21.06.2018

ЎЗБЕКИСТОН ТУРИЗМ СОҲАСИ РИВОЖИ ЖАНУБИЙ КОРЕЯ НИГОҲИДА

Яқинда Сеулда «Korea World Travel Fair 2018» халқаро сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтди.

Ҳар йили ўтказиладиган мазкур кўргазмада бутун дунёдан туристик агентликлар, авиакомпаниялар, туризм бўйича миллий ва минтақавий кенгашлар, сайёҳлик маъмуриятлари, йирик меҳмонхона мажмуалари ҳамда курортлар вакиллари иштирок этади. Жорий йили ярмаркада 60 дан ортиқ мамлакатдан келган 500 нафардан зиёд соҳа мутахассиси қатнашди.

Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва республикамизнинг қатор туризм компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилган мамлакатимиз стенди меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир чоғида мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти ва тарихий-маданий мероси ҳамда сайёҳлик индустриясини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳикоя қилувчи видеолавҳа иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Унда, асосан, Ўзбекистоннинг диққатга сазовор масканлари, сайёҳлик салоҳияти, хизмат кўрсатиш соҳаси, меҳмонхоналар фаолияти ва туроператорлар ҳақидаги ахборотлар стенд кузатувчиларига катта илҳом бағишлади.

Шу билан бирга, ўзининг мафтункор ранг-баранглиги билан иштирокчилар эътиборини қозонган кенг турдаги ўзбек миллий либослари ҳам намойиш этилди.

Кўргазма қатнашчилари Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм саноати жадал ривожланаётгани, унинг инфратузилмаси жаҳон стандартларига мос равишда такомиллаштирилаётганини алоҳида таъкидладилар. Бу эса халқаро ҳамжамият эътиборини ўзига тортмоқда. Юртимиздаги тарихий ёдгорликларнинг кўплиги уни бутун дунё сайёҳлари учун энг жозибадор йўналишлардан бирига айлантирди.

«Semyung Travel» компанияси бош директори Ли Мин Хёнг Ўзбекистон сўнгги вақтда сайёҳлик саноатини модернизациялаштиргани, туризмнинг янги йўналишларини яратиш ва ривожлантириш уддасидан чиққанини таъкидлади.

 «Planet World Tour» раҳбари Хан Же Чолнинг фикрича, бугун саёҳат шинавандаларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани кузатилмоқда.

Кореяликлар ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти ва анъаналарига чуқур эҳтиром ва завқ билан қарамоқда. Шу сабабли ўша гўзал диёрга бориб, унинг ҳаёти ва кўҳна шаҳарларини ўз кўзлари билан кўришга интилмоқда.

«Sport Tourism 21» компанияси раҳбари Шим Жонг Шик Ўзбекистон ўзининг дурдона меъморчилиги, кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарлари, самимий халқи, ўзига хос миллий таомлари ҳамда ажойиб урф-одатлари билан сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.

 

* * *

Таъкидлаш жоизки, тадбир якунида мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қилиш бўйича кўплаб талабномалар келиб тушди.

 

«Дунё» АА

Сеул.



DB query error.
Please try later.