29.03.2018

УЗУН ТУМАНИ: МУАММО КЎП, ДЕПУТАТЛАР НЕГА ЖИМ?..

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев Узун туманида бўлиб, аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказди, муаммоларни ўрганди. Учрашувлар давомида 50 га яқин мурожаат ҳал этилган. Қолганлари бўйича назорат ўрнатилиб, таҳлил олиб борилмоқда.

Туманда ютуқлар билан бирга, ечимини кутаётган масалалар ҳам оз эмас, — дейди депутат Турсунпўлат Норбоев. — Масалан, биргина мактабгача таълим тизимида қатор вазифалар ижросини кутиб турибди. Ҳудуддаги 22 мактабгача таълим муассасасидан 20 таси фаолият юритяпти. Уларнинг 7 таси мослаштирилган биноларда жойлашган. 9 муассаса ичимлик суви билан таъминланмаган. Аксариятининг моддий-техника базаси талабга жавоб бермайди. Айримларида ошхона жиҳозлари етишмайди, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шароити яхши эмас.

Фаолият юритаётган мактабгача таълим муассасаларининг умумий қуввати 2215 ўринли бўлиб, 2255 нафар бола тарбияланмоқда. Аслида ҳудудда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар сони 14137 нафарни ташкил этади. Демак, болаларнинг 16 фоизи боғчаларга қамраб олинган.

Таҳлилларга кўра, тумандаги мактабгача таълим ёшидаги болаларни тўлиқ қамраб олиш учун 40 га яқин боғчага эҳтиёж бор.

Умумий ўрта таълим, аҳоли бандлиги ва коммунал соҳалардаги муаммолар ҳам изчил чоралар кўришни талаб қилади. Хусусан, туман банд­ликка кўмаклашиш маркази ва секторлар ўртасида маълумот алмашиш тизимли равишда ташкил қилинмаган. Иш билан таъминланмаган коллеж битирувчилари, жазодан озод қилинган шахслар ва қуролли кучлардан захирага бўшатилган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорликда иш олиб борилмаган. Бандлик дастури амалда ташкил этилган иш ўринлари билан мувофиқлаштириб борилмаган.

Хўш, бу камчилик ва муаммоларга халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари қандай муносабатда бўлган, деган табиий савол туғилади.

Туман Кенгашидаги доимий комиссиялар томонидан ўтган йил давомида қатор масалалар сессияга киритилган. Лекин аксарият ҳолларда белгиланган тартибга риоя этилмаган. Сессияга киритилаётган масала чуқур ўрганилмаган. Ачинарлиси, сессия қарорлари ижроси бўйича мониторинг юритилмаган. Яна ўша гап: ишлар қоғоз тўлдириш, ҳисобот ёзиш учун олиб борилган.

Депутатлик сўрови институтидан ҳам самарали фойдаланилмаган. Депутатлик сўрови чиқарилган бўлса-да, уларнинг ижроси эътибордан четда қолиб кетган. Давлат идораларининг мансабдор шахсларига юборилган сўровларга қонунчиликда белгиланган муддатларда жавоб берилмаган.

Бунга сабаб депутатларнинг ўзида масъулият, талабчанлик етишмайди. Айрим партия гуруҳимиз аъзолари кўп ҳолларда сессияларда иштирок этмайди. Ҳатто 3 йил давомида бирор марта ҳам депутатлик сўровини юбормаганлар, сессия муҳокамасига масала киритиш ташаббуси билан чиқмаганлар ҳам бор. Савол туғилади: сайлов ўтганидан буён депутатлар нима билан банд? Улар қандай қилиб депутат бўлган эдинг, деган саволга эртага нима деб жавоб беради?..



Зилола АНВАРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.