05.07.2018

ГРОССМЕЙСТЕРЛАР ШОҲМОТ ТАХТАСИДА ИЖОДКОРЛАР ДОНА СУРИШДИ

«Ўзбекистон овози» газетасининг илк сони чиққанига 100 йил тўлиши муносабати билан Республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар шоҳмот мактабида журналист ва ёзувчилар, адабиётшунослар ўртасида турнир ўтказилди. Етти турдан иборат баҳсларда иштирокчилар гроссмейстерлар ўйнайдиган шоҳмот тахтасида белгиланган халқаро меъёрларга бўйсуниб дона сурди. Халқаро тоифадаги ҳакам Маматқул Ҳайлаев баҳсларни назорат қилиб борди.

«Муштум» журнали бош муҳаррири Носиржон Тошматов 6 очко жамғариб турнир ғолиби бўлди. У «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки томонидан ташкил этилган совға — 4 миллион 800 минг сўмлик планшет билан тақдирланди. «Ўзбекистон овози»да узоқ йиллар ишлаган меҳнат фахрийси Шоҳайдар Мирҳабибов иккинчи ўринни эгаллади. Унга «Artel» телевизори топширилди. Учинчи ўрин соҳиби — «Правда востока» газетаси фотомухбири Рашид Галиев қимматбаҳо совға билан мукофотланди. Шунингдек, турли номинациялар бўйича ҳам иштирокчиларга совғалар топширилди.

 

Носиржон Тошматов, «Муштум» журнали бош муҳаррири, мусобақа ғолиби:

Ғолиб бўлганимдан жуда хурсандман. Бундай тадбирлар ижодкорларни, журналистларни жипслаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, журналистларимиз кўпроқ шоҳмот ўйнаб турса, бу уларнинг ижодий ишларига ҳам фойдали бўлади. Чунки, шоҳмот инсонни эркин ва изчил фикрлашга ўргатади, таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантиради, стратегик мулоҳаза қилишга одатлантиради, хотирани мустаҳкамлайди. Ўйин вақтида шоҳмот тахтаси устида содир бўладиган воқеаларнинг ҳеч бири тасодиф эмас. Ғалаба таваккал дона сурганга эмас, балки аниқ мақсад билан тўғри йўл топиб юриш қилган кишига насиб этади.

 

Шоҳайдар Мирҳабибов, меҳнат фахрийси, иккинчи ўрин соҳиби:

— Барча даврларда ҳам истеъдодли одамларнинг аксарияти шоҳмот ўйнаган. Шоҳмотни жуда катта тарбиячи, деб ҳисоблайман. Шоҳмот, биринчи навбатда, инсондаги курашчанлик ва ғалабага ишонч руҳини тарбиялайди. Ундан кейин шоҳмотда хато кечирилмайди. Ғалабага етдим, деб турганингда ҳам озгина эҳтиётсизлик мағлубиятга олиб келади. Бугун шоҳмотни яхши кўрган касбдошларим даврасига кирганимда бутун ташвишларимни унутдим...

Турнир сўнггида шоҳмот бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида жаҳон чемпиони Исломбек Синдоров журналистлар билан сеанс ўтказди.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

Таҳририятдан: Турнирни ўтказишда бизни қўллаб-қувватлаган «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки раҳбариятига катта миннатдорлик билдирамиз.



DB query error.
Please try later.