Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2019    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
09.07.2019

ДЕПУТАТЛИККА НОМЗОД АЁЛЛАР КЎПАЯДИ

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси сиёсий партиялар билан ҳамкорликда «йўл харитаси»ни имзолаш мақсадида учрашув ўтказди. Унда жорий йилги сайловларга тайёргарлик кўриш ва бу жараёнда хотин-қизлар фаоллигини ошириш борасида фикр алмашилди.

Таъкидландики, хотин-қизларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда.

— Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги маърузаси кенг жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокама қилинмоқда, — деди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Баситхонова. — Республикамизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган опа-сингилларимизда ҳам ўзгача кайфият, кўтаринки руҳ ва шижоатни кўрдим. Бир депутат аёл билан суҳбатимиз ҳеч ёдимдан чиқмайди. Опа кўп йиллардан буён депутат экан. У ўзини хорғин, кексайгандек ҳис этгани боис, жорий йилги сайловларга номзодини кўрсатишга бироз истиҳолада бўлганини айтди. Аммо Президентимизнинг маърузаларини тинглаб, қайта кучга кирганини, эътибор ва ишончдан ёшарганини билдирди. Бундан хулоса қиладиган бўлсак, аёлларга ҳурмат кўрсатиб, уларнинг ақл-у заковатидан тўғри фойдаланилса, жамият ҳеч қачон ютқазмайди.

Хотин-қизлар қўмитаси бешта сиёсий партия билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Депутатликка номзодларнинг 50 фоиздан ортиғи фаол аёлларимиз орасидан кўрсатилиши бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқдик. Тадбир мобайнида ҳужжатни имзоладик. Ўйлайманки, бугунги ҳаракатларимиз ўз натижасини бермасдан қолмайди.

Шунингдек, қўмита таркибида 6 минг нафарга яқин салоҳиятли, фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилган. Уларни депутатликка ва турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича ўқувлар ташкил этилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан меморандум ҳам имзоланган.

— Аёлнинг заковати, ақли дунёда тинчликни ушлаб туришга, мамлакатларни ривожлантиришга хизмат қилади, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова. — Тарихдан маълумки, Бибихоним буюк бобомиз Амир Темурга ҳам сиёсат бўйича, ҳам ҳарбий юришларида ўз маслаҳатларини берган ва муваффақиятига ҳисса қўшган. Мамлакатимиз раҳбари мана шу салоҳиятни ўзбек аёлларида кўрдилар. Бу ташаббускорликдан юрт равнақи йўлида фойдаланиш кераклигини таъкидлаб, ўз маърузаларида тегишли вазифаларни белгилаб бердилар. Бугунги тадбир давомида имзоланаётган «йўл харитаси» бу масъулиятли вазифани бажаришда барчамизга қўл келади, деб ўйлайман.

Юқорида Элмира Боситхонова тўғри таъкидлади. Аёл депутат бўлиб фаолият олиб бориши катта масъулият. Сиёсий ҳаёт, кураш осон эмас. Ҳар хил жараёнлар бўлади. Депутатликка номзод аёлларнинг руҳий тайёргарлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз керак бўлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: