03.04.2018

ЎЗБЕКИСТОНДА 20 ГА ЯҚИН СОЛИҚ ТУРИ БОР, РИВОЖЛАНГАН МАМЛАКАТЛАРДА ЭСА БОР-ЙЎҒИ 6-7 ТА...

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агент­лиги мамлакатимиз солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

«Ўзэкспомарказ»да бўлиб ўтган лойиҳа тақдимотида солиқ соҳаси экспертлари, ишбилармонлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, халқаро молиявий институтлар ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

— Барчамиз солиқ тўловчилармиз. Шунга биноан, бугунги муҳокама бевосита барчамизга тегишли бўлади. Ҳар биримизнинг ойлик маошларимиздан ушлаб қолинаётган, тадбиркорларнинг даромадларидан олинаётган солиқ пуллари нимага сарф­ланаётганини билишга ҳа­ққимиз бор, — дейди ­Ўз­бекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори ўринбосари Гўзал Исломова. — Солиқ концепциясининг негизида мамлакат рақобатбардошлигини кўтариш ётибди. Глобаллашув жараёнида ҳар бир давлат меҳнат ва иқтисодий захиралар учун курашмоқда. Ўзбекистон катта захирага, улкан табиий бойликлар ва инсон ресурсларига эга бўлишига қарамай, мамлакатимизнинг глобал сармоя бозорида рақобатбардошлиги ҳақида сўз кетганда, маълум бўладики, инвесторларга бизнинг мамлакатимизга келиш қизиқ эмас. Улар бизга пул тикишни хоҳламаяпти. Нима учун? Биз солиқ концепция­сини ишлаб чиқишда айни шу саволга жавоб топишга уриниб кўрдик.

Муҳокама давомида солиққа тортишнинг амалдаги усуллари ва келиб чиқаётган муаммолар, бугунги замон талаблари, илғор ғоя­лар, мақсад ва вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимиздаги солиқ тизими ва маъмурчилиги бозор иқтисодиёти тамойилларига жавоб бермайди.

Айниқса, бизнес соҳасида катта солиқ юки сақланиб қоляпти. Солиқларнинг кўплиги, солиққа тортиш тартиб-таомилларининг мураккаблиги иқтисодий ўсишга рақобатбардошлик ривожига монелик қилмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, ҳозир мамлакатимизда 19 турдаги солиқлар амал қилади, кўпдан-кўп ривожланган давлатларда эса бу кўрсаткич атиги 6-7 тани ташкил этади.

Ҳозир кичик бизнес субъектларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотига қўшаётган ҳиссаси 50 фоиздан ортиқ, бироқ унинг солиқ тушумидаги улуши 7 фоиздан бир оз кўп, холос. Солиқнинг юқори даражаси ва қўшимча қиймат солиғини (ҚҚС) ундириш тизими солиқ тўловчиларнинг айланма маблағлари тортилишига, истеъмол маҳсулотлари нархларининг қимматлашишига олиб келиб, йирик ва кичик бизнес ўртасида кооперациянинг ўсиш суръатига тўсқинлик қилмоқда...

Ўзбекистонда ишга яроқли аҳоли сони ўн уч миллиондан кўпроқ. Маълумотларга кўра, уларнинг 5,7 миллион нафари иш билан банд ва даромад солиғи тўлайди.

Шуни ҳам айтиш керакки, савдо ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш корхоналари текширилганда, ходимлар сони камайтириб кўрсатилиши каби ҳоллар ойдинлашган. Яъни, 20 та ходим солиқ тўлаб ишлаётган бўлса, 60-80 нафари норасмий тарзда ишлаб, солиқдан яширилган.

— Биз бу масалада тадбиркорларни айблашга ҳақли эмасмиз, — дейди Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Мусаев. — Нимага десангиз, ташкилот раҳбари қўл остида ишлаётган ходимга маош бериш учун тўланадиган солиқ, ҳамма ижтимоий тўловлар билан қўшиб ҳисоблаганда, 55 фоиздан ошади. Акса­рият инвесторлар Ўзбекистонда солиқ қонунчилиги соғлом рақобатни, очиқ-ошкораликни, солиқ юкининг мақбул миқдорини ва инвесторлар ҳуқуқини ҳимоялашни таъминлай олмаяпти, деган фикрда.

Янги ишлаб чиқилган Концепция лойиҳасида со­лиқ қонунчилигини соддалаштириш, меъёрий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликларни бартараф этиш, солиқ тўловчилар манфаатини ҳимоя қилиш, тадбиркорларга солиқ босимини енгиллаштириш, катта ва кичик корхоналар орасида солиқ миқдоридаги тафовутга бар­ҳам бериш каби давр талабига ҳамоҳанг ёндашувлар илгари сурилган.

Тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида шахсий солиқ ва божхона имтиёзларини бериш қатъиян тақиқланиши режалаштирил­япти. Солиқ ҳисоботлари соддалаштирилади, шунинг­дек, қўшимча қиймат солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилади. Лекин, шу билан бирга, айланма маблағ ­миқдори 1 млрд сўмдан кўп бўлган барча солиқ тўловчи уни тўлаши лозим бўлади.

Жисмоний шахслар даромад солиғи, фуқароларнинг ягона ижтимоий тўловлар ва суғурта бадалларини Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига солиққа тортиш 25 фоизли текис шкаладаги ставка бўйича якка тартибдаги жисмоний шахс­лар даромад солиғи сифатида бирхиллаштириш кўзда тутиляпти.

Шунингдек, юридик шахс­ларнинг мулк солиғи бўйича солиқ юки босқичма-бос­қич камайтирилади.

Бир сўз билан айтганда, Концепция лойиҳасида солиқ тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва ислоҳ қилишга оид таклифлар ўрин олган.

Ушбу лойиҳа тўрт қисмдан иборат бўлиб, жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича уни янада такомиллаштириш кутилмоқда.

 

Бардамбек САЪДУЛЛАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.