12.04.2018

РЕКРУТИНГ: Парламентда бандликни таъминлаш билан боғлиқ муҳим қонун лойиҳаси муҳокама этилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. «Рекрутинг фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича қизғин баҳс-мунозара бўлди.

Аввало рекрутинг ўзи нима, деган саволга жавоб беришимиз лозим. Маълумки, мамлакатимизда фуқаролар бандлигини таъминлаш ишлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, яъни фақат давлат ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Янги қонун лойиҳаси одамларни ишга жойлаштириш учун хусусий ташкилотларга ҳам ваколат бериш билан боғлиқ масалаларни назарда тутади. Айтиш керакки, бундай қонун лойиҳаси мамлакатимиз қонунчилик амалиётида биринчи марта ишлаб чиқилди. У бозор шароитларига мувофиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жорий этиш, бандликка кўмаклашиш бўйича хизматлар бозорида рақобатбардош муҳитни яратиш ҳамда ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш мақсадида тайёрланди.

Гап шундаки, ҳозирга қадар хусусий ташкилотларнинг фуқароларни юртимиз ва чет элда ишга жойлаштириш билан боғлиқ фаолияти ҳуқуқий тартибга солинмаган эди. Дунё амалиётида бандлик соҳасида хизматлар кўрсатувчи хусусий бандлик, яъни рекрутинг агентликлари давлатдан мустақил равишда иш берувчиларга ва иш қидираётганларга хизмат кўрсатади. Маълумотларга кўра, рекрутинг компаниялари ҳар йили бутун жаҳонда 8-10 миллион кишининг бандлигини таъминлайди.

— Қонун лойиҳасида давлат хизмати ҳамда хусусий сектор томонидан бандликка кўмаклашиш механизмларини тартибга солиш масаласи инобатга олинган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев. — Унда рек­рутинг агентликлари, иш қидираётган шахс­ларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини аниқлаштирувчи меъёрлар ҳам алоҳида ифода этилган. Рекрутинг фаолияти тадбиркорлик билан боғлиқ бўлиб, юридик мақомга эгадир. У иш қидираётган шахслар бандлигини таъминлаш, иш берувчилар учун кадрлар танлаш билан боғлиқ хизматларни шартнома асосида амалга оширади. Рекрутинг агентлиги юртимиз қонунчилигига мувофиқ рўйхатдан ўтган тижорат ташкилоти ҳисобланади.

Бундай агентликлар иш қидираётган шахсларга мамлакатимиз ҳудудида мос келадиган фаолият турини ахтариб топишга ёрдам беради. Шунингдек, иш берувчилар учун кадрлар танлаш, чет элда иш ахтараётган шахслар бандлигини таъминлаш, меҳнат бозорида ахборот ва маслаҳат хизматларини ҳам кўрсатади.

— Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда халқаро стандартлар ҳамда рекрутинг фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича хориж тажрибаси инобатга олинган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Алия Юнусова. — Қонуннинг қабул қилиниши катта қулайлик яратади. Аҳолини нафақат юртимизда, балки хорижда иш билан таъминлаш имкониятлари кескин ошади. Лойиҳада иш қидираётган шахсларни чет элда ишга жойлаштириш бўйича рекрутинг агентликлари фаолиятини тартиблаштирувчи меъёрлар алоҳида келтириб ўтилган.

Хусусан, хориж мамлакатларида меҳнат бозорини ўрганиш, иш берувчиларни ахтариб топиш ва олдиндан танловдан ўтган кишиларни иш билан таъминлаш бўйича шартномалар тузиш назарда тутилган. Чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш масаласи ҳам эътиборга олинган. Рекрутинг ташкилотлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида ишлайди. Ушбу вазирлик ваколатли давлат органи ҳисобланиб, унга рекрутинг агентликлари ­реестрини юритиш, қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш, лицензия бериш ва қайта расмийлаштириш ваколатлари белгиланмоқда.

Шунингдек, йиғилишда Қонунчилик палатасининг «Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг номини ўзгартириш тўғрисида»ги масала ҳам кўриб чиқилди. Мазкур қўмитани Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси, деб ўзгартириш ҳақидаги таклиф қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган қонун лойиҳалари ва бошқа масалалар бўйича фракция ўз позициясини белгилаб олди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.