18.06.2019

ВAФО ВA ВAФОСИЗЛИК

Бугун атрофга назар ташласак, ҳаётимизни ўраб турган турфа гўзалликларни кўрамиз, улардан баҳра оламиз... Мана шу гўзалликлардан энг гўзали садоқат, меҳр ва муҳаббат деган неъматлардир. Меҳр ва муҳаббат инсонлар қалбини қуёшдек ёритиб, нур сочиб туради.

Лекин мана шу нур остида беркинган вафосизлар эса бир четда соя бўлиб қолиб кетавераркан-да. Нега шундай? Кўча-кўйда юрганимизда ёки дўсту ёрларимиздан «У менга вафо қилмади, вафосиз экан, хиёнат қилди», деган гапларни эшитиш одатий ҳол бўлиб қоляпти. Ўйлаб кўрайликчи, вафо инсонлардан узоқлашаяптими, ёки инсонлар вафосизлик ортига беркинишаяптими?

Дўстга садоқат, вафодорлик ҳақида улуғ бобокалонимиз ҳазрат Aлишер Навоий ҳам «Маҳбуб ул-қулуб», яъни, «кўнгилларни севгани номли маърифий-ахлоқий асарида шундай фикрларни айтади. «Дўст улдурким ўзига раво кўрмаган нарсани дўстига ҳам раво кўрмайди. Ўзи дўсти учун ўлимга тайёр бўлса ҳам, аммо дўстини бу ишда шерик қилмайди». Бундан кўриниб турибдики, вафо ва садоқат қалбларни бирлаштирувчи занжир.

Дўстлик — илоҳий туйғу. Менинг ҳам бир дугонам бўларди. У билан жуда аҳил, жуда иноқ эдик. У қўшни маҳаллада турар эди. Биз мактабдан келиб, уларнинг уйида дарс тайёрлардик, мактабда энг фаол ўқувчилардан эдик. Ҳамма қизларнинг бизга ҳаваси келарди. Бир куни дугонам мактабга икки кун келмагани боис, хавотир олиб уйига борсам, ойиси жаҳл билан унинг йўқлигини айтди. Мен дугонам уйдалигини билиб турардим.

Уйга келганимда, онам «У дугонанг билан алоқангни узганинг яхши, бирга юрганларингни даданг кўриб қолса, қаттиқ хафа бўлади», деди. Кейин билсам, дадам билан дугонамнинг дадаси ўртасида низо чиққан экан.

Эртаси куни дарсга борсам, дугонам одатдагидек мен билан қучоқ очиб кўришди. Ҳайрон бўлдим, чунки энди у менга қайрилиб ҳам қарамаса керак, деб ўйлаган эдим. Унга секин қараб: «Энди нима бўлади?», деб хўрсиндим. У эса гап нима ҳақидалигини билди шекилли, қўлимдан маҳкам ушлаб, «Дугонажон, хавотир олма, бу келишмовчиликлар ўртамизга ғов бўла олмайди. Бу оталаримизнинг муаммоси», деди. Кўнглим ёришиб кетди ва дугонамни қучоқлаб олдим.

 Дўстлик садоқат билан кучли, қудратли. Дўст бошингга синов тушганда билинади. Оғир кунда дўстинг ёнингда турмаса, уни дўст дейиш мумкинми? Ёки ишларинг юришиб турганида доим ёнингда юрган, аммо омад сендан юз ўгирганда, узоқлашиб кетган дўстни дўст, деб бўладими?

 

Гулҳaё ҲУСAНОВA,

Фaрғонa вилояти, Учкўприк тумaни.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: