15.03.2018

ҚАДИМ ЖОМ ОБОД ГЎШАГА АЙЛАНАДИ...

Самарқанд вилояти ҳокимлиги «Обод қишлоқ» дастури доирасида Жом қишлоғини обод масканга айлантириш ташаббуси билан чиқди. Ушбу муносабат билан ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан ҳудуднинг инфратузилмаси, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонлари ҳолати, мавжуд муаммолар атрофлича ўрганилди. Шу асосда Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллалари бўйи­ча лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Нуробод туманининг шарқий ҳудудидаги тоғлар бағридан бошланиб, қуйи қисми Чироқчи ва Улус чўлларига туташиб кетувчи Жом қишлоғининг тарихи қадим-қадимларга бориб тақалади. Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғ­лаб турувчи, таъбир жоиз бўлса, улар ўртасида гўё кўприк вазифасини ўтовчи бу қишлоқ респуб­ликамиздаги энг кўҳна, йирик аҳоли масканларидан бири ҳисобланади. Кўпгина ҳудудларда маҳаллаларни бир неча қишлоқлар ташкил этади. Бу ерда эса биргина Жомнинг ўзи — Жом, Гирдиқўрғон, Тегирмонбоши, Омондара маҳаллаларига бўлинади. Жом қиш­лоқ фуқаролар йиғинига бирлашган ана шу тўрт маҳалла ва шу ҳудудга қарашли яна икки маҳалла фуқаролар йиғинида 30 мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда.

Қишлоқда ўтмиш обидалари кўп. Улар ҳақида тарихий манбаларда ҳам ҳикоя қилинган. Жумладан, Жомнинг юқори қисми — Омандара ҳудудида қорахонийлар томонидан ХI асрда барпо этилган Ғиштбанд сув омбори ҳақида Ўзбекистон Миллий энциклопедиясининг 14-жилдида қуйидаги маълумотлар келтирилган:

«Ғиштбанд — ХII асрдаги сув омбори тўғонининг қолдиғи. Оман­дарасойда жойлашган Ғишт­банднинг сув тўпланадиган ички томони тик, ташқариси зинапоя шаклида. Сойнинг қишки оқими ва баҳорги сел сувлари омборга тўпланиб, қарийб 300 куб метрли сув захираси ҳосил қилган. Ғиштбанд туфайли Самарқанд ва Қарши оралиғидаги қадимги карвон йўли ёқасида мус­таҳкам қалъа қад кўтарган. Қалъа­нинг харобалари ҳозирги вақтда Каттатепа деб аталади. У Ғиштбанддан 5 километр ғарбда, Жом қиш­лоғи яқинида жойлашган. Жом қишлоғининг ўзида 250-300 гектар ер майдони суғорилиб, обод этилган. Сув омбори нураш, лойқа босиши натижасида ишдан чиққан».

Ўтган асрда мазкур сув омборини қайтадан тиклаш борасида бир неча бор ҳаракатлар қилинган. Лекин бу эзгу ниятлар амалга ошмади. Ниҳоят, ўтган йили ушбу иншоот қурилиши учун республика бюджетидан 3 миллиард 200 миллион сўм ажратилди ва бунёдкорлик ишлари бош­лаб юборилди.

Шу билан бирга, жорий йилда «Обод қишлоқ» дастури доирасида қишлоқлардаги барча уйлар хатловдан ўтказилиб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш чоралари кўрилмоқда. Хонадон эгаларига уй-­жойларини замон талаб­лари даражасида таъмирлаш учун лойиҳалар тақдим этилди. Бу ишга имконияти етмайдиган оилаларга вилоят ҳокимлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, бир қатор бошқарма ва идоралар, тадбиркорлар ҳомийлик ёрдами кўрсатмоқда. Уй-жойи бўлмаган ўндан ортиқ оила учун замонавий уй-жой қуриб берилади. Шунингдек, 200 дан ортиқ оилага газ плитаси ва бошқа уй-рўзғор буюм­лари совға қилинади.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида иккита артезиан қудуғи қазилиб, сув миноралари ўрнатилади. Мавжуд сув тармоқлари таъмирланиб, 500 метр масофага янги қувур ўтказиш режалаштирилган. Қишлоқ уйларининг тарқоқ жойлашгани ва электр тармоқлари пала-партиш тортилгани туфайли бу борада ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Эски, яроқсиз таянч устунлари янгисига алмаштирилади ва янги тармоқлар тортилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1000 га яқин таянч устунлари ўрнатилиши кўзда тутилган. 15 та замонавий, кичик трансформаторлар қўйилади...

Айни чоғда Жомнинг кенг далаларида кўклам нафаси уфурмоқда. Табиатнинг илк баҳорий ҳавоси жомликлар қалбига ажиб бир илиқлик, тиниқлик олиб кирди. Қишлоқларда бошлаб юборилган улкан бунёдкорлик ишлари ҳамманинг кайфиятини кўтариб юборди. Катта-ю-кичик ҳашарга отланди.

Ҳозир бу ерда юздан ортиқ корхона ва ташкилотдан жалб этилган 2 мингдан зиёд ишчи-ходим, 150 дан кўпроқ қудратли техника ишламоқда. Уларнинг сафи вилоя­т­нинг турли ҳудудларидан келаётган ҳашарчилар ҳисобига кун сайин кенгайиб бормоқда.

Кўчаларда шағал, тош юкланган автомашиналар карвони узилмайди. Асфальт ётқизаётган техника мосламалари гуриллаб ишлайди. Қўлида белкурак, кетмон тутган ишчилар, уйларни таъмирлаш билан машғул бўлган усталар бир лаҳза тиним билмайди. Қир бағрида қурилган уйларда ҳам замонавий турмуш шароити яратилмоқда, узоқдан келиб ишлаётган ҳашарчилар учун палаткалар тикилган.

Қишлоқда ободончилик ишлари энг аввал йўлларнинг буткул қайта қурилишидан бошланди.

— Дастурга кўра, биринчи бос­қичда Жом ва Гирдиқўрғон маҳалласида замонавий маҳалла маркази, Нуронийлар маскани ва чойхона, иккита мактабгача таълим муассасаси қурилади, — дейди вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Норқул Содиқов. — Ҳудуддаги маданият ва аҳоли дам олиш маркази атрофида замонавий истироҳат боғи, хотира майдони, ёзги амфитеатр, музей ва бошқа иншоотлар бунёд этилади. Кўҳна Жом бозорини замонавий архитектура талаблари бўйича реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳудуддаги мавжуд 12 ўрта умумтаълим мактаб­лари ҳолати, уларнинг кўргазмали қуроллар, жиҳоз ва инвентарларга бўлган эҳтиёжи ўрганилмоқда. Қишлоқ ҳудудидаги 5,4 километр йўлга асфальт ётқизилади, 22 километр ички йўлларга қум-шағал тўкилиб, текисланади. Ҳозир йўл қурилиши корхоналари томонидан зарур техника воситалари ва ишчи кучи жалб этилиб, бу ишлар бош­лаб юборилди.

Бундан ташқари, қишлоқ ҳудудидаги касб-ҳунар коллежи ва умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасалари, аҳоли хонадонлари ҳам таъмирланади. Аҳолини тоза ичимлик суви, суюлтирилган газ билан таъминлаш, йўлларни таъмирлаш, қишлоқда электр таъминотини яхшилаш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар асосида режали ишлар йўлга қўйилди.

— Жом қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 2700 дан ортиқ хонадонга кириб, аҳолини қизиқтираётган масалалар ҳақида суҳбатлашдик, мавжуд муаммоларни ўргандик, — дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлимининг раиси Маҳмуд Бобоёров. — Ушбу мулоқотлар давомида аниқланган муаммоларнинг аксари тегишли соҳа мутасаддилари томонидан жойида ҳал этилди. Бошқа масалаларнинг ҳар бири юзасидан ҳам аниқ вазифалар, масъуллар белгиланиб, муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, олти маҳалланинг ҳар биридан 10 кишидан, жами 60 нафар ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. Ҳудуддаги аҳолининг барча қатлами чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилаяпти.

Вилоятдаги етакчи тиббиёт марказларининг 30 нафардан ортиқ малакали мутахассислари бугун айнан шу юмуш билан шуғулланишаяпти. Жом қишлоқ оилавий поликлиникасида ушбу жараён давом эттирилмоқда. Касаллиги аниқланган эҳтиёжманд фуқаролар йўлланма асосида ихтисослашган тиббиёт муассасаларига юборилиб, даволанади. Ҳудуд аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш учун «Дамас» русумли автомашина ажратилади ва доимий равишда тез ёрдам кўрсатиш шохобчаси ташкил этилади.

— Жомдаги энг муҳим масалалардан бири — аҳоли хонадонларида замонавий турмуш шароити яратиш, коммунал соҳалардаги муаммоларни бартараф этишдан иборат, — дейди ЎзХДП вилоят кенгаши раиси Мажид­хон Усмонов. Партиямизнинг сайловолди дас­турида таъкидланганидек, бу ерда аҳолининг кам таъминланган ­қатламлари ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга эътибор қаратилмоқда. Дастур доирасида биргина Жом қиш­лоғида 4300 дан ортиқ ишсиз фуқаро бандлигини таъминлаш ҳамда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган кишиларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

— Жом қишлоғида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларида ёшлар ҳам фаоллик кўрсатмоқда, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим мудири Бахтиёр Султонов. —Улар йўл қурилиши ишларида, атрофни тозалаш, ободонлаштириш, дарахт кўчатлари ўтқазишда қатнашмоқда, уй-жойларни таъмирлашда усталарга ёрдам беришмоқда. Бу ишга 360 нафар етакчи, 490 нафар олий таълим муассасалари талабалари жалб этилган. 3-4 март кунлари уюштирилган «Ёшлар акцияси» доирасида ҳам мингга яқин ёшлар Жомдаги бунёдкорлик ишларида қатнашди.

— Бир умр ўқитувчилик қилдим, — дейди Жом маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси, ЎзХДП аъзоси Қаюм Турғонов. — Илгари бизнинг қиш­лоқ эътибордан четда қолиб келаётганди. Шиферсиз, зах ва хароб уйларда яшардик. Мактабларимиз ночор эди. Ун, ёғ каби кундалик эҳтиёж моллари етишмасди. Энди ҳаммаси ўзгарди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилаётган мана бу хайрли ишлар қишлоғимизда яшаётган ёшу қарини қувонтираяпти.

— Қишлоғимиз баҳаво бир гўша. Тоғлар ва қирлар ўраб тургани учунми, қиши ҳам унчалик совуқ бўлмайди, — дейди гирдиқўрғонлик Азамат Маҳмудов. — Ёзда эса салқин. Омондара деган катта булоқ сувидан қишлоқ бўйлаб ичимлик суви тармоғи ўтказилган. Яна шу дарадан бошланадиган бир сойимиз ҳам бор. Аммо бу экинларни суғоришга етарли эмас. «Обод қишлоқ» дастури доирасида бундай муаммолар албатта ҳал этилади.

Қишлоқ одамлари билан суҳбатлашсангиз, тоғлар этагида жойлашган Жом, унинг қадимийлиги ҳақида бир дунё маълумотларни фахрланиб келтиришарди. Бугун эса қишлоқда олиб борилаётган бунёдкорлик, ободончилик ишлари, қишлоқ аҳлига кўрсатилаётган ғам­хўрлик тўғрисида тўлиб-тошиб гапиришмоқда, шукроналик сўзларини айтишмоқда.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.