01.01.2020

«ПРЕЗИДЕНТ АРЧАСИ» ШОДИЁНАЛАРИ

Пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида бўлган тадбирда Меҳрибонлик уйлари, «SOS – болалар маҳалласи», оилавий болалар уйлари, Мурувват уйларининг тарбияланувчилари, маҳаллалардаги ота-она меҳридан бебаҳра қолган ўғил-қизлар, Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия каби идораларнинг юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида жон фидо этган ходимлари фарзандлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан тақдим этиладиган кўплаб ўқув анжомлари, ширинлик ва ўйинчоқлардан иборат бўлган жами 11 минг дона совға кичкинтойлар учун ҳозирланди.

– Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида "Президент арчаси" тадбирлари кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев. – Мазкур тадбирларга кўпроқ ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар қамраб олинди. Якунланаётган 2019 йилда болаларнинг ижтимоий ҳимоясига катта эътибор қаратилди. Бунга Президентимизнинг 2019 йил 11 февралдаги "Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори муҳим асос бўлди.

..."Туркистон" саройи фойесида гўзал зумрад арча турфа ўйинчоқлар, зеб-зарлар билан зийнатланган. Қорбобою Қорқиз, турфа эртак қаҳрамонлари, цирк ва эстрада санъати усталари ижросидаги дастур барчага кўтаринки кайфият улашмоқда.

– Мен ўтган йили ҳам "Президент арчаси"да қатнашгандим, – деди "SOS – болалар маҳалласи" тарбияланувчиси, 12 ёшли Нилуфар Камолова. – Янги йил байрамига яхшилаб тай­ёргарлик кўрдик. Шеърлар ёдлаб, янги ашула ва рақслар ўргандик. Бундай байрамда қатнашишни ҳамма болалар орзу қилади.

Беш яшар Ваня Гочковский 23-Меҳрибонлик уйида тарбияланади. Кичкинтой вужудидаги яширин хасталикни болаларча шўхлик, беғуборлик, покиза қалб билан енгиб келмоқда.

– Арча байрами менга жуда ёқади, – деди Ваня лунжига тўлдириб олган конфетни қарсиллатганича. – Қорбобоям, Қорқиз ҳам, ашулаю ўйинларнинг бари жуда з-зў-ўр! "Президент арчаси" жуда мазза байрам экан!

Байрам иштирокчилари залга таклиф этилади. Бири қуёнча, бошқаси қорпарча, яна кимдир қорбола кийимида сафланган кичкинтойлар камалакранг шарлар, турфа рангга кирувчи ўйинчоқларни тутганча ўз ўринларини эгаллайдилар. "Томоша" болалар ижодий студияси томонидан тайёрланган "Биз таратган нур!" номли мусиқий спектакль қизиқарли саҳнавий кўринишлар, видео лавҳалар, мультфильмлардан парчалар, қувноқ роликлардан таркиб топган. У ҳар бир томошабинни болаликнинг гўзал онларига қайтариши, шубҳасиз. Табиатни, она Ватанни асраб-авайлашга, кичикларни ҳимоялаш, катталарга ҳурматда бўлишга, мудом интизомли бўлиш ва аъло ўқишга, китоб билан дўстлашишга унловчи томоша барчага манзур бўлди.

Тадбир ниҳоясида болажонлар "Президент арчаси" қўшиғини биргаликда куйладилар. Уларга давлатимиз раҳбарининг Янги йил байрами совғалари топширилди. Кичкинтойларга аталган шодиёна жуда завқли ўтди.

Бу каби байрам тантаналари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

 

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: