01.01.2018

ЮРТДОШЛАРИМИЗ 2018 ЙИЛДА ҚАНДАЙ ДАМ ОЛИШАДИ?

Президентимизнинг «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонини халқимиз катта хурсандчилик билан кутиб олди.

Фармондан кўзланган асосий мақсад 2018 йилда фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ва дам олиш, байрам кунларидан оқилона фойдаланиши, шунингдек, ички туризмни янада ривожлантиришдир.

Қувонарли томони, келгуси календарь йили давомидаги иш ва дам олиш кунларини олдиндан режалаштириш амалиёти Ўзбекистонда биринчи марта юз бермоқда. Бундай амалиёт ўзининг самарадорлиги нуқтаи назаридан хорижий тажрибада кенг қўлланилади.

Президент фармонида фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш бирламчи мақсад сифатида қайд этилган. Ҳақиқатан, йил давомидаги иш ва дам олиш кунларини ҳали йил бошланмасдан аввал белгилаш ходимларнинг бўш вақтларини унумли ­ўтказишлари учун имконият яратиб беради. Илгари маълум бир байрамга 2-3 кун қолганда дам олиш кунлари кўчирилар, бунинг натижасида ходимлар бундай қисқа фурсат ичида дам олиш кунларига режа тузиш ёки уни амалга оширишга улгурмай қоларди. Энди бўлса, ҳаттоки 2018 йил декабрь ойида қайси кун дам олиш сифатида белгиланганини 1 йил олдин билиш мумкин.

Шунингдек, айрим иш берувчилар ўзгарган дам олиш кунлари ҳисобига ходимларни қўшимча ишлатиш ҳақида ноқонуний ички қарорлар чиқарарди. Худди шу каби муаммолар дам олиш куни ўзгарган ой учун иш ҳақини ҳисоблаш чоғида ҳам юзага келарди. Жорий этилаётган янги механизм ушбу муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин, мазкур фармоннинг ички туризмга қандай алоқаси бор? Гап шундаки, 2018 йилда Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида юзага келадиган 5 кунлик дам олиш даври аҳолига ўзлари анчадан буён режалаштириб юрган, лекин иш ­кунларининг тиғизлиги сабабли амалга ошира олмаётган орзуларини рўёбга чиқариш имконини яратади. Масалан, қайсидир оила Наврўз байрами арафасида ­Самарқанд шаҳридаги қадамжоларни зиёрат қилиш учун оилавий саёҳатни амалга ошириши мумкин. Бошқа бир оила эса Мус­тақиллик байрами арафасида кўҳна Хивани бориб кўриш шарафига муяссар бўлар.

Шуларни ҳисобга олиб, фармонда мутасадди ташкилотларга дам олиш байрам кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда, республика аҳолиси учун ички туризм ва фаол дам олиш йўналишларини, транспорт ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилишини ҳамда акциялар ўтказилишини ташкил этиш вазифаси топширилди. Фармон ижросини қисқа фурсатларда таъминлаш мақсадида бугунга келиб «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури ишга туширилганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ўзбекистон учун янгилик бўлган мазкур ижобий механизм бир марта амалга оширилиб, ке­йин унутиладиган вақтинчалик лойиҳа эмас. Фармонда мутасадди ташкилотларга бундан буён ходимларнинг дам олиш ва байрам кунларидан оқилона фойдаланишини таъминлашни инобатга олган ҳолда келгуси календарь йили учун қўшимча дам олиш кунларини белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида ҳар йили 15 октябрдан кечикмасдан таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.

Энди бевосита белгиланган дам олиш кунлари ва унинг тоифалар бўйича тааллуқлилиги ҳақида фикр юритсак. Аввало, фармон асосида Ўзбекистон қонунчилигида меҳнат муносабатларига оид яна бир янги амалиёт киритилди. Яъни, жорий йилда илк марта ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини ­қисқартириш орқали байрам кунлари арафасида қўшимча дам олиш куни берилди.

Фармонда 3 хил тоифадаги дам олиш кунлари ҳақида сўз боради.

Ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини қисқартириш орқали бериладиган байрам кунлари арафасидаги қўшимча дам олиш куни. Қўшимча дам олиш кунлари ҳисобига меҳнат таътилининг муддати 3 кунга қисқартирилса ҳам, лекин таътил учун бериладиган тўлов миқдори қисқартирилиши мумкин эмас, у тўлиқ берилади. Масалан, 28 кун меҳнат таътили бериладиган ходимга эндиликда қисқартириш эвазига 25 кун таътил берилади, бироқ 28 кун ҳисобидан тўловлар амалга оширилиши керак.

Беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун байрам арафасидаги иш кунига кўчирилган шанба, дам олиш куни. Ушбу кунларда 6 кунлик иш ҳафтасида фаолият олиб борадиган ходимлар ишга чиқишлари лозим бўлади.

Барча ходимлар учун (5 ва 6 кунлик иш ҳафтасидагилар) бирдек умумий дам олиш куни ҳисобланган якшанба кунини байрам арафасидаги иш кунига кўчириш.

Президент фармонига берилган расмий шарҳда муқаддас Қурбон ҳайит ва Рамазон ҳайит байрамларининг муҳимлиги ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, 2018 йилдан бошлаб айрим дам олиш кунларини байрам кунларига яқин бўлган иш кунларига кўчириш ҳисобига узлуксиз уч кунлик дам олиш кунлари белгиланиши кўзда тутилаётгани қайд этилган.

 

Хушнудбек ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлими мудири ўринбосари.



DB query error.
Please try later.