Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
27.03.2018

Нотариал идоралар: ДАВЛАТ БОЖИ УНДИРИШ ТИЗИМИ ШАФФОФ БЎЛИШИ КЕРАК

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Депутатлар «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 338-моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун ло­йиҳасига алоҳида эътибор қаратишди. Нотариал идораларга мурожаат қилувчиларга кўрсатиладиган давлат хизматларини янада соддалаштириш, аҳолининг ҳуқуқи ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ушбу қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати туғилгани таъкидланди.

— Лойиҳа амалиётда юзага келаётган муаммоларни, қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этишга хизмат қилади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Саҳобиддин Арзиқулов. — Яъни, нотариал идораларга мурожаат этувчилар учун юзага келиши мумкин бўлган ортиқча харажатлар ва оворагарчиликларга барҳам бериш кўзда тутилган.

Масалан, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш учун мерос очилган кунда ворислик тартибида ўтаётган бутун мол-мулкнинг қийматидан давлат божи ундирилади. Хусусан, мерос очилгандан сўнг анча вақт ўтиб, мурожаат қилинганда, мерос мулкининг давлат ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонаси томонидан ҳозирги қиймати ҳамда мерос қолдирувчи вафот этган вақтдаги қиймати кўрсатилиши керак. Бу каби тушунмовчиликлар автотранспорт воситалари мерос қолдирилганида ҳам юзага келмоқда.

Фракциямиз фикрича, ушбу йўналишда аниқ ва соддалаштирилган механизм ишлаб чиқилиши керак. Ана шунда нотариуслар томонидан давлат божини ундиришда юзага келаётган қийинчиликларга барҳам берилади. Шунингдек, лойиҳада давлат божларини ундиришда шаффофликни таъминлашга қаратилган ўзгартиришларга янада ойдинлик киритиш лозим. Нотариал идораларга мурожаат қилувчилар учун тушунарсиз бўлган ортиқча ҳисоблаш механизмларини бартараф этиш, ходимлар томонидан коррупцион кўринишдаги ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш ҳам устувор масала, деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун берилаётган таклифлар аниқ ва қатъий тартибни белгилашга хизмат қилиши керак.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берганлик учун қатъий белгиланадиган давлат божи миқдорини ўрнатиш таклиф этилмоқда. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берганлик учун қатъий белгиланадиган давлат божи Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши кўзда тутилмоқда. Фракциямиз бу таклифни қўллаб-қувватлади.

— Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун давлат божи ундиришда аниқ миқдорлар белгиланиши тўғри бўлади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Акмал Умаралиев. — Нотариуслар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларида сайёр қабуллар жараёнида амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлари учун давлат божини икки баравар миқдорда ундириши мантиққа зид ҳолатдир. Шунинг учун бу амалиётга чек қўйиш кўзда тутилган.

Бу орқали сайёр тартибда ўтказилган нотариал ҳаракат учун ундирилаётган давлат божлари миқдорига нисбатан фуқаролар эътирози ва норозиликларига бар­ҳам берилади. Шунингдек, давлат божларини ундиришда шаффофликни таъминлаш, нотариал идораларга мурожаат қилувчилар учун тушунарсиз бўлган ортиқча ҳисоблаш механизмларини бартараф этишга эришилади.

Фракция аъзолари «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси долзарб аҳамият­га эга эканини таъкидлашди. Лойиҳа ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизмини такомиллаштириш, йўловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, тегишли давлат органлари томонидан олиб бориладиган назорат ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

— Қонунда белгиланган тартибда тузиладиган ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси ҳамда йўловчиларни ташиш учун бериладиган лицензия карточкасининг амал қилиш муддати ўзаро мувофиқлашмаган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракция­си аъзоси Аҳад Аҳмедов. — Натижада транспорт воситасининг лицензия карточкаси амал қилиш муддати уч ойдан сўнг тугашига қарамасдан, ташувчи қонун талабларига мувофиқ бир йилга суғурта шартномасини тузишга мажбур бўлмоқда. Шу билан бирга, суғурта полисининг ҳар бир транспорт воситасига берилиши аниқ кўрсатилмаган, яъни ҳар бир транспорт воситасига хос бўлган хусусий (транспорт воситасининг тури, маркаси, модели, рақамли белгиси, ишлаб чиқарувчи завод паспортлари бўйича йўловчи сиғими) маълумотлар ўз аксини топмаган.

Фракциямиз аъзолари ушбу ноаниқликларни бартараф этиш юзасидан пухта ва қулай бўлган механизм ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди. Ана шунда англашилмовчиликларга чек қўйилади. Ҳар бир транспорт воситаси учун суғурта полиси алоҳида расмийлаштирилиши бўйича аниқлаштирувчи талаб киритилиши керак. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини уч ойдан бир йилгача муддатга тузиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шарт­номага киритилган транспорт воситасининг барча маълумотлари тўлиқ кўрсатилган суғурта полисини ҳар бир транспорт воситаси учун алоҳида бериш тартиби жорий этилишини ҳам фракциямиз аъзолари қўл­лаб-қувватлайди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.