15.03.2018

ЯҚИН ҚАРИНДОШЛАР ЎРТАСИДАГИ НИКОҲ КУЛФАТ КЕЛТИРАДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракцияси яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари ва уларнинг олдини олиш масалалари ҳақида давра суҳбати ўтказди.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш, чақалоқлар ва болалар ўлимини камайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, ечимини кутаёттган масалалар ҳам кўп. Хусусан, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар, эрта турмуш оқибатида турли кўнгилсиз ҳолатлар юзага келмоқда. Кўпинча ёши улуғ инсонларнинг истаги билан қариндошлик асосида оила қурилади. Натижада бундай оилаларнинг аксариятида чақалоқлар турли нуқсонлар билан дунёга келаётгани қайд этилди.

Давра суҳбатида ушбу ниҳоятда долзарб масала юзасидан ҳаётий мисоллар асосида таклифлар билдирилди.

 

Абдуғаффор Қирғизбоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бугунги кунда долзарб масалалардан бирига айланган яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларининг олдини олишда тарғибот-ташвиқот ишлари етарли самара бермаяпти. Жойларга чиққанда амин бўлдикки, бу каби никоҳлар айрим ҳудудларда ҳатто кўпайиб кетмоқда. Амма жиянини келин қилган, опаси укаси билан қуда бўлган, оқибат эса ниҳоятда ачинарли.

Масалан, таҳлиллар Чуст туманидаги Олмос қишлоғида болалар ногиронлиги юқори эканини кўрсатди. Қишлоқда кўпчилик қариндошлар қуда-анда экани маълум бўлди. Хоразм вилоятида эса яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар натижасида бундай оилаларда 40 фоиз бола ногиронлик билан туғилган. Уларнинг 29,9 фоизи асаб ва руҳий касалликка чалинган, 12,6 фоизини таянч-ҳаракат тизими хасталиги билан касалланганлар, 21,8 фоизи кўзи ожизлар, 8 фоизини кар-соқовлар, 11,5 фоизини қон касалликлари билан боғлиқ бўлган ногиронлар ташкил этади. Бу — жуда ҳам аянчли ҳолат. Бу — ҳақиқий фожиа.

Маълумки, ЎзХДП аҳолининг эҳ­ти­ё­жманд қатлами, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш, ёш авлод соғлиғини мустаҳкамлаш, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш бўйича самарали чора-тадбирларни қабул қилишга қаратилган изчил сиё­сатни амалга ошириш тарафдори. Фракциямиз шунга асосан Оила кодексида яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чек­ловларни жорий этиш таклифини илгари сурмоқда.

 

Феруза Эшматова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Тиббиётда ҳар қандай қариндошлик никоҳларида туғма ва ирсий касалликларга чалинган болаларнинг туғилиш хавфи сақланиб қолиши аниқ­ланган. Касалликлар нафақат биринчи, балки кейинги авлодларга ҳам таъсир қилиши мумкин.

Оила кодексига кўра, фақатгина тўғридан тўғри ва пастки йўналиш бўйича қариндошлар ўртасида никоҳ тузилишига йўл қўйилмайди. Ёндош қариндошлар оила қуришига монелик белгиланмаган. Кодексда никоҳга кирувчи шахслар ўртасида қариндошлик алоқалари йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти белгиланмаган.

Фракциямиз аъзолари Оила кодексига ёндош қариндошлар ўртасида никоҳга ҳам йўл қўйилмаслигини белгилаб қўйиш таклифини илгари суряпти. Бундан мақсад ҳеч бўлмаганда битта умумий қариндоши бўлганлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш учун ҳуқуқий тўсиқлар яратишдан иборат.

Шунингдек, никоҳга киришни хоҳловчилар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатларнинг йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, илгари никоҳда бўлган шахслар эса, аввалги никоҳ тугатилганлиги ҳақидаги ҳужжатларни ҳам тақдим этиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Мазкур ўзгариш никоҳга киришда қариндошлик алоқалари борлигини яшириш ҳолатларига қонунан чек қўяди.

Фракциямиз фикрича, ўзгартириш­лар қариндошлик никоҳлари натижасида ногирон болалар туғилиши хавфини камайтириш учун қўшимча ҳуқуқий асосларни яратади, соҳанинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишини мустаҳкамлайди.

 

Юлдуз Эшонова, Республика репродуктив саломатлик маркази директори ўринбосари:

— Қариндош бўлмаганлар ўртасида тузилган никоҳдан туғилган болаларда туғма аномалия 2 фоиз, ақли заифлик 3 фоизни ташкил қилса, қариндош­лик никоҳида бу кўрсаткичлар 5-6 фоизга ортади. Бугунги кунда республикамизда қариндошлик никоҳлари кама­йиш ўрнига кун сайин ортиб бормоқда. Бу — ачинарли ҳол.

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Беруний туманида бўлдик. Ҳудуддаги холаваччалар турмуш қурган хонадонга кирдик. Уч нафар фарзанди бор. 7 ёшли қизида бўйин соҳасида, 4 ёшли фарзандининг бел соҳасида, янги туғилган чақалоқнинг думғаза соҳасида орқа мия чурраси касаллиги бор. Уларнинг ҳеч бири ҳаракатлана олмайди. Кўряпсизки, ҳар бир фарзандда шу касаллик генда учраяпти. Аёл ҳомиладорлик даврида скрининг текширувларидан ўтган бўлиб, шифокорлар унга ҳомиладорлик тўхтатилсин, деган хулоса берган. Аммо эр-хотин бунга қулоқ солмаган. «Пешонамиздан кўрамиз», деган қарорга келишган.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шунинг учун қатъий чоралар кўрилиши хусусидаги ёндашувни ёқлаймиз. Муаммонинг ечими ҳуқуқий асосда амалга оширилса, бизда ҳам талаб қўйиш имкони юзага келади. Қонунда белгиланган меъёрлар орқали ҳам мазкур аянчли ҳолатга қарши курашамиз.

 

Турсунпўлат Норбоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ногирон фарзанднинг туғилиши давлатга ҳам, жамиятга ҳам қанчалик зарар эканини яхши ҳис этиб турибмиз. Хўш, биринчи фарзанд ногирон туғилди, кейинги фарзандчи? Бунинг олдини олиш учун нималар қилиняпти?

Кўпчиликни ўйлантираётган муаммо мана шунда, деб биламан. Андижонга борганимизда Мурувват уйи­га ногиронлиги бўлган фарзандини ташлаб кетаётган ота-онани учратдик. Буни қарангки, улар аввалги 3 нафар ногирон боласини ҳам ўша ерга олиб келган экан. Тўртинчи фарзанди туғилишидан олдин врачлар илмий асосланган тиббий хулоса берган бўлса-да, ота-она бирор бир чора кўрмаган.

Фарзанди ногирон бўлишини билиб туриб, унинг туғилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан қонуний жазо белгилаш керак. Хоҳ маъмурий, хоҳ жиноий жавобгарлик бўлсин, бу масала ҳуқуқий тартибга солиниши керак. Шундай қатъий жазо қўлланилмаса, ногирон туғилган болалар Мурувват уйларига ташлаб кетилаверади.

Оила кодексига ўзгартиш киритилар экан, никоҳ ёшини белгилаш масаласини ҳам қайта кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблайман. 17 ва 18 ёш улғайганлик, жинсий ва руҳий жиҳатдан ривожланганликни анг­латмайди. Иқтисодий мустақиллик эса умуман бир четда қолиб кет­япти. Турмуш қуриш ёшини белгилашни умумхалқ муҳокамасига қўйиш керак. Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари ҳам кўрсатилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Мақсуда Ворисова, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Ҳаммамизнинг фарзандимиз, набираларимиз бор. Уларнинг келажаги, фаровон ҳаёти барчамиз учун муҳим. ЎзХДП фракцияси томонидан Оила кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасидаги қонунчилик ташаббусида долзарб масала ўрин олган. 30 йилдан буён врачман, йиллар давомида мана шу масалани аҳоли орасида тарғибот қилиб келдик. Бироқ одамларнинг онгига сингдира олмадик. Уларга таъсир қилиш учун бугун қонуний ҳужжатларни қабул қилмасак, ҳуқуқий тартиб ўрнатмасак, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиб бўлмайди.

Менинг ҳам бир таклифим бор. Мак­таб­лардаги тиббий саломатлик дарсларини янада кучайтириш керак. Тўғри, ушбу дарс­лар факультатив тарзда ўтилади. Лекин соғлом турмуш тарзи, соғлом ҳаёт кечириш қоидаси, касал бўлмаслик учун, соғлом фарзандларни дунёга келтириш учун нима қилиш керак, деган саволларга аниқ жавоб бериладиган машғулотлар мактаб дарслигига расман киритилиши керак. Ўқувчилар соғлом оила қуриш, соғлом ҳаёт кечириш масалаларида имтиҳон топшириши лозим, деб ўйлайман.

Тўғри, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни чеклаш ногирон болалар туғилмай қолади, дегани эмас. Лекин сезиларли даражада ногиронликнинг олди олинади.

Давра суҳбатида, шунингдек, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда «Нуроний» жамғармасининг Мурожаати мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, партия фракциясининг олдида турган вазифалар муҳокама этилди. Тўй ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳамда турли кўнгилсизликларга қарши курашиш юзасидан фикр алмашилди. Келгусидаги ҳамкорлик чора-тадбирлари хусусида келишиб олинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.