21.05.2019

Ўзбекистон — Германия: ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК КУЧАЯДИ

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган очиқ сиёсат, шиддатли ўзгаришлар жаҳоннинг ривожланган давлатлари эътиборини қозонмоқда. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ, БАА, Франция ва Германияга қилган ташрифлари пайтида билдирилган фикрлар, имзоланган шартномалар ушбу мамлакатлар билан иқтисодий ҳамкорлигимизни кучайтирмоқда. Натижада кўпмиллиардлик инвестициялар Марказий Осиёдаги энг ишончли давлатга айланиб бораётган Ўзбекистонга оқиб келмоқда.

12-16 май кунлари Германиянинг ITM Trading und Marketing GmbH компанияси директори жаноб Дирк Трёндле юртимизга ташриф буюрди. Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имкониятларини ўрганди. Мухбиримиз меҳмон билан учрашиб, айрим саволларга жавоб олди.

— Жаноб Трёндле, юртимизга хуш келибсиз. Ўзбекистонга илгари ҳам келгансиз. Бу галги ташрифдан мақсад нима?

— Мен Ўзбекистонга олдин ҳам келганман. 2018 йил май ойида Тошкентда ўтказилган Германия — Ўзбекистон бизнес форумида қатнашдим. Ана шу форумда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан Германияда савдо уйи очилиши ҳақида меморандум имзоладик. Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг қишлоқ ва халқ хўжалиги маҳсулотларини Германияга экспорт қилиш бўйича Европа талаблари асосида сертификация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу сафар эса махсус агентликлар ёрдамида ўзбек мутахассисларини Германияга ишга таклиф қилиш бўйича турли келишувларга эришдик. Германияга бугунги кунда бошқа мамлакатлардан тиббиёт, саноат, транспорт, маиший хизмат соҳаларига малакали ишчи кучлари жалб қилинмоқда. Сизларда эса шундай ишчи кучи бозори мавжуд. Бу ҳамкорликдан иккала мамлакат ҳам манфаатдор бўлади.

— Учрашувлар қандай натижа берди?

— Сафар давомида мен кўплаб ўзбек тадбиркорлари ва уларнинг немис шериклари билан учрашдим. Томонларнинг кайфият ва интилишлари ижобий. Чунки, юртингизда ҳамкорлик учун кўплаб инвестицион шароитлар яратилган. Германиялик тадбиркорлар учун визасиз келиб-кетиш, валютангизнинг эркин алмашинув имконияти, маҳсулотлар сифати, бизнес учун мавжуд катта бозор, мамлакатингиздаги тинчлик ва хавфсизлик, ўзбекларнинг биз немисларга меҳмондўстлиги — буларнинг барчаси халқаро ҳамкорлик учун катта аҳамиятга эга омиллар.

— Ўзбек — немис ҳамкорлиги борасида қандай соҳаларга кўпроқ эътибор қаратиляпти?

— Бизнинг назаримизда Ўзбекистон Марказий Осиёда бизнес учун энг истиқболли мамлакат. Аввало мамлакатингиздаги тинчлик, миллатлар ва динлараро бағрикенглик ҳар қандай чет элликнинг эътиборини ўзига тортади. Бизнес менталитети деган нарса бор: ваъдага вафолик, вақт масаласида аниқлик, урф-одатлар ва маданиятлараро фарқларга толерантлик, айниқса, қишлоқ ва халқ хўжалиги маҳсулотларига қўйиладиган халқаро экологик талабларга мос маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шартномаларнинг амалда бажарилишини таъминлаш, ҳар қандай масалада ёлғончиликка, кўзбўямачиликка йўл қўймаслик каби. Қолаверса, биз европаликлар Ўзбекистон ҳудудида ишлаб, унинг яқин қўшнилари бўлган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билангина эмас, чегарадош бўлган Афғонистон, Мўғулистон, Хитой ва Ҳиндистон каби давлатлар билан ҳам ҳамкорлик қилишга қулай инфратизимли имкониятларни кўрмоқдамиз.

Яна бир нарсани таъкидламоқчиман. Юртингизда бизнинг Германияга ва немис халқига самимий ҳурмат бор. Бу биз учун жуда ёқимли.

Қолаверса, Ўзбекистонда миллий тилимиз бўлган немис тилининг профессор Хуррам Раҳимовга ўхшаган жонкуярлари ҳам кўп экан. Тилга эътибор – миллатга эътибор, дейилади-ку. Юртингизда немис тили ўқитилиши янада кучайтирилса, бу тил орқали биз немислар эришган дунёвий ютуқ ва кашфиётларимиз ҳақида янада кўпроқ маълумотлар келиши турган гап.

Энг муҳими – иш бошланса, у давом этади. Ҳамкорлик қоғозда қолиб кетмаслиги муҳим.

— Газетамизга бўлган эътиборингиз учун миннатдорлик билдирамиз!


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: