29.03.2018

ТИНЧЛИК, ҲАМКОРЛИК, ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ ЯНГИ ТАШАББУСЛАР

26-27 март кунлари пойтахтимизда «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ўтказилди. Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари, йирик халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида бўлиб ўтган анжуманда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, таълим ва илмий соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтказилган олий даражадаги халқаро конференция дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта қизиқиш билан кузатилди. Сиёсатшунослар, халқаро экспертлар, олимлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ушбу халқаро конференциянинг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.



Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Афғонистоннинг 40 йиллик тарихи мамлакатдаги муаммоларни қурол билан бартараф этиш мумкин эмаслигини тасдиқлаб турибди. Шунинг учун бугун мамлакатнинг марказий ҳукумати ва қуролли мухолифатнинг асосий кучлари, биринчи навбатда, «Толибон» ҳаракати ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқотни бошлаш ғоятда муҳимдир.

Шу билан бирга, мамлакатда тинчлик жараёнини таъминлаш учун Афғонистон халқи ўзи ташаббус кўрсатиши, музокаралар қандай форматда, қачон ва қаерда олиб борилиши бўйича танлаш имкониятидан самарали фойдаланиши лозим.

Афғонистоннинг келажагини белгилашда унда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро ўзининг фикрини эркин баён этиш ҳуқуқидан фойдаланиши керак. Бу ҳуқуқ эса мамлакатда ўтказилиши кутилаётган парламент ва президентлик сайловларидаги фаол иштироки давомида амалга оширилиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари халқ­аро конференциядаги нутқида ушбу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиб, «Бу борада парламент ва президентлик сайловларигача бўлган давр­да афғонлар ўртасида ўзаро мулоқотни бошлаш ва шу тариқа жамиятнинг барча қатламлари, жумладан, мухолифатдаги кучлар ҳам янги Афғонистон давлатини қуришда тўлақонли иштирок этиш учун кенг имкониятлар яратиш ғоят муҳимдир», деб таъкидлади.

Шунингдек, Афғонистон ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида музокараларни бошлаш механизми ҳамда миллий келишув жараёнига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак бериш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди.

Уруш, муҳтожлик ва қийинчиликлардан чарчаган одамлар ўзаро низоларга чек қўйилишини чин дилдан истайди. Афғонистонликларда ўз Ватанини тараққиёт ва фаровонликка олиб борадиган бунёдкор меҳнатга интилиш иштиёқи кучли эканига шубҳа йўқ. Ҳар бир ота-она, ҳар бир халқ сингари афғон қўшниларимиз ҳам ўз фарзандларини бировдан кам қилмай тарбиялашга, уларнинг бахтиёр кунларини кўришга ҳақли. Орзу қилиш, юксак марраларга интилиш, эркин яшаш, янги, тинч ҳаётни барпо этиш учун уларда куч-ғайрат ҳам, матонат ҳам етарли, деб ҳисоблайман.



Баҳром ОБИДЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бугунги кунда дунёни ташвишга солаётган терроризм балосини жиловлаш жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг долзарб муаммога айланди. Сўнгги ўн йиллик давомида Ироқ ва Сурияда бўлиб ўтган қонли тўқнашувлар, дунёнинг бошқа ҳудудларида бот-бот такрорланаётган терактлар терроризмга қарши янада якдил, янада ҳамжиҳатлик билан курашиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Ён қўшнимиз, жафокаш афғон хал­қи ҳам қарийб 40 йилдан буён ҳаловат ва осойишта ҳаётдан бебаҳра яшамоқда. Мамлакатда турли гуруҳлар ўртасида юз бераётган қарама-қаршиликлар аҳолига, юрт тараққиётига, иқтисодиётига жиддий хавф солаётгани аччиқ ҳақиқатдир. Афғон диёрида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш дунё ҳамжамиятидан ўзаро ҳамжиҳатлик ва мустаҳкам ҳамкорликни талаб этади. Шунинг учун олий даражадаги Тошкент халқаро конференциясининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Афғонистон Евроосиё минтақасидаги ноёб стратегик ва трансчегаравий имкониятларга эга мамлакат ҳисобланади. У Марказий Осиё давлатларига Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига энг қисқа йўл орқали чиқиш, Ҳиндистон, Эрон ва Покистонни Европа ва бошқа минтақалар билан боғлаш имконини беради. Узоқ йиллардан бери давом этаётган беқарор вазият ушбу имкониятларга, халқаро ҳамкорлик масалаларига ғов бўлиб келмоқда. Шу боис афғон диёрида тинчлик ўрнатилиши минтақадаги осойишталик ва тараққиёт билан чамбарчас боғлиқдир.

Шу маънода анжуманда мамлакатимиз Афғонистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада фаоллаштириш ҳамда ушбу мамлакатда тез фурсатда тинчлик, барқарорлик ўрнатилиши, унинг иқтисодий ва транспорт инфратузилмаси тикланишига кўмаклашиш тарафдори экани билдирилди.

Бу нуфузли форумда афғон муаммосини ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди. Унда иштирок этган давлат ва халқаро ташкилотлар вакилларининг фикр-мулоҳазалари ўзаро мос келди. Музокаралар давомида билдирилган таклифлар асосида Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Афғонистонда давом этаётган нотинчлик, йиллар мобайнида давом этаётган зиддиятлардан халқ зарар кўрмоқда, жабр чекмоқда. Мамлакатнинг бузғунчи кучлар томонидан эгалланган ҳудудларида вазият ўнгланиши нафақат минтақа, балки бутун дунё учун муҳим аҳамиятга эгалигини бугун ҳамма англаб етмоқда. ­Афғон ўлкасини «уруш олови»дан ҳимоя қилишнинг ягона ва энг тўғри ечими ҳам жаҳолатга қарши маърифат билан кураш олиб боришдан иборатдир.



Раимберган САБУРОВ, халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Қўшни Афғонистондаги таҳликали вазият, у ерда турли халқаро террорчи гуруҳларнинг қўним топиши афғон халқининг осуда ҳаёт кечиришига, давлат тараққиётига хавф солиши Ўзбекистон халқини ҳам ташвишлантиради. Шунинг учун Республикамиз Президенти ўз чиқишида ушбу таҳликали вазиятни тинч йўл билан бартараф этишга дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратди. Халқаро конференциядаги нутқ ва чиқишларни мамнуният билан, умид билан тингладим. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича илгари сурилган Ўзбекистоннинг янги ташаббусларини афғон халқи ҳам зўр мамнуният билан маъқуллаганига ишонаман.

Таъкидланганидек, ­Аф­ғонистонда тинчлик ўрнатишнинг ягона йўли – бу ҳеч қандай дастлабки шартларсиз марказий ҳукумат ва ички сиёсий кучлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш лозим.

Музокаралардан кўзланган асосий мақсад эса ­Афғонистон Ислом республикасининг минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашувини таъминлашдан иборат. Конференция иштирокчилари Афғонис­тонда тинчлик ҳукм суриши тарафдори эканини билдирди. Минтақада жуда узоқ кутилган осойишталикка эришилади, деб ўйлайман.

Президентимиз тинчлик сари ҳаракатнинг энг ­асосий шарти, аввало, минтақа ва глобал даражада келишилган, Афғонистон учун ягона кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишдан иборат, деган ғояни илгари сурди. Афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойилларини ишлаб чиқиш, улар бўйича кенг ва қатъий халқ­аро консенсус — муросага келиш борасида фикр билдирилди.

Афғонистондаги вазият ҳукумат ва қуролли мухолифат ўртасида музокараларни бошлаш механизмини ишлаб чиқиш ҳамда миллий келишув жараёнига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак бериш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни тақазо этмоқда. Чунки мамлакатдаги низолар ғоят мураккаб ва қарама-қарши хусусиятга эга бўлиб, уларга турли кучлар жалб этилган. Анжуманда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциясидан келиб чиқиб, кенг қамровли тинчлик жараёнини учта ўзаро боғлиқ даражада амалга ошириш таклиф этилди.

Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар бугунги реал ҳаётдан келиб чиқиб, белгиланаётгани билан аҳамиятли, деб ўйлайман.



Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.