03.09.2019

МУСТАҚИЛЛИК НЕЪМАТЛАРИГА ШУКРОНА АЙТИЛДИ

Термиз шаҳридаги «Афруз» тантаналар саройида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан шукроналик дастурхони ёзилди.

Мустақиллигимизнинг 28 йиллигига бағишланган тадбирда нуроний отахон ва онахонлар, давлат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Сурхондарё вилояти йилдан-йилга ҳар тарафлама ривожланиб, саноати юксалмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, одамларнинг турмуш даражаси ўсаётир. Барпо этилаётган замонавий уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, кенг ва равон йўллар шаҳару қишлоқлар чиройига чирой қўшмоқда. Аграр тармоқда кластер усулида маҳсулот етиштирилиб, қайта ишлаш йўлга қўйилаётгани, айниқса, сўнгги йилларда юз бераётган янгиланишлар сурхондарёликларнинг фахр-ифтихор ҳиссини янада мустаҳкамлаётир.

– Мустақиллик берган бундай неъматларни ҳар қанча улуғлаб, шукрона айтсак кам, – дейди меҳнат фахрийси Н.Останақулов. – Бундан 28 йил муқаддам ҳозиргидек тинч, тўкин, обод ҳаёт кечиришни хаёлимизга келтирмаган эдик. Ёшларнинг ўқиб, ўрганиши ва истеъдодини кенг намоён этиши, кекса авлод вакилларининг тўкин яшаши, тоат-ибодатини эмин-эркин адо этиши учун яратилган шароитларнинг ўзи ҳам истиқлолнинг бизга туҳфа қилган бебаҳо иноятидир. Қаранг, сўнгги уч йилда воҳа иқтисодиёти, ижтимоий-маънавий ҳаёти ва бошқа йўналишларда содир бўлган ўзгаришлар ёшимизга-ёш қўшиб, ҳаётга меҳримизни ошираётир.

Тадбирда тўкин дастурхон ёзилиб, қуръон тиловат қилинди. Ош тортилди. Иштирокчилар файзли дастурхон атрофида қизғин суҳбат қилиб, мустақиллик йиллари амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва уларнинг самаралари хусусида атрофлича фикр алмашди. Истиқлол, Ватан, меҳр-муҳаббат ва аҳиллик мадҳи тараннум этилган куй-қўшиқлар даврага ўзгача файз бағишлади.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов сўзга чиқди.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: