди. Барча тоифадаги суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиётига ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилингани бу соҳадаги ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди. Бу ислоҳотлардан кўзланган мақсад битта — судлар мустақиллиги ва очиқлиги, адолат устуворлигини таъминлаш.

Маълумотларга қараганда, шу йилнинг ўтган олти ойида 411 фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. Жамоат ташкилотлари кафиллигида 50 нафардан зиёд аёл ва ёшлар суд залидан озод этилиб, уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. Суд ишларининг сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиши эса нафақат суд фаолияти ошкоралигини таъминламоқда, айни чоғда одамлар адолатли ҳукмларнинг гувоҳи бўлмоқда. Бунинг тарбиявий аҳамияти беқиёс.

Бир ҳафта давомида Ўзбекистон Олий Суди раҳбарлари вилоятнинг деярли барча шаҳар ва туманларида сайёр қабул ва учрашувлар ўтказдилар. Юзлаб одамлар ўзларини қийнаб келаётган муаммоларга ечим, саволларига ҳақли жавоб топдилар.

Энг муҳими, одамларда одил судлов тизимига ишонч мустаҳкамланмоқда.



Муҳаммаджон ОБИДОВ,

журналист.



DB query error.
Please try later.