05.03.2019

МЕҲР-ШАФҚАТ ВА САЛОМАТЛИК ЖАМОАТ ФОНДИ ҲИСОБОТИ

Одамлар иқтисодий шароити жиҳатидан турли қатламларга бўлинади. Кимдир ўзига тўқ, кимдир ўртаҳол, яна кимдир ёрдамга, эътиборга муҳтож... Аммо юксак ақл-идрок, тафаккур, интеллект, ғоя уларнинг ҳар бирида бўлиши мумкин. Аҳолининг ёрдамга муҳтож кишилари ўз иқтидорини юзага чиқариши учун уларга ёрдам керак бўлади.

Мамлакатимизда ижтимоий ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлайдиган ташкилотлар оз эмас. Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди ана шундай ташкилотлардан биридир. Фонд ўтган йил давомида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб лойиҳаларни амалга оширди.

Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди васийлик кенгашининг навбатдаги мажлисида фонднинг 2018 йилги фаолияти якунлари ҳамда 2019 йилга мўлжалланган вазифалари муҳокама қилинди. Шунингдек, йиғилишда фонднинг 2018 йилги молиявий фаолияти тўғрисида тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тингланди, 2019 йилга мўлжалланган харажатлар сметаси тасдиқланди.

 

Асрол МИРЗАҲМЕДОВ, Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди бошқарув кенгаши раиси:

— Ўтган йил давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўмаги ва фонднинг мурожаатига асосан 3.123.447.300 сўм маблағ жамоат фонди ҳисоб рақамига келиб тушди.

Кам таъминланган, меҳнатга лаёқати чекланган фуқаролар ушбу маблағлар ҳисобидан Россия Федерациясининг Болалар гематология, онкология ва иммунология илмий-клиника марказида, «Биологик системалар халқаро тиббиёт институтининг даволаш ва диагностика маркази»да, нейрохирургия марказида, Москва шаҳар хирургия илмий текшириш ва Москва тез тиббий ёрдам илмий текшириш институтларида, Ҳиндистоннинг «Миданта», «Аполло» клиникаларида, республикамизнинг ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида, Тошкент тиббиёт академиясининг клиникаларида даволанишига кўмаклашилди.

Қаровчиси ва боқувчиси бўлмаган кишиларни ҳар томонлама моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда моддий ёрдамлар ташкил этилди.

Тошкент шаҳар болалар руҳий асаб касалликлари Марказининг мурожаатига биноан даволанаётган беморлар эҳтиёжи учун керакли ётоқ жиҳозлари харид қилинди.

 «Мурувват» ва «Саховат» уйларида яшовчи ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда фонд фаол иштирок этмоқда. Айнан шу мақсадлар учун 2018 йилда 559.596.217 сўм сарф этилди.

Йил давомида жамоат фонди Бошқарувига Халқ қабулхоналари ва Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат этган фуқароларимиздан, тиббиёт муассасалари, маҳалла қўмиталаридан келган ариза-мурожаатлар 102 та бўлиб, уларнинг асосий мазмуни ижтимоий ёрдамга муҳтож кишиларга озиқ-овқат, протез-ортопедия буюмлари, техник воситалар, дори-дармонлар билан таъминлашда, даволаш масканларига жойлаштиришда ҳомийлик ёрдами кўрсатишдан иборат. Барча ариза-мурожаатлар белгиланган муддатда кўриб чиқилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўмагида ҳал этилди.

Йил якунига кўра жамоат фондининг жами харажатлари 3.287.742.925 сўмни, хайрия-эҳсон, ҳомийлик харажатлари эса 3.146.949.290 сўмни ташкил этиб, жамоат фондининг 2018 йилдаги хайрия-эҳсон, ҳомийлик харажатлари жами харажатларга нисбатан 95,7 фоизни, хўжалик харажатлари эса — 4,3 фоизни ташкил этди.

Йиғилиш давомида фонднинг вилоят ҳудудий муассасаларининг бошқарув раислари ҳам ҳисобот берди. Шунингдек, улар фонд фаолиятини янада ривожлантириш бўйича таклифларини ҳам айтишди. Хусусан, иштирокчилар фонд бошқа ташкилотлардан хайрия йўлида маблағ сўраш билан чекланиб қолмай, ер олиб тадбиркорлик қилиш ва ундан тушган даромадни хайрия йўлида фойдаланиш таклифини беришди. Дарҳақиқат, фонд ўз кучи ва имкониятларидан янада самаралироқ фойдаланса, кўпроқ хайрли ишлар қилишга қодир бўлади.

 

Шаҳбоз САИДОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: