31.07.2018

«АҚЛЛИ» ТЕХНОЛОГИЯЛАР ТИЗИМИ ТУФАЙЛИ АҚШ ВА ҒАРБИЙ ЕВРОПА МАМЛАКАТЛАРИ МЕҲНАТ УНУМДОРЛИГИ БЎЙИЧА АНЧА ИЛГАРИЛАБ КЕТДИ

Ҳозирги пайтда дунё мамлакатларида аҳоли сонининг кескин ўсиши ва бозорда рақобатбардошликнинг кучайиши кузатилмоқда. Олимлар изланишлари янги инновацион, кам энергия сарфланадиган технологияларни жалб қилиб, таннархи арзон маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаларига қаратилган. Мамлакатимизда Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилиши барча соҳаларга дунёдаги энг илғор, юқори технологияларни кенг татбиқ этиш имконини беради.

 

КАМ ЭНЕРГИЯ САРФЛАНАДИГАН ТЕХНОЛОГИЯ

Ҳисоб-китобларга қараганда, яна 30 йилдан сўнг, ер шари аҳолиси учун айни пайтда истеъмол қилаётганидан 70 фоиздан кўпроқ озиқ-овқат керак бўлар экан. Глобаллашув шароитида экология ва атроф-муҳитнинг ўзгариши, ҳосилдор ерларнинг тақчиллиги, энергия ресурсларининг қимматлашуви, сув ресурсларининг камайиб кетаётгани озиқ-овқат ишлаб чиқаришда бир қатор муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Инновацияларни қишлоқ хўжалиги соҳасига жорий этишда Америка Қўшма Штатлари дунёда етакчилик қилади. Фермерлар томонидан кичик хўжалик, чорвачилик ва балиқчилик йўналишларига интеллектуал технология фаол жорий этилмоқда. Бундай «ақлли» технология, айниқса, ғалла етиштиришда кенг қўлланилмоқда.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига ўзи ҳаракатланувчи (учувчи) дронларни кенг қўллаш мақсадида «Ўзгео­дезкадастр» давлат қўмитаси қошида илмий-ишлаб чиқариш иннова­цион марказини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилаяпти.

Трактор ва юк ташувчиларда ўрнатилган учувчисиз мосламалар туфайли инсон омили камаяди, талон-тарожликлар кескин бартараф этилади. Ўтган йили Cognitive Technologies (Россия) компанияси инсон иштирокисиз ерга ишлов бериш ва ҳосилни йиғиб олиш имкониятига эга бўлган, одамсиз трактор лойиҳасини тақдим этди.

Гарчи бундай лойиҳалар дунёда ҳали биринчи босқичда бўлса-да, таҳлилчилар фикрига кўра, улар келажакнинг «ақлли» қишлоқ хўжалиги асоси бўлади. Вақт ўтиши билан қишлоқ хўжалиги фаолияти, яъни, ерга ишлов бериш, ўсимлик парвариши, ҳосилни йиғиб олиш ва уни сақлаш автоматлаштирилади.

 

ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ФЕРМА ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Интеллектуал фермада келажакда камера ва сенсорлар ёрдамида фермерга 3D шаклида майдонларнинг электрон хариталарини тузиш, экинларни самарали ўғитлаш, олиб борилаётган ишларни инвентаризация қилиш, ер мулкларини сақлаш каби нормаллашган вегетация индексини ҳисоблаш имкони яратилади.

Фермер датчик ёрдамида турли майдонларда тупроқ ҳолатини таҳлил қилади ва қайси майдонга қандай уруғ экишни аниқлайди. Ҳозирги пайт­да дунё бозорида уруғларни қобиқлар билан тупроққа отувчи, махсус дронлар орқали ўсимликларни экишни таклиф этувчи стартаплар мавжуд.

Қишлоқ хўжалигида учувчисиз ускуналар ҳозир АҚШда, Хитойда, ­Японияда, Бразилияда, ЕИ мамлакатларида фаол қўлланилмоқда, қишлоқ хўжалигига йўналтирилган УУА дунё бозорининг йирик намояндалари ичида AeroVironment Inc, AgEagle, DJI, Yamaha ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

Датчик ва сенсорларни қишлоқ хўжалигига қўллаш интеллектуал фермаларни ташкил этишда муҳим йўлдир. Бунда радиоканал орқали назоратдаги объект ҳолати тўғрисида — яъни, намлик, ҳарорат, ўсимлик парвариши даражаси, ёнилғи захираси тўғрисида узлуксиз маълумотлар олиш мумкин. Тупроқ характеристикаларини аниқлаш тизимининг асоси назорат нуқталарида жойлаштириладиган сенсорлар ҳисобланади. Бу датчиклар орқали агрономлар керакли маълумотларни олиб, қандай ўсимликни қаерда ўстириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Одатда қўлда суғорилганда сувни ишлатиш меъёри олдиндан ҳисобланади. Бунда кўпгина параметрлар ҳисобга олинмайди. Натижада сувнинг ҳаддан ташқари ортиқ айланишидан тупроқ эрозияси ҳосил бўлиши мумкин. Датчиклар эса, агромаданий турини, унинг ўсиш фазаси ва бошқа омилларни ҳисобга олиб, қачон тупроқ қатлами керакли даражада намланганлиги фурсатини аниқлаши, ва эрозияни олдини олишда ёрдам бериши мумкин. Бу сув ишлатишни анча камайтиради ва меъёрни белгилаб беради..

Датчиклар нафақат маҳсулот етиштиришга, балки ҳосилни сақлашга ҳам ёрдам беради. Омборда нам­лик ва ҳароратни ўлчаш жадвал бўйича ёки реал вақт тартибида, шахсий характеристикага мослаб сенсорлар созланади. Бу эса ҳосилни анча вақт сақлашга имкон беради. Замонавий тизимлар, сабзавот ва мевалар жуда катта миқдорда сақланаётган бўлса ҳам, уларни қайси ерида чириётганини билиб олади.

 

БУЮМЛАР ИНТЕРНЕТИ

Одатда «Буюмлар интернети» тармоқларидан агрокорхоналарга қарор қабул қилиш учун маълумотларни датчиклардан марказларга юбориш учун фойдаланилади. Датчик ва ­сенсорлар бир дона батарея зарядидан фойдаланиб йиллар мобайнида ишлаши мумкин,

Inmarsat компанияси агрономларга маълумотларни спутник интернети орқали жўнатишда, спутник ресурсидан ва LoRaWAN базавий станцияларидан фойдаланади. Бундай сервис, масалан, Малайзияда ёғли пальмани самарали етиштиришга ёрдам беради, бунда датчиклар резервуарларда сув даражасини автоматик мониторинг қилади, ўсимлик илдизида тупроқ намлиги тўғрисида маълумот йиғади. Бу эса ўз навбатида майдонларда қурғоқчиликнинг олдини олишга, яъни ҳосилни йўқотмасликка имкон беради.

Россиядаги «ақлли» инновацияларни ишлаб чиқараётган Rightech IoT Cloud платформаси замонавий технология ва ўзига хос патентланган ғоялари билан дунё аналоглари ўртасида муваффақиятли рақобатлашмоқда.

kSense тизими интеллектуал платформаси ишлаш жараёнида дастурлаш ва мутахассислар керак бўлмайди, бунда платформа атроф-муҳитнинг ўзгаришига қараб, автоматик тарзда мослашади ва берилган масалаларни йиғимига боғлиқ бўлган бошқаришни амалга оширади.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ақлли ускуналарни, тизимларни кенг қўллаш учун барча шарт-шароит ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар мавжуд. Демак, соҳани жаҳон тажрибасидан фойдаланган ҳолда инновацион ривожланиш йўналишига ўтказишда амалий натижаларга эришиш ҳозирги босқичнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

 

Қобилжон АДИЛОВ,

«Agroinnovatsiya jamg`armasi» жамоат бирлашмаси ижрочи директори.



DB query error.
Please try later.