10.07.2018

ЯШАШ УЧУН ЯШАМАЁТГАН ОДАМ

Қаҳрамон бўлиш учун атайин қаҳрамонлик кўрсатиш шарт эмас. Орамизда шундай оддий одамлар борки, уларнинг фаоллиги, фидойилигини қаҳрамонликка менгзаш мумкин. Фақат ўзи учун эмас, ўзгалар учун ҳам куйиб-пишадиган, тиниб-тинчимайдиган ҳимматли, жонкуяр инсонлар қанча кўп бўлса, ҳаёт янада фаровон бўлади.

Бу 9 қаватли уй олдидан деярли ҳар куни эрталаб ва кеч­қурун атай ўтаман. Мақсад — кўзни қувонтирадиган, кўнгилни яйратадиган даражадаги гўзал манзарадан завқланиш.

Турфа ранг гуллар... Ҳар хил ҳажмдаги турли-туман тошлар... Ям-яшил майса, чиройли чечаклар, хилма-хил ўсимликлар... Ҳовузчалар, ҳайкалчалар... Дид билан шакл берилган арчалар, ажиб манзарали майда дарахтлар... Хуллас, бу гўзалликни сўз билан таърифлаш, тасвирлаш анчайин қийин, томоша қилиш эса ҳам осон, ҳам мароқли.

Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги «Иқбол» маҳалласи, 12-уй... Худди шу манзилда гуллар ва гўзаллик, назокат ва нафосат шайдоси Аҳмаджон Сайфулов истиқомат қилади.

Тўрт фарзанднинг отаси, етти набиранинг бобоси бўлмиш 63 ёшли Аҳмаджон ака билан танишиб, гурунглашишни кўпдан кўнгилга тугиб юрардим. Тунов куни у кишини гулзорни парваришлаётганда учратиб қолдим ва ўзимни таништириб, суҳбатга тортдим.

— Аҳмаджон ака, кўриниб турибди, анча тажрибали гулчи-боғбон экансиз...

— Йўқ, мен боғбон эмасман.

— Йўғ-э?

— Ҳайдовчиман. Пенсияга чиққунга қадар енгил машинадан тортиб, «Зил», «Камаз», «Маз»гача ҳайдаганман.

— Ҳайдовчининг мана бу манзарани яратиши, ахир, бунинг ўзи бўлмайди-ку?!

— Бу энди қизиқиш, меҳнат ва меҳр меваси. Ўн йилдан ошди, боғ, гулзор, ландшафт яратишга қизиқиб қолдим. Китоб ва журналлардан, интернетдан фойдаланиб, кўп нарсани ўргандим.

— Малака, тажриба, кўникма-чи? Қолаверса, устоз-шогирд, деган гаплар ҳам бор.

— Агар астойдил ўз устингизда ишласангиз, ҳамма нарсани ўрганса бўларкан. Боя айтдим, ўн йилдан буён экзотик манзара яратишга қизиқаман. Амалий ишни бошлаганимга эса беш-олти йил бўлди. Бир дўстимнинг таниши ҳам ландшафт билан шуғулланади. Ундан тушунмаган, билмаганларимни сўраганман.

— Сир бўлмаса, айтинг-чи, айнан нималарни ўргандингиз ўша инсондан?

— Жой, тупроқ танлашни, ўсимлик ва кўчатларни қачон, қайси пайт ва қай тарзда экишни.

— Аҳмаджон ака, шу уйнинг ён ва олд томонини яшнатиб қўйишингизга бирон бир сабаб борми?

— Бор. Бу уйда оилам билан яшайман. Уй ҳам бир — Ватан! Қўлимдан келаркан, нега энди ўз уйим — ўз Ватанимни обод қилмаслигим керак?!

— Раҳмат! Ҳамма ҳам сиздек ўйламайди, ҳамма ҳам сизчалик ҳаракат қилмайди-да. Агар ҳар биримиз ўз уйимизни Ватан билиб, ободонлаштиришга киришсак борми, эҳ-ҳэ, қанчалар улуғ иш бўларди! Афсуски, юқори қаватлардан у-бу нарсани пастга ирғитадиган, махсус жойга боришга эриниб, чиқиндини йўлакка, кўчага, ариққа ташлаб кетадиганлар ҳам кўп.

— Мен баъзи одамларни кабутарга ўхшатаман. Уларнинг кўриниши, кийиниши чиройли, яшаш тарзи эса... Кабутар чиройли қуш, аммо яшаши... Шу гулзорга ҳам тепадан нос туфлайдиган, сигарета қолдиғи ёки бошқа майда-чуйда нарсалар отадиганлар бор. «Илтимос, ташламанглар, тупурманг­лар», деб қайта-қайта айтиб чиқдим. Кимлардир мени тушунди, кимгадир гапим умуман таъсир қилмади.

— Ландшафтни яратишга киришганингизда «Сенга нима зарил, қўй бу ишингни» деганлар ҳам бўлгандир?

— Ҳа. «Ортиқча харажат қилиб, бошингни оғритиб нима қиласан, барибир кўкартира олмайсан, ўсмайди» дейишди. Гап-сўзи майли-ю, лекин ўша «доно»ларнинг ҳеч бири ақалли бир челак тупроқ ҳам ташишмади.

— Айтганча, харажат ҳа­қида. Ландшафт сизга қанчага тушган? Биргина суғориш тизимини йўлга қўйишнинг ўзи бўлмагандир?

— Тошдан бошқа ҳамма нарсани сотиб олганман. Сарф қилинган суммани эса айтолмайман, чунки бу ишларни фойда олиш мақсадида қилганим йўқ. Суғориш тизими учун ертўладан қувур тортганман. Бу борадаги амалий ёрдами учун «Иқбол» маҳалласи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Людмила Уваровадан миннатдорман.

— Эшитишимча, йўлакни ҳам гул билан безаб қўйганмишсиз?

— Ўзим учинчи қаватда тураман. Иккинчи ва учинчи қават йўлакларини имкон даражасида безашга ҳаракат қилдим.

— Кўрсак бўладими?

— Марҳамат, бемалол.

Йўлакка кирдик. Очиғи, мўъжазгина гулзорга кириб қолгандек бўлдим. Деворда, зинапояда... ҳамма жойда ранг-баранг гуллар. Азбаройи қизиққанимдан катта-кичик гултувакларни бирма-бир ­санаб чиқдим. Улар «бор-йўғи» 112 та экан. Қойил, ҳавас қилса, ибрат олса арзигулик улуғ иш бўлибди!

Ҳар куни эрталаб гулзорга салом бериб, дарахтлар, гуллар билан гаплашиб чиқадиган Аҳмаджон ака билан узоқ суҳбатлашдик. Суҳбат давомида кенжа ўғли Эдик ҳам ота изидан бориб, ўзи яшайдиган уй ёнини яшнатиб қўйганлиги маълум бўлди.

Саховатли инсон Аҳмаджон Сайфуловнинг яна бир ишига қойил қолиш керак. У кишидан Бектемир туманидаги 575-мактабгача таълим муассасаси жамоаси беҳад мамнун. Негаки, табиат ва гўзаллик шайдосининг болажонларга совғаси — чиройли ландшафт боғча ҳовлисига кўрк ва зеб бағишлаб турибди.

Аҳмаджон ака билан хайрлашарканман, кўнглимдан «шун­дайлар бор бўлсин, кўп бўлсин!» деган тилак, «савобли, ибратли ишларни қилиб, жимгина юрадиган жонкуярларга эътиборли бўлиш керак!», деган фикр ўтди.

 

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,

журналист.



DB query error.
Please try later.