16.12.2017

НИШОН ТУМАНИДАГИ ЮКСАЛИШ НИШОНАЛАРИ

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 24-25 февралида Қашқадарё вилоятига ташрифидан сўнг янада ёрқинроқ намоён бўла бошлади.

Қарши чўлининг бундан ярим аср муқаддам ўзлаштирилган ҳудудида жойлашган Нишон туманида иқтисодий-ижтимоий тараққиётга хизмат қиладиган 1058 лойиҳани амалга ошириш ишлари кўтаринки кайфиятда олиб борилмоқда. Президентимизнинг яқинда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ўтган тантанали маросимда билдирган фикрлари бутун Қашқадарё вилояти, жумладан, Нишон тумани деҳқону тадбиркорлари кўнглини янада кўтариб юборди.

Ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида сафаримизни «Нишон кўзгу» фермер хўжалигидан бошладик. Сабаби, жорий йилнинг бошида давлатимиз раҳбари мазкур хўжаликнинг Қарши шаҳридаги қушхонасида бўлган, жамоа эришаётган ютуқлар билан танишган ва бу ерда гўшт маҳсулотларини қайта ишлайдиган кичик корхона қуриш юзасидан таклифлар берган эди.

 

МЕҲНАТ ҚИЛ, РОҲАТИНИ КЎР

Шудгор қилинган майдонлардан ўтиб, ям-яшил далага дуч келдик. Ушбу 51 гектар ғаллазор «Нишон кўзгу» фермер хўжалигига тегишли экан. Хўжалик раҳбари Шерзоджон ­Узоқовни шу ерда учратдик, танишдик.

Ўттиз беш ёшли тадбиркор йигит фақат деҳқончилик билан шуғулланиб қолмасдан, бош­қа ибратли ишларни ҳам амалга ошириб келаётгани билан кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборини қозонган экан. «Агробанк»дан 3 миллиард 930 миллион сўм кредит олиб, Қарши шаҳрида замонавий автоматлаштирилган қушхона қурибди. Мазкур корхонанинг 40 тонна гўшт маҳсулотлари ва 200 тонна мева-сабзавотни сақлайдиган музлатгич — омборхонаси ҳам бор экан. 100 дан ортиқ иш ўрни яратилаяпти.

— Келгуси йил ҳосилига тайёргарлик зўр-ку, — дейман майсалар яшнаган ғалла пайкалига ишора қилиб. — Бу йил ғалла, пахта қандай бўлди?

— Жорий йилда 22 гектар жойдаги ғалла, 21 гектар жойдаги пахтадан юқори ҳосил олиб, шартнома режаларини ошириб адо этдик, — дейди Шерзоджон. — Тумандаги бошқа фермерлар ҳам юксак марраларга эришди. Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Тошкентда ўтган тантанали маросимда Президентимиз пешқадам туманлар қаторида Нишонни ҳам эътироф этгани ҳаммамизнинг кўнглимизни ғурурга тўлдирди, янада ғайрат билан ишлашга руҳлантирди.

—Билишимизча, хўжалигингизда пахта билан ғалладан бошқа экинлар ҳам етиштирилади, шу ҳақда ҳам икки оғиз гапириб берсангиз.

— Кўп тармоқли хўжалик барпо этиш — давр талаби. Буни ўз фаолиятимизда кўрдик. 8 гектар ерда қовун етиштириб, 37 минг 800 долларга экспорт қилдик. Мана 5 гектар ерга «тўқсонбости» саримсоқпиёз ва пиёз экиб, кўкартириб олдик. 100 бош қорамолимиз бор. Еримизнинг адоғидаги ташландиқ 1 гектар ерда балиқ боқамиз. Тошкентдан мутахассис олимларни олиб келиб, янги йилдан гулкарам экмоқчиман...

Шерзоджоннинг мулоҳазаларини тинглар эканман, Қарши чўлида илк бор ўзлаштирилган Нишон тумани ерларининг мелиоратив ҳолати яқин ўтмишда аянчли экани эсимга тушди. Қанчалик ҳаракат қилинмасин, кейинги ўн беш-йигирма йилда режалар ўлда-жўлда қолиб кетаверди. Ҳатто, ўтган йили ҳам пахта режаси 80 фоиздан ошмади.

Туманга янги ҳоким келгандан сўнггина вазият ўзгара бошлади. Тумандаги 57 минг 475 гектар суғориладиган ернинг 35 минг гектари шўрланган, шундан 2 минг гектари кучли шўрланган майдонлардир. Кейинги уч йил давомида янги коллекторларни қуриш, эскиларини таъмирлаш бўйича 24 лойиҳа амалга оширилди. Натижада 30 минг гектарга яқин ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. 2017 йилда эса 6 лойиҳа асосида яна 4 минг гектарга яқин ернинг унумдорлиги оширилади. Демак, бугунга келиб Шерзоджон айтган режаларни ҳаётга татбиқ этиш учун етарли шарт-шароит яратилди.

— Бу йил 19 минг гектарга яқин ерда ғалла етиштирилиб, шартномавий режалар бажарилди, — дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари ­Маъруф Эргашев. — 21 минг гектар ердан 50 минг тоннадан ошиқ пахта териб олинди. Агар туманда 1365 фермер бўлса, деярли барчаси яхши натижаларга эришди. Демак юксак марраларни кўзлаб ишлайдиган давр келди.

Дарҳақиқат, 48 гектар ерда деҳқончилик қилаётган фермер Чори Баратов бу йил ғалла ҳосилдорлиги 60 центнердан, пахта ҳосилдорлиги 40 центнердан ошганини мамнуният билан сўзлади.

Туманда оралиқ экинлар экишга ҳам эътибор кучаймоқда. Жорий йилда ғалладан бўшаган 2 минг гектар ерга мош, 6 минг гектар ерга сабзи, 1,5 минг гектар ерга тарвуз, 700 гектар ерга пиёз, 250 гектар ерга саримсоқпиёз экилди.

Томорқа ерларидан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар қуришга ҳам катта эътибор берилмоқда. «Юлдуз қўрғонча» МФЙга қарашли ҳудуддаги қаровсиз бино ва ерлар фермер Иброҳим Арслоновга ноль қиймати билан берилган экан. Режа асосида 500 тонна сиғимга эга музлатгич — омборхона қураётган фермер шу жойда учта иссиқхона ташкил этибди. Редиска келаси йил март ойида етилар экан. Айниқса, 19 сотих жойдаги иссиқхона ҳавасимизни келтирди. Илгари Голландиядан келтирилган «Бэла» навли сер­ҳосил помидорни кўргандим. Бу «74-160» навли Голландиянинг янги помидор нави иссиқхонада гуркираб ўсиб, ҳосил туккан. Иш бошқарувчи Асрор Қурбоновнинг айтишича, помидор Янги йил дастурхонига тортиқ этилар экан. Асрорнинг ўзи ҳовлисида турфа дарахт, хусусан, арча кўчатлари етиштирар экан.

 

КАТТА ВА КИЧИК КОРХОНАЛАР

Пахта тозалаш корхонасини бош­қараётган ёш мутахассис ­Жасуржон Кўчаров жамоасида 612 ишчи-хизматчи меҳнат қилаётгани, бу йилги пахта толаси ниҳоятда сифатли экани ҳақида ҳикоя қилади. Келажакда туманда ип йигирув корхонаси барпо этилар экан.

Жасуржон билан хайрлашиб, Толлимаржон иссиқлик электр станцияси томон йўл олдик. Мамлакатимиз раҳбари сайловолди учрашувларида ушбу корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш масаласида ҳам фикр билдирганди.

Корхона раҳбари Абдусалом Нормўминов билан танишдик.

— ИЭСнинг қувватини ошириш учун ўзимизнинг ҳамда хорижий компанияларнинг сармоялари йўналтирилган, — дейди у. — Қурилишнинг бош пудратчиси Жанубий Кореянинг «Дайва» компаниясидир. Бир неча йил мобайнида жуда катта ишлар амалга оширилди. Станциямизга Япониянинг «Мицубиси», Жанубий Кореянинг «Дуйсонг» каби таниқли компания­ларининг замонавий газ қувурлари ва бошқа ускуналари ўрнатилди. Натижада шу йилнинг март ­ойига келиб, ҳар бири 450 МГВ электр қувват берадиган 2 та газ қурилмаси ишга тушди. Янги лойиҳалар амалга ошади, электр станциямиз қуввати тобора ошиб бораверади...

Туманда кичик корхоналар равнақига ҳам катта эътибор берилмоқда. Катта майдонда қад кўтарган қўш қаватли янги бино тадбиркор Баҳром Муродовнинг «Нишон голд» хусусий корхонасига тегишли экан.

Баҳромжон дастлаб пластмасса эшик-ромлар тайёрлайдиган цех қурибди. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида 295 миллион сўм кредит олиб, мазкур бинони тиклаяпти.

— Биринчи қаватга савдо дўкони, маиший хизмат шохобчалари жойлашади, — дейди Баҳромжон.

Иккинчи қаватга чиқдик. ­Хитой давлатидан келтирилган 26 тикув машинасида ишлаётган чеварларга ушбу касбнинг моҳир устаси Дилноза Рўзиева ишбоши экан.

Туман ҳокимлигидан айтишларича, ҳукумат қарорида амалга ошириладиган лойиҳалар дастлаб 1040 та экан. Кейин улар яна 18 тага кўпайган. Улар амалга ошса, туманда 5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Ўтган икки йил орасида 100 дан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Масалан, тадбиркор Баҳодир Зулфиқоров Нуристон шаҳарчасида янги тўйхона қуриб берди. «Асадбек Лукчаев» МЧЖ автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонасини ишга туширди. Мурод Алимовга тегишли хусусий «Файзистоний» корхонаси пардозловчи гипс ишлаб чиқариб, экспортга жўнатмоқда. Тадбиркор Отқудуқ қишлоғи яқинидаги кичик конда келгуси йили 400 миллион сўм кредит эвазига гипс-картон ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мўлжаллаяпти. Яна бир тадбиркор Нуриддин ­Нурматов эса пахта чиқиндисидан момиқ тайёрлаш ускуналарини олиб келибди. Бундай истиқболли режалар кўп.

 

ХАЗИНА

Нишон кенгликларини кезсангиз, тўсатдан қаршингизда кўм-кўк ҳавзалар пайдо бўлади. Бунинг тарихи шундай. Етмишинчи йилларнинг ўртасида Қарши дашти ўзлаштирила бошлангач, йирик қурилиш бирлашмаси тузилади. Аму сувлари ўзлаштирилган ерларга оқа бошлагач, алоҳида балиқчилик хўжалиги ташкил топади. Замон ўзгаргач, бирлашма тугаб кетади. Балиқ ҳавзалари «Хазина» МЧЖ мулкига айланади.

 Унга кўп йиллар Сайфулло Назаров бошчилик қилади. Ке­йинчалик жамоа ўрнида янги тадбиркорлик субъектлари — фермер хўжаликлари пайдо бўлади. Сайфулло ака фермерга айланади. Кўл бўйидаги шийпонда у киши билан суҳбатлашамиз.

— 2008 йилда 3 та мустақил фермер хўжалиги ташкил топди, — дейди у. — Менинг ихтиёримдаги хўжаликка 32 гектарлик кўл қарайди. 8 гектар кўлда чавақ етиштиришни йўлга қўйганмиз. Асосан дўнгпешона, зоғора, оқ амур каби балиқларни етиштирамиз. Бу йил 90 тоннадан кўпроқ маҳсулот чиқаришни мўл­жаллаяпмиз. Қарши шаҳрида «Олтин балиқча» ошхонамиз, дўконимиз бор.

Сайфулло Назаров билан хайрлашиб, яна йўлга тушамиз. Анчадан кейин улкан иншоот — Толлимаржон сув омборига етиб келамиз. Қурилиши 1974 йилда бошланган сув ­омбори 1986 йилда ишга тушган. Нафақат воҳадаги, балки юртимиздаги энг ­йирик сунъий денгизлардан бири, 1,5 миллиард кубометр сув сақлайди. Қарши даштидаги туманлар далалари,Толлимаржон ИЭС, «Шўр­тангазкимё» мажмуига Амударё сувларини узатади.

Давлатимиз раҳбари тавсияси билан 2017-2019 йилларда вилоятда балиқчиликни ривожлантириш мақсадида алоҳида марказ ташкил этилди. Унга кўра, «Қашқадарё балиқ саноат-агро» МЧЖга сув омборининг 4209 гектари ижарага берилади. «Ипотека-банк» АТИБ вилоят филиали билан жами 1 миллиард 400 миллион сўм кредит ажратиш юзасидан шартнома тузилди. Ҳозиргача 600 миллион сўм сармоя берилди. Бу ишга «Намуна» балиқчилик МЧЖ ҳам қўшилди. Унинг таъсис жам­ғармасига қўшган ҳиссаси 375 миллион сўмни ташкил этди. Лойиҳага кўра, 1,5 миллион дона балиқ чавақлари парвариш қилиниши мўлжалланган. 2017 йилнинг 10-18 апрель кунлари сув омборига дўнгпешона зотли балиқнинг 350 мингга яқин чавақлари ташланган...

Юқорида бўлаётган ўзгаришлар вилоятнинг чекка тумани — Нишонда амалга оширилаётган истиқболли режаларнинг бир қисми холос. 2016 йилда бошланган, 2019 йилда поёнига етиши кўзда тутилган бу лойиҳалар бири-биридан муҳим. Демак, Нишон туманида яна кўплаб корхона ва хўжаликлар барпо этилади, янги иш ўринлари яратилади. Ҳудуднинг иқтисодий қуввати ошади, одамлар турмуши янада фаровонлашади...

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.