Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
18.01.2018

«ИЧКИ ТУРИЗМ ҲАҚИДАГИ САВОЛНИ КУТГАНДИМ...»

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати қошида ташкил этилган Пресс-холлда навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди. Унда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти ҳақида ахборот берди.

Анжуманда бугунги кунда мамлакатимизда туризм салоҳиятини тубдан янгилаш, тизимда ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, тарихий-маданий меросни кенг тарғиб қилиш, хавфсиз туризм концепцияси, миллий туризм маҳсулотлари ва бренд­ларини халқаро туризм бозорига олиб чиқиш ҳамда бошқа муҳим масалаларга эътибор қаратилди. Шунингдек, туризм соҳасининг қонунчилик асосини мустаҳкамлаш, соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида янги таҳрирдаги «Туризм тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳамда 30 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилгани ҳамда улардан 22 таси қабул қилингани таъкидланди.

Маълумот ўрнида яна шуни айтиш мумкинки, ўтган йили мамлакатимизга 2,5 миллион сайёҳ ташриф буюрган, туризм хизматлари экспорти 1 миллиард 557 миллион долларни ташкил этган. Туроператорлик хизматларини кўрсатувчи 128 тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, бугунги кунда уларнинг сони 561 тага етган.

Ҳозирда туроператорлик ва меҳмонхона фаолиятини сертификатлаштиришнинг тасдиқланган янги низоми бўйича ўтган давр мобайнида жами 442 та туризм хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари, яъни 221 меҳмонхона ва 221 та туроператорлик хизматларини кўрсатувчи субъектлар сертификатланган бўлса, туризм фаолияти субъектларини лицензиялашнинг янги низоми асосида 128 тадбиркорлик субъектига туроператорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар тақдим қилинди. Қолаверса, соҳадаги кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш Республика маркази томонидан 1060 нафар мутахассис қайта ўқитилди.

Ҳудудий дастурларда белгиланган «Қади­мий Бухоро» ва «Самарқанд Сити» туризм зоналарини ташкил қилиш, умумий ҳисобда 450 га яқин лойиҳани амалга ошириш, ­жумладан, 50 маданий мерос объектини реставрация ва консервация қилиш, 50 дан ортиқ меҳмонхона қуриш ва қайта тиклаш, 100 га яқин умумий овқатланиш объектини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, жаҳон ҳамжамиятини мамлакатимизнинг туризм салоҳияти тўғрисида хабардор қилиш мақсадида 20 дан ортиқ давлатнинг ОАВ вакилларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкиллаштирилди. Натижада 1250 дан ортиқ информацион материаллар босма ва электрон ОАВ нашрларида жойлаштирилди. Ҳозирга қадар 920 дан ортиқ хорижий босма ва электрон ОАВ билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, ҳозирда қўмитанинг http://uzbektourism.uz// веб-сайти ҳамда http://www.facebook.com/uzbektourism.uz ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали ўзининг интернет фойдаланувчиларига доимий тарзда маълумот бериб борилмоқда. Шу билан бирга соҳага тааллуқли бўлган барча масалалар бўйича тезкор ва аниқ маълумот олиш мақсадида 2017 йил 4 декабрдан бош­лаб қўмитанинг узлуксиз 24 соат фаолият юритадиган «Call Center» (маълумот маркази) ишга туширилди.

Қўмита раисига журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларни беришди. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Бугунги кунда кафе ва ресторанларнинг тунги ишлаш вақти чеклангани, яъни кечки соат 23:00 гача ишлаши сайёҳлар учун ноқулайликлар туғдирмоқда. Бу борада ўзгаришлар бўлиши мумкинми?

— Биз бу масала устида ишламоқдамиз. Таклифимиз шундай бўлдики, 24 соат ишлашни истайдиган кафе ва ресторанлар хавфсизлик талабларини юқори даражага кўтариши керак. Бу масала ихтиёрий сертификатлаш усулида ечилади. Хусусан, хизмат кўрсатиш муассасаси tourist-friendly тизими, яъни хавфсизлик талабларига жавоб бериши керак. Яқин вақтлар ичида 24 соат давомида ишлайдиган кафе ва ресторанлар пайдо бўлади, деб ўйлайман.

— Хорижлик сайёҳлар билан суҳбатлашганимизда кўпинча жамоат ҳожатхоналарининг аҳволи яхши эмаслиги тўғрисида эътироз билдиради. Бу борада нима ишлар қилинмоқда?

— Мазкур жараён юзасидан лойиҳа ишлаб чиқилиб, тасдиқланиши кутилмоқда. Бунга кўра, умумий овқатланиш пунктлари, меҳмонхоналар ва одамлар гавжум бўлган ерларда жойлашган ҳожатхоналар инвентаризация қилинади. Унинг натижаларига биноан, мавжуд ҳожатхоналар қайта таъмирланади ва керакли жойларда янгилари қурилади. Мавжуд шароитларга қараб, хорижий мамлакатларда қабул қилинган қонун-қоидалардан келиб чиққан ҳолда, ке­йинги 2 йил давомида барча ҳожатхоналар «йўл харита»ларига киритилади.

— Хорижий сайёҳлар учун виза ва рўйхатга олиш таомили соддалаштирилдими?

— Бу борада ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Мисол тариқасида айтадиган бўлсам, бугунги кунда якка ­тартибдаги ­хорижий сайёҳлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона кириш туризм визалари жорий қилинди­ ва визаларни расмийлаштириш нархи 60 доллардан 40 долларга туширилди. Шунинг­дек, хорижликлар учун Ўзбекистонга саёҳат қилишни максимал даражада қулайлаштиришни режалаштирмоқдамиз. Бунинг учун виза режимини бекор қилишга доир комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, шу билан бирга, 5 йирик мамлакатга визасиз режим йўлга қўйилиб, 45 мамлакат учун виза режими соддалаштирилади.

Вақт чегаралангани учун кўплаб ҳамкасбларимиз ўз саволларини беришга улгурмади. Азиз Абдуҳакимов барча саволларга жавоб беришга тайёрлигини айтиб, ОАВ ходимларини қўмита билан яқин алоқа ўрнатишга, амалий ҳамкорлик қилишга чақирди. Қўмита раиси ички туризм ҳақида савол кутганини яширмади. Ҳамкасбларимиз бу ҳақдаги саволга навбат етмай қолганини айтиб, ҳамкорликка тайёр эканликларини билдиришди.

Бундай матбуот анжуманлари қанча савол берилгани билан эмас, давлат идораларининг ОАВ, кенг жамоатчилик билан очиқ мулоқот қилишга интилишини кучайтираётгани, уларнинг бу борадаги масъулиятини ошираётгани билан аҳамиятли, албатта. Амалий мулоқот йўлга қўйилса, ҳамма саволларга ўз вақтида жавоб топилади.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.