29.01.2019

МЕНИ ҚИЙНАГАН САВОЛ

Кеча ҳар доимгидек дарсдан сўнг, матбуот биноси томон йўл олдим. Университет ҳудудидан чиқиб, кўп қаватли бинолар оралаб ўтар эканман, йўл четида ётган бир кишига кўзим тушди. «Ичганмикин?». Хаёлимга келган биринчи савол шу бўлди. Кейин эса «Балки ҳушидан кетиб қолгандир?», деб ўйладим. Қиз бола бўлганлигим сабабли яқин боришга андиша қилдим. Лекин индамай ўтиб кетишга ҳам кўзим қиймасди. Йўлакдан одамлар ўтиб-қайтар, аммо ҳеч бири эътибор қилмасди.

Ёшроқ бир йигитни тўхтатиб, унга ҳалиги кишини кўрсатдим. «Эҳтимол юраги ёмон бўлиб, ҳушидан кетгандир, қараб кўриш керакми?», — дедим. Йигит эса, «Э, бир ароқхўрдир-да», — деди-ю, қўлини силтаб, ўтиб кетди. Ғалати аҳволга тушиб қолдим. «Нима қилсам экан? Мен ҳам индамай кетаверайми!? Йўқ, у ҳам ахир инсон, тирик жон-ку». Шу пайт ёши олтмишларга борган отахон келиб қолди. «Амаки, ана у киши ҳушидан кетиб ётибди, бир нима бўлганга ўхшайди», дедим. Амаки ётган одамнинг ёнига бориб, энгашиб, нафас олаётган, олмаётганини кўрди. Сўнг «Мастга ўхшайди», — деди. Менга кетаверишим мумкинлигини, ўзи «Тез ёрдам» чақиришини айтди.

Йўл... Кетаяпман-у, бир савол тинчлик бермайди: Одамлар нега бир-бирига бефарқ-а?.. Яқинда чорраҳадан ўтаолмаётган онахонга ёрдам берганим ёдимга тушди. Кекса аёл пиёдалар ўтиш жойида йўл очиқ бўлса ҳам ҳассага таянганча кўчанинг нариги томонига ўтишга қийналарди.

Онахонни қўлидан ушлаб, етаклаб ўтказиб қўйдим. У мени узундан-узоқ дуо қилди. Ҳозир шу ёдимга тушди-ю, кўнглимда бир енгиллик сездим.

Кейин яна бояги ҳолатни эсладим. Нега кўчада беҳуш ётган инсонни кўрсак айланиб ўтамиз?! Уни ҳам уйида яқинлари кутаётганини, унинг аҳволи қай даражада эканлигини, нима, учун бу ҳолга тушиб қолганини сўраб-суриштирмаймиз? Кимнингдир телефони ерга тушиб, зарар кўрса ачинамиз-у, инсон боласига келганда бу ҳиссиёт қайгадир йўқолади.

 Мана шу каби саволлар қалбимни ўртайди...

 

Мафтуна Абдукаримова,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: