Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
17.04.2018

ЎРИН КАМ, НАВБАТ КЎП

Ҳудудий соғломлаштириш марказларининг фаолиятини кенгайтириш ногиронлиги бўлган шахсларни фаол ҳаётга қайтаришга хизмат қилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон ХДП фракцияси билан ҳамкорлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси раҳбарининг эшитуви ташкил этилди. Инспекция раҳбари Умарали Назарматов қонун ҳужжатларига мувофиқ ногиронликни белгилаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар тўғрисида ахборот берди.

Шунингдек, қўмита томонидан назорат-таҳлил тартибида Қашқадарё вилоятида ўтказилган ўрганиш якунлари атрофлича муҳокама қилинди.

Бугунги кунда Республикамизда 107 тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолият юритмоқда. «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга кўра, тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари 16 ёшдан юқори бўлган шахсларнинг ногиронлик гуруҳи, сабаби, муддати ва касбий меҳнат лаёқати йўқотилиши даражаси ҳамда реабилитация чора-тадбирларини белгилашда қатнашади. Шунингдек, унинг ижросини назорат қилади.

Республика тиббий-ижтимоий экс­пертиза инспекцияси эса ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирларини белгилаш ҳамда уларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурларини ишлаб чиқади. Ногиронликнинг ҳолати, ўзгариши ва унга сабаб бўлган омилларни тизимли таҳлил қилиш, ногиронликнинг олдини олиш вазифаларини амалга оширади.

Парламентга тақдим этилган маълумотларга кўра, тиббий-ижтимоий экс­пертиза инспекцияси томонидан 2017 йилда 47 минг нафардан ортиқ фуқарога бирламчи ногиронлик белгиланган (2016 йилга нисбатан 17,1 минг нафарга кўп). Қашқадарё вилоятида эса бу кўрсаткич 4200 га яқин (2016 йилда 2510 нафар).

Ногиронлиги белгиланган шахслар орасида касалликлар бўйича ўтказилган таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, қон айланиш тизимида 15.3, ­хавфли ўсмалар 12.7, руҳий беморлар 11.7, асаб тизими бузилишлари 9.7, жароҳатлар 7.7, суяк-мушак тизими хасталиклари 7.8, кўз касалликлари 6.6 фоизни ҳамда бошқалар 28.6 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, ҳудудий ТМЭК томонидан 18.4 минг фуқаро реабилитация марказларига юборилиб, 10.3 фоизининг соғлиғи яхшиланган. 187 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахсларга якка тартибдаги дас­турлар тузилиб, уларнинг соғлиғини яхшилаш ва меҳнат лаёқатини тиклаш ишлари олиб борилган. 19.2 мингга яқин жисмоний имкония­ти чекланган шахсларга реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедик маҳсулотларни олиш юзасидан тегишли хулосалар берилган.

Ногиронликни аниқлаш учун тиббий-ижтимоий экс­пертиза ўтказиш, протез-­ортопедия ва реабилитация техника воситалари билан таъминлаш масалаларида тиббий-маслаҳат комиссиялари ҳамда тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятида айрим муаммо ва камчиликлар мавжудлиги алоҳида қайд этилди.

— Ҳудудларга бориб, аҳоли вакиллари билан учрашганимизда улардан турли таклифлар, мурожаатлар бўлмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Нўъмон Акбаров. — Соғ­лиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан, жойларда патронаж хизмати кўрсатишда камчиликлар ҳамон учрамоқда. Ҳамширалар уйма-уй юриб, беморлар, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар, кекса кишилар ҳолидан хабар олиш билан бирга, уларнинг ҳолатини текшириш вазифасини ҳам бажариши кўзда тутилган. Лекин бунинг учун зарур тиббиёт анжомларининг етарли эмаслиги оқибатида оғзаки ҳол-аҳвол сўраш билан чекланиб қолинмоқда.Фракциямиз аъзолари мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш керак, деб ҳисоблайди. Чунки касалликнинг олдини олиш ва уни даволаш учун аниқ тиббий хулоса зарур. Бунда патронаж ҳамширалар хизмати самарали бўлиши керак.

Шу билан бирга, айрим шаҳар, туманлардаги тиббий меҳнат экспертизаси комиссиялари бинолари аянчли аҳволда. Уларни таъмирлаш, бугунги кун талабларига мос равишда фаолият юритиш учун шароит яратиш иш унумдорлиги ва сифатига таъсир қилади.

— Соғлиқни сақлаш тизимидаги чора-тадбирлар ногиронликнинг олдини олишга ҳам бевосита хизмат қилиши керак, деб ўйлайман, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат ­Турсунбоев. — Маълумки, ҳар 6 ой ёки бир йилда бир марта ногиронлиги бўлган шахсларни 10 кун муддатда соғломлаштириш тартиби ­жорий этилган. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, 10 кун бир инсоннинг даволаниши ёки соғлиғида ижобий ўзгариш юз бериши учун етарли вақт эмас. Соғломлаштириш муддати узайтирилса, 2-гуруҳ ногирони бўлган шахсларни фаол ҳаётга қайтариш, ногиронликдан чиқариш имкони ортади.

Фракциямиз фикрича, аввало соғ­ломлаштириш масканларини кўпайтириш, уларнинг ишлаш қувватини ошириш керак. Айтайлик, 100 ўринлик соғломлаштириш марказларига минглаб навбат кутувчилар рўйхати тузилади. Бу аҳолига қийинчиликлар туғдириши табиий, албатта. Ногиронликдан чиқариш чораларини кўриш долзарб масала ҳи­собланади.

Шу билан бирга, йиғилишда тиббий-маслаҳат комиссиялари ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам муҳокама қилинди.

Ногиронликни аниқлаш тизимини соддалаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш муҳим вазифа экани таъкидланди. Сарсонгарчиликларнинг олдини олиш, мутахассислар малакасини ошириш билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Эшитув якунига кўра қўмита қарори қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.