03.04.2018

МУРОЖААТЛАРГА БЕПИСАНД МУНОСАБАТ ВА БАЖАРИЛМАГАН ДАСТУРЛАР

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар шаҳар ва туманларда бўлиб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказаётгани ислоҳотлар самарадорлигини янада оширмоқда. Бу механизм халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, турли муаммолар жойида бартараф этилишига хизмат қилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Ҳотамжон ­Кетмонов раҳбарлигидаги парламент вакилларидан иборат ишчи гуруҳ бу гал Наманган вилоятининг ­Наманган туманида бўлди.

Ўрганилган масалалар халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида муҳокама қилинди.

Сессия иштирокчилари даставвал аниқланган камчилик ва муаммолар ҳақидаги ахборот билан танишди. Бу ҳақда Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев маъруза қилди.

Таъкидланганидек, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мавжуд дастур ва меъёрий ҳужжатлар асосида муайян ишлар амалга оширилган. Бироқ йўл қўйилаётган камчиликлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Туманда 168 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, 53 маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. 870 хонадонда, 71 ижтимоий соҳа объектларида ўтказилган ўрганишлар давомида 27 йўналишда 1210 та муаммоли масала аниқланди. Ҳудудни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмушини яхшилашга хизмат қилувчи 610 масала жойида ҳал этилди. 600 га яқин масала туман ҳокимлиги орқали тегишли мутасадди ташкилотларга ижро учун юборилиб, назоратга олинди. Бир қатор масалалар ечими вилоят ташкилотларининг аралашуви билан ҳал этилди. Республика даражасида ҳал этиладиган 8 йирик муаммони парламент назоратининг турли шакллари орқали бартараф этиш режалари белгилаб олинди.

Аниқланган масалаларнинг аксарияти уй-жой, коммунал ва транспорт хизмати ҳамда йўл қурилиши билан боғлиқ. Таълим, соғлиқни сақлаш, пул-кредит масалаларида ҳам ечимини кутаётган муаммолар бор.

Туманда 21 кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, 6 хусусий уй-жой мулк­дорлар ширкати тузилган. Режага кўра, 2017 йилда кўп қаватли уйларнинг том қисмини (3536 м.кв.) мукаммал таъмирлаш ва уч уй олдида болалар майдончасини қуриш назарда тутилган. Аммо бу ишлар амалга ошмаган. Уй эгаларининг тўловлари ҳам 50 фоизни ташкил қилади.

«Деҳқонобод» МФЙ ҳудудида жойлашган тўрт қаватли уйда канализация яхши ишламаслиги сабабли, ертўлани сув босиб кетган, фуқароларнинг мутасадди раҳбарларга мурожаатлари эътиборсиз қолдирилган.

Туман ободонлаштириш бош­қармаси томонидан 2016 йилдан ҳозирги кунга қадар 6200 туп манзарали дарахт кўчатлари экилган бўлса-да, ушбу дарахтларни парваришлаш бўйича етарли даражада иш олиб борилмаган. Шу билан биргаликда, ободонлаштириш ишлари самарали ташкил этилмаганлиги сабабли, марказий кўчаларнинг тозалиги қониқарсиз аҳволда.

«Тоза ҳудуд» ДУКнинг Наманган туман филиали томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, тумандаги 53 та МФЙдан 25 таси, юридик шахсларнинг 15 фоизи хизмат билан қамраб олинган. Сўнгги 8 ойда аҳолига кўрсатилган хизмат учун туширилган маблағни туман аҳолисига нисбатан олинса, қамров даражаси 0,35 фоизни ташкил этади. «Оқбулоқ» МФЙ ҳудудидан ўтган Косонсой қир­ғоқларида, «Бешкапа» МФЙ, «Бўстон» МФЙ ҳудудларида ноқонуний чиқиндихоналар пайдо бўлгани ачинарли. Бу каби ҳолатлар натижасида туманда ўткир ичак касалликлари ва ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш олдинги йилга нисбатан икки баробарга ортган.

Туман ҳудудида умумий фойдаланишда бўлган давлат аҳамия­тидаги автомобиль йўлларининг 16,5 км. қисми, маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларининг 87,5 км. қисми таъмирга муҳтожлиги сессияда танқид қилиниб, мутасаддилардан масъулият сўралди ва масалани ҳал этиш чоралари белгиланди.

Меҳнат ва аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи марказ томонидан рўйхатга олинган 3172 нафар ишсиз фуқаронинг 433 нафари иш билан таъминланган холос.

 2018 йил 1 март ҳолатига туманда рўйхатдан ўтган жами 1652 та тадбиркорлик субъектининг 664 таси ёки 40,1 фоизи турли сабабларга кўра фаолият кўрсатмаяпти. «Mo’jiza shirinligi» МЧЖ 2017 йилда рўйхатдан ўтган. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун «Халқ банки» туман филиалидан кредит олиб, туман ҳокимлигига жой ажратиб бериш ҳақида мурожаат қилган. Ер ажратилмагани боис, ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.

1057 якка тартибдаги тадбиркорларнинг 355 таси турли сабабларга кўра фаолиятини вақтинча тўхтатган. Туманда зарар кўриб ишлаётган субъектлар 217 тани ташкил этмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб икки баробар кўпдир.

Туманда Наманган вилоятини 2016-2018 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг ижроси ҳам қониқарсиз. Саноат соҳасини ривожлантириш йўналишида 597 ўрнига 397 иш ўрни яратилган. «Namangan evro qurilish ta‘mir servis» хусусий корхонаси 50 ўрнига 25 та, «Лочинбек Азизбек текистиль сервис» МЧЖ томонидан 30 ўрнига 20 та иш ўрни яратилган холос. «Асадбек ғишт саноати» МЧЖ томонидан 10, «Нав­баҳор наврўз нонлари» хусусий корхонаси томонидан 10 иш ўрни яратиш режалари қоғозда қолиб кетган.

 Ишчи гуруҳ туманда аввал давлат тасарруфида бўлиб, хусусийлаштирилган 4 объект ҳозирда фаолият кўрсатмаётганига гувоҳ бўлди. Тадбиркорларнинг ер ажратиб бериш тўғрисидаги мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилмайди. Мирзаҳамид Раҳимов, Ғанишер Кенжаевларнинг аризалари туман ҳокимининг иш столида икки ойлаб қолиб кетган.

Ҳоким ўринбосари Ҳ.Ўринов ҳамда туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Б.Қўчқоровлар фуқароларнинг мурожаатларига беписанд муносабатда бўлишган.

Банклар иш ҳақи учун ресурслар етишмаслигини рўкач қилиб, етарли маблағ ажратмаётганидан фермер хўжаликлари ишчилари ғоят норози. Хизмат ҳақини ўз вақтида ололмаслик, техникадан қарздорлик, эҳтиёт қисмлар сотиб олишга маблағ етишмаслиги каби муаммолар ҳам банк хизматларининг сифатсизлигидан юзага келган.

Таълим тизимидаги янгиланишларга ҳам туманда эътибор етарли эмас. Жумладан, туманда 25 мактабгача таълим муассасаси, 34 мактаб, 8 касб-ҳунар коллежи, шунингдек, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, «Баркамол авлод» маркази, болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолият кўрсатмоқда.

Мактабгача таълим муассасаларининг умумий қуввати 3790 ўринни ташкил этади. 13 минг 341 нафар 3-7 ёшли болаларнинг 3987 нафари, яъни 29,9 фоизигина мактабгача таълимга жалб этилган. «Элатан», «Кайковус», «Курмак», «Равнақ», «Тўсар» маҳалла фуқоролар йиғинлари ҳудудларида мактабгача таълим муассасалари мавжуд эмас. Болалар боғчаларининг 12 тасида электр тизимлари яроқсиз ҳолатда.

7-сонли болалар боғчаси эса салкам 2 йилдан буён вақтинча қишлоқ шифохонасида мутлақо ноқулай шароитда ­фаолият кўрсатиб келмоқда.

Сессияда тумандаги бошқа камчиликлар ва уларнинг сабаблари, муаммоларни ҳал қилиш масаласи атрофлича кўриб чиқилди.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.