01.10.2019

Доимо ардоғимиздасиз, азиз устозлар!

Устознинг саъйи-ҳаракатлари, меҳнати ҳамда чеккан заҳмати сабаб ҳаёт йўлларида илдам одимлаймиз. Унинг қўлларини тутиб, илк бор илм оламига сайрга чиқамиз. Ундан хатолардан тўғри хулоса чиқариб, олға юришни ўрганамиз. Вақт ўтиб, турли ташкилот ва идораларда фаолият юрита бошлаганимизда, ёхуд ўз бизнесимизни йўлга қўйган вақтда сизнинг ўгитларингиз, насиҳатларингиз қўлланмамизга айланади. Фурсат бўлади, ишдан тўхтаймиз. «Устозимга раҳмат!», деб пичирлаб ҳам қўямиз. Биз ҳаётда эришган ютуқларимиз учун Сиздан миннатдормиз, азиз УСТОЗЛАР!

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар ҳамда Чилонзор туман кенгашлари, Тошкент автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи билан ҳамкорликда байрам тадбири ўтказди. Унда партия вакиллари, депутатлар, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этди.

— Бугун барча кўтаринки кайфиятда, — дейди коллеж директори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Жасур Қулмеҳаммедов. — Кимдир қўлига гул тутган, бошқаси ўз дил изҳорларини устозларига билдиришга ошиқмоқда. Ўз навбатида биз ҳам ҳаяжондамиз. Меҳнатларимиз самарасини кўриб, қадр топаётганимиздан хурсандмиз.

— Бу коллеж билан кўпдан бери ҳамкорлик қиламиз, — деди Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Нигора Эшметова. — Таълим даргоҳига келиб, турли давра суҳбатлари, семинарлар, тарғибот тадбирларини ўтказамиз. Бугун эса коллеж жамоасини ўзгача кайфиятда кўрдим. Йигит-қизлар устозларини қучиб, илиқ тилакларини билдиришяпти. Ўзингиз айтинг, устоз учун бундан ортиқ бахт борми?!

Тадбирнинг бадиий қисмида ўқувчилар томонидан тайёрланган кўй-қўшиқлар ижро этилиб, саҳна кўринишлари намойиш қилинди. Айниқса, таниқли сўз усталари ҳамда қизиқчиларнинг чиқишлари йиғилганларга манзур бўлди.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши ахборот хизмати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: