12.03.2019

ДИҚҚАТ, ЯНГИ РУКН: «БИЗНИНГ БУЮК АЖДОДЛАРИМИЗ»

Одамзод борки, авлод-аждоди, Ватанининг тарихини билишни истайди. Бу — кўп айтилган ва тан олинган буюк ҳақиқат. Яна айтилади: Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади. Ёки «Тарихий хотираси бор инсон — иродали инсон», деб уқтирилади.

Бу фикрлар устида ўйлаб, хулоса қиладиган бўлсак, ўз тарихимизни, ота-боболаримиз кимлигини билишимиз ҳам қарз, ҳам фарзлигини англаймиз. Тарих бизга аввало сабоқ беради, тўғри йўл кўрсатади, куч-қувват бағишлайди.

Қандай буюк ажододларимиз борлигини қанча кўп билсак, бошимизни шунча баланд кўтарамиз, фахрланамиз, ғурурланамиз, улар хотираси олдида масъулиятимиз ҳам ошади.

Яқин ўтмишда биздан тарихимизни, аждодларимиз ким бўлганини яшириб келишди. Агар биз буюк боболаримиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди жасоратларидан, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби жаҳонга машҳур олимларимизнинг қаҳрамонона ҳаёти ва оламшумул кашфиётларидан хабардор бўлганимизда ғуруримиз ошиб-тошган, кўксимиз тоғ каби баланд кўтарилган бўларди. Бундан мустабид замон манфаатдор эмасди, албатта.

Шунинг учун аждодларимиз номлари, буюк мерослари биздан сир тутилди. Бунинг устига, халқимизни саводсизга чиқаришди. Ота-боболари кимлигини билмаган, саводсиз, маданиятсиз, деб ҳақоратланиб келинган киши елкасини қисиб, бошини эгиб, ўзини ожиз ҳис этиб яшашга мажбур бўлади.

Мустақиллик шарофати билан тарих ҳақиқатини тиклаш бошланди. Тарихимизни, аждодларимизни билиш, улар қолдирган бой меросни ўрганиш борасида катта ишлар қилинди. Аммо тарихимизнинг қанчалик бойлиги, биз ҳали ҳаёти ва қолдирган бебаҳо меросини ўрганмаган улуғ боболаримиз оз эмаслигини ҳисобга олиб, айтадиган бўлсак, қилинган ишлардан кўра, қилинмаган ишларимиз кўплигини англаймиз.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатида «Буюк аллома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак.

Шу мақсадда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида «Ўзбекистон тарихи» каналини ташкил этиб, илмий жамоатчилик, ижодкор зиёлиларимиз билан биргаликда унинг дастурларини пухта шакллантириш керак», деган даъвати замирида ҳам катта маъно-мақсад ётибди. Тарихни билиш бебаҳо тарбиявий аҳамиятга эгалиги, тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка чорлаши, ота-боболаримиз кимлигини билиш бизга ишонч, ғурур, куч-қувват бағишлаши ҳисобга олиниб айтилмоқда бу сўзлар.

Газетамизнинг бугунги сонидан бошлаб «Бизнинг буюк аждодларимиз» рукнини ташкил этаяпмиз. Мақсад — бизга номлари ва илмий, ижодий мероси, қаҳрамонликлари маълум ва номаълум бўлган боболаримиз ҳақида газетхонларга кўпроқ маълумот бериш, айниқса, ёшларимизни уларнинг бебаҳо маънавий хазинасидан баҳраманд қилиш. Кўпдан-кўп улуғ боболаримиз номларини биламиз, аммо уларнинг илм-фан, адабиётдаги, ватан ҳимоясидаги хизматларини аниқ билмаймиз.

Биз тарихчи олимларимиз ва мутахассисларни, ижодкорларни ушбу мавзуни ёритишда фаол иштирок этишга даъват этамиз. Бу мавзудаги мақолалар йил охирида китоб ҳолида чоп этилади. Мурожаат учун телефонлар: (71) 233-81-97, (71) 233-65-45. Электрон манзил: E-mail: info@ uzbekistonovozi.uz


«ФАН ОЛАМИДА ЯККАЮ ЯГОНА ХАЗИНА БУ БЕРУНИЙДИР»


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: