Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
05.06.2018

АДОЛАТ ҚЎРҒОНИ

мустаҳкам бўлса, фуқаролар ҳуқуқлари муносиб ҳимоя қилинади, акс ҳолда қонунсизлик авж олади...

Ҳар қандай давлатнинг демократик қадриятлари даражаси аввало фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари қандай ҳимоялангани билан белгиланади. Бу масала жуда катта ижтимоий-иқтисодий, сиёсий аҳамиятга эга, фуқароларнинг руҳий-маънавий оламига дахлдор. Ўз фуқаролари шаъни ва қадрини улуғлаган мамлакатда тинчлик барқарор бўлиши, тараққиёт изчил давом этиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.

Агар одамлар адолатсизликларга учраса, қонун устуворлигига ишонмаса, ҳаётдан норози бўлса, давлатнинг қудратига путур етади, жамиятда хавф-хатар кучаяди. Бундай ҳолатлар қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигига тарихдан ҳам, бизга узоқ-яқин бўлган мамлакатларнинг бугунги ҳаётидан ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Яқин ўтмишда ўзимиз ҳам қонунсизликларни бошимиздан кечириб, азобларини кўп тортдик. ­Совет замонида инсон ҳуқуқ ва эркинлиги шафқатсиз паймол этилиб, қадр-қиммати оёқ-ости қилингани даҳшатли фожиаларга олиб келди, миллионлаб одамлар ҳаётига зомин бўлди. Қонунлар қоғозда қолиб кетаверарди, суд-тергов идоралари устидан амалдорлар ҳукмрон эди. Инсон тақдирини қонун эмас, уларнинг буйруқлари ҳал этарди. Афсуски, бу иллат мустақиллик йилларида ҳам ҳар хил кўринишда учраб турди, суд-ҳуқуқ соҳасида кўп хатоларга йўл қўйилди. Биз адолатсизликларни кўриб, ўзимизни кўрмасликка, билиб билмасликка олиб келдик. Назоратнинг йўқлиги, қонунсизликларга ўз вақтида чора кўрилмагани оқибатида адолатсизликлар томир отди. Айниқса, «қудалар», «акалар», деганларнинг ўзи хон, кўланкаси майдон бўлди. Миллий хавфсизлик хизматининг нопок ходимлари жиноят ишини тергов қилиб, айблов фикрини ёзган бўлса, тамом, суд мустақил қарор қабул қилиши қийин эди. Судланаётган одам айбсиз бўлса-да, қамалиб кетаверарди, асоссиз қамоқда ётгани тўғрисида қаерга хат ёзмасин, қаерга арз-додини айтмасин фойдаси йўқ эди. Ёки «қудалар» судга топшириқ бериб, ўзи истаган ҳукм чиқарилишини назоратга оларди. ­Судьялар уларнинг кўзига ёмон кўринишдан қўрқарди, чунки эрта бир кун судья ҳақида бериладиган маълумотномада қасддан салбий фикрлар кўрсатилиши ва шу билан унинг келажагига нуқта қўйилиши мумкин эди. Баъзан эса қонун талаби билан кимнидир оқлаган судьяга нисбатан фитна уюштирилиб, у порахўрга чиқариларди. Бундай ярамас иллатлардан қанчадан-қанча одам, оилалар, болалар жабр кўрди.

Ўзларини хавфсизлик ҳимоячилари қилиб кўрсатиб, аслида пора­хўрлик, қароқчилик билан шуғулланганлар давлатга беҳисоб зиён етказишди. Бугун ҳаёт ҳам, талаб ҳам ўзгарди. Қутурганларнинг кўплари қонун олдида жавоб беришмоқда. Улар нафақат ўзларини бадном қилишди, айни чоғда ҳалол ҳам­касб­лари ва идора номига ҳам доғ туширишди.

Ҳамма билади, шу вақтга қадар суд амалиётида оқлов ҳукми чиқариш ҳоллари камдан-кам учрарди. Одамлар оғзида «бизнинг судларда оқлов йўқ», деган гаплар юрарди. 2016 йил 19 октябрда Президентимиз «Энг ачинарлиси, кейинги йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаган. Бундан биз, барча тергов органлари хатосиз ва жуда сифатли даражада ишлаяпти, деган хулосага келишимиз мумкинми? Йўқ, албатта. Суд ёки оқлов, ёки айблов ҳукмини чиқариши керак», дея адолатли талабни қўйди. Суд-ҳуқуқ тизимида узоқ йиллар ҳукм суриб келган адолатсизликлар томирига болта урилди. Ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилган, қонунни бузган ҳуқуқ-тартибот, суд идоралари, миллий хавфсизлик хизматининг нопок ходимлари шаънига аччиқ гаплар айтилди. Суд-ҳуқуқ тизимини жиддий ислоҳ қилишга киришилди.

2017 йил 22 декабрь куни ­Президентимиз Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида ўтган анжуманда Олий Мажлисга Мурожаатномасида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича ўта ­муҳим вазифалар белгилаб берилди. Бу масалада аввало шундай фикр ­илгари сурилди: халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт.

Бу гапдан хулоса шуки, барча ишларимиз адолатли бўлмоғи, ­халқимиз манфаатига хизмат қилмоғи керак. Адолатни ўрнатиш бир одамнинг ёки айрим идораларнинг иши эмас, барчамизнинг вазифамиздир. Мурожаатномада адолатли бўлиш ва адолатсизликларнинг олдини олишга хизмат қиладиган, бошқача айтганда, инсонни қадрлайдиган, улуғлайдиган кўрсатмалар берилди. Умумий, баландпарвоз гаплар эмас, балки аниқ ва хал­қимизни беҳад қувонтирган вазифалар қатъий қилиб қўйилди: «Хал­қимизнинг бағрикенглик каби азалий қадриятларидан келиб чиқиб, жиноий жавобгарликка тортиш муддатларини қайта кўриб чиқиш лозим». Бундан таш­қари, Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмаслиги таъкидланди. Бундай ҳаракатларни содир этган ходим ёки кимнингдир «буюртмаси»ни бажарган ҳар қандай шахс ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар қонуний жазога тортилади.

Бу гаплар одамлар манфаатини кўзлаб айтилаяпти. Бу гаплар у қулоқдан кириб, бунисидан чиқиб кетадиган гаплар эмас. Яна ўйлаб кўрайлик, бу гапларни ким айтаяпти?!.. Давлат раҳбари халқимиз тақдири тўғрисида, фуқароларимизни адолатсизликлардан асраш учун шунчалик қайғураётган экан, ҳуқуқ-тартибот идоралари, хусусан суд-ҳуқуқ соҳаси ходимлари ўз вазифасига қандай ёндошиши керак бўлади? Улар тафаккурида инсонни қамашга мойиллик кучли бўлиши керакми ёки озодликдан маҳрум этмай бошқа чора-тадбирлар қўллаш тўғрисида ўйлаши керакми?

Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар учун ягона ва энг қаттиқ талаб сифатида фуқароларнинг қонуний манфаатларига хизмат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилиш кўрсатилмоқда.

Бу масалада қисқа муддатда қонунчилигимизда кенг имкониятлар яратилди. Жумладан, 2017 йил 29 мартда қабул қилинган Қонунга асосан Жиноят-процессуал кодексининг жиноят ишини суддан қўшимча терговга қайтариш тўғрисидаги 419-моддаси бекор қилиниб, жиноят процессида томонларнинг ҳақиқий тортишуви асосида шахснинг айблилиги ёки айбдор эмаслиги масаласини узил-кесил ҳал этиш белгилаб қўйилди. Яъни оқлов ҳукми чиқариш учун имко­ният кенгайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 ноябрдаги Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Фармони ва 2018 йил 4 апрелдаги Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун билан шахсни айблашда фақат аниқ далилларга асосланиш шарт эканлиги белгилаб қўйилди.

Мазкур норматив ҳужжатларнинг қабул қилиниши дастлабки тергов ва суд ишларини юритишда фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, судья ва терговчиларнинг масъулиятини кучайтиришга, аҳолининг судга бўлган ишончининг ортишига мустаҳкам замин яратди.

Олий суддан олинган маълумотларга кўра, 2017 йилда суд тизимида амалга оширилган демократик ўзгаришлар натижасида жи­ноят ишлари бўйича судлар томонидан 262 нафар шахс оқланган. Ваҳоланки, 2012-2016 йиллар орасида атиги 7 нафар шахс оқланган эди.

Олий суддан олинган маълумотларга эътибор қаратайлик. 2018 йилнинг биринчи чорагида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 114 нафар шахсга нисбатан 68 жиноят иши бўйича судланувчи ва маҳкумларни оқлаш ва реабилитация қилиш тўғрисида қарорлар чиқарилди. Шундан 55 нафар шахсга нисбатан 31 та жиноят ишини биринчи инстанция судида кўриш якунига кўра, оқлов ҳукмлари чиқарилди, 9 нафар шахсга нисбатан 3 та жиноят иши биринчи инстанцияда, 50 нафар шахсга нисбатан 34 та жиноят иши юқори инстанцияда ҳаракатида жиноят таркиби йўқлиги ёки айб­ланувчининг жиноятга дахли бўлмагани сабабли оқланди, уларга нисбатан юритилган жиноят ишлари тугатилди.

Шунингдек, бевосита Олий судда жиноят иши бўйича чиқарилган ҳукмларга протест келтирилиб, 11 нафар шахс оқланди. Уларнинг 2 нафарига нисбатан оқлов қарорлари Олий суд Раёсати томонидан қабул қилинди.

Масалани вилоятлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, Қашқадарё вилоятида 29, Тошкент шаҳрида 16, Тошкент вилоятида 13, Сурхондарё вилоятида 7. Хоразм вилоятида 6, Қорақалпоғистон Республикасида 5, Самарқанд вилоятида 5, Андижон вилоятида 7, ­Фар­ғона вилоятида 4 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Бошқа вилоятлардан ҳам ана шундай мисолларни келтириш мумкин.

Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даврида апелляция, кассация ва назорат босқичларида маҳкумлар ва уларнинг адвокатлари тақдим этган шикоятлар асосида жиноят ишлари кўриб чиқилиб, 50 нафар шахс оқланди.

Тергов органлари томонидан айб­ланиб, судланган ва жорий йилда оқланган, реабилитация қилинган шахсларнинг 3 нафари собиқ ҳоким, 1 нафари прокурор, 10 нафари ички ишлар ва 1 нафари божхона ходими, 8 нафари тадбиркор, 14 нафари темир йўл, 5 нафари банк ходими ва 22 нафари вақтинча ишсиз фуқаролардир.

Ушбу суд қарорлари Олий суд томонидан ўрганиб чиқилди, мазкур жиноят ишлари бўйича айбловлар асосли далиллар билан тасдиқланмагани, тахмин ёки оғзаки миш-мишлардан иборат маълумотларга асослангани боис оқлов ҳукм­лари асосли чиқарилган, деб топилди.

Масалан, жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят Нишон туман суди сайёр суд мажлисида Қарши тумани Кахлак қишлоқ фуқаролар йиғинида эр-хотин Иброҳим ва Сабоҳат Солиевларни Жиноят ­кодексининг 228-моддаси 2-ва 3-қисмлари билан айблаш ҳақидаги жиноят ишини кўриб чиқди.

Тергов органи хулосасига кўра, Тожикистон Республикасининг ­Регар туманида туғилган И.Солиев ва С.Солиева қишлоқ фуқаролар йиғини дафтарига сохта ёзув киритиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини асоссиз равишда олиб, фойдаланиб келганликда айбланган.

Судда айбланувчилар 1991 йилда Қашқадарё вилоятига болалари билан кўчиб келиб яшаётгани, Ўзбекистон паспортини қонуний тартибда олишгани, ўзларини Ўзбекистон фуқароси деб ҳисоблашини билдириб, фуқаролик паспортлари қайтариб берилишини талаб қилишган.

Судда сўралган гувоҳлар бу оилани қишлоқда ҳамма яхши таниши, Иброҳим ака узоқ вақтдан буён Қарши шаҳридаги «УМС-4» ташкилотида ишчи, Сабоҳат опа эса, «Лола» болалар боғчасида энага бўлиб ишлаши, фарзандлари шу ердаги мактабда ўқишгани, қишлоқ аҳолиси билан аҳил-иноқлигини баён қилишди.

Хулоса шундай бўлдики, бу ҳолатлар терговда холисона ва синч­ковлик билан текширилмасдан судланувчиларга нисбатан айб эълон қилган ва айбсизлик презумцияси талаблари бузилган. Суднинг 2018 йил 15 январдаги ҳукми билан судланувчилар оқланди. ­Дастлабки терговда йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари учун суд Қашқадарё вилоят ИИБ Тергов бош­қармасига хусусий ажрим юборди.

Олий суд томонидан олиб борилган таҳлиллар натижасида маълум бўлдики, оқланган шахслар устидан қўзғатилган жиноий ишлар аксарият ҳолатларда дастлабки терговда берилган оғзаки кўрсатма, мутлақо асоссиз айбларга асосланган.

Масалан, жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг 2015 йил 3 августдаги ҳукмига кўра, 2006-2009 йилларда шу вилоят ­прокурори лавозимида ишлаган Дилмурод Абдураҳмонов вилоят ­прокуратураси бўлим бошлиғи ­Ш.Сафаровнинг камчиликларини яшириш учун 2007-2008 йилларда 2000 АҚШ долла­ридан пора олганликда ва 2009 йил­да Олтинсой туман прокурори ­Ш.Мавлоновдан ҳимоясига олиш эвазига 600 АҚШ долларини олганликда айбдор деб топилиб, Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «б» банди билан жазога тортилган.

Бу жиноят иши Олий судда ўрганиб чиқилганда, Д.Абдураҳ­моновга қўйилган айблов Ш.Сафаров ва Ш.Мавлоновнинг фақат терговдаги кўрсатмаларига асослангани, бундан бошқа аниқ далил-ашё йўқлиги маълум бўлди. Энг ачинарлиси, улар Д.Абдураҳмоновга пора берганликлари ҳақидаги туҳматдан иборат кўрсатмани МХХ ходимларининг қийноқ ва тазйиқлари натижасида беришга мажбур бўлишганини билдиришган.

Мазкур жиноят иши бўйича Олий суд раиси ўринбосари томонидан келтирилган протест жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида 2018 йил 30 мартда кўриб чиқилди. Д.Абдураҳмоновнинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмагани сабабли жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг 2015 йил 3 августдаги ҳукми ва шу суд кассация инстанциясининг 2016 йил 12 январдаги ажрими бекор қилинди. Д.Абдураҳмонов оқланди.

Кўпчилик яхши билади, ўша йиллари кимнингдир «бундан 5-6 йил олдин фалончага пора бергандим», деган бир оғиз кўрсатмаси бегуноҳ одамни қамоққа олишга кифоя эди. Бу ишлар одатда буюртма билан қилинарди.

Масалан, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2012 йил 18 декабрдаги ҳукмига кўра, ИИБ Реабилитация маркази бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган Даврон Пирматов Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилган.

Аслида воқеа бундай бўлган: 2012 йил 2 апрель куни Тошкент вилоят МХХ ва ИИБ бошқармалари ходимлари томонидан унинг уйида ўтказилган тинтувда 1,460 грамм «опий» гиёҳвандлик воситаси топилган. Д.Пирматов дастлабки тергов ва судда бу айбга иқрор бўлмаган, узоқ йиллардан буён ички ишлар тизимида фаолият юритиши, гиёҳвандлик воситасини умуман истеъмол қилмаслигини айтиб, ўзига нисбатан асоссиз айб қўйилганини баён қилган. Афсуски, суд бу ҳақиқатни тан олмаган.

Д.Пирматовнинг уйида ўтказилган тинтув баённомасида кўрсатил­ган­ ­холислар Т.Махаматов ва ­С.Сулаймонова кассация инстан­ция­сида сўроқ қилинганда, ишониш қийин бўлган ҳолат аниқланган. ­С.Сулаймонова судланган Д.Пирматовнинг онаси, Т.Махаматов эса қайноғаси экан. Аммо улар ­дастлабки терговга ҳам, судга ҳам чақирилмаган.

Жиноят-процессуал кодексининг 73-моддасига кўра, терговда ҳаракатларида ишнинг оқибатидан манфаатдор бўлмаган холислар қатнашиши белгилаб қўйилган. Шу боис кассация инстанцияси тинтув ўтказиш ҳақидаги баённомани ва биринчи инстанция судининг уни далил деб топган хулосасини асоссиз, деб топди.

Бу мисоллардан кўриниб туриб­ди­ки, мамлакатимиз судларида инсон тақдирига масъулият билан ёндошиш бошланяпти. Судлар мус­тақил қарор чиқаришга ўрганмоқда. Бу борадаги ишларни жиддий кучайтириши керак бўлади, албатта.

Бир иморат нотўғри қурилса, уни бузиб қайта қуриш мумкин. Кўп нарса йўқотилмайди. Бир боғ қуриб кетса, бошқатдан кўчат экиш мумкин. Лекин бир инсон ноҳақ қамалса, унинг ўтган умрини ҳеч ким қайтариб беролмайди, қалбидаги жароҳатни ҳам даволаб бўлмайди. Инсонни ноҳақ қамоққа ташлаш энг оғир жиноят ва гуноҳи азим, деб баҳоланмоғи керак аслида.

Бугун Олий суд жамоасига осон бўлмаяпти. Йиллар давомида йўл қўйилган қонунсизликларга барҳам бериб, адолатни тиклаш учун мустаҳкам ирода, сабр-тоқат ва бурчга садоқат талаб этилади, албатта. Ҳар бир суд идораси адолат қўрғони ҳисобланади. Олий суд эса ўз номи билан Олий суд. Ундан юқори суд йўқ. Олий судда нохолислик, лоқайдликка йўл қўйилса, айбсиз одамларнинг шўри қурийди, кечириб бўлмас адолатсизликлар юз беради. Шунинг учун ҳам Олий суд — адолат қўрғони, бош қўрғон, шоҳ қўрғон. Хатога йўл қўйишга унинг ҳаққи йўқ. Бу — бугунги ҳаёт талаби, Президент талаби.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.