05.07.2018

АБДУМАЛИК — МАРД ЎҒЛОН!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Абдумалик Абдусалимов «Мард ўғлон» Давлат мукофоти билан тақдирлангани тўғрисидаги хушхабар Қашқадарё воҳаси бўйлаб бир зумда ёйилди ва Яккабоғ туманидаги «Оқтош» маҳалласига етиб келди.

Мактабимизнинг 9-синф ўқувчиси Абдумаликжоннинг муваффақиятлари барчамизни ғурурлантиради, — дейди Яккабоғ шаҳридаги 75-мактаб директори Феруза Сатторова. — Абдумаликжон дарсларни яхши ўзлаштириб, шоҳмот борасида ҳам жаҳоншумул ютуқларга эришяпти. Бундай истеъдодли ўқувчи ўнлаб тенгдошларини ўз изидан эргаштиради.

Оқтош маҳалласига борганимизда, кўркам дарвозали уйни кўрсатишди. Оила бошлиғи Баҳодир Шавриқов илиқ кутиб олди ва ҳовлига бошлаб кирди.

Ўзим иқтисодчиман, анча йил ҳокимиятда ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилдим. 2011 йил 10 гектар ер олиб, фермер хўжалиги туздик, бари сара мева, дарахтлар ҳосилга кирган. Икки ўғил, бир қизимиз бор. Фарзандларим аввало меҳнатнинг қадрига етсин, дейман.

Оила бекаси Зебохон Шавриқова ва шоҳмот бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати қатнашчиси, Осиё чемпиони Абдумалик Абдусалимов билан анча суҳбатлашдик. Очиғи, Абдумалик серўй, тафаккури юксак, камгап ўсмир экан. Қатор-қатор медаллар ва мукофотларни бизга онаси кўрсатди.

Ўғлим Абдумаликжон ёшлигидан шоҳмотга меҳр қўйди, — дейди онаси Зебохон. — Биринчи устози отаси бўлган. Болаларимизга ўқишлари ва ўз қобилиятларини юзага чиқариш учун шароит яратиб беришга ҳаракат қилаяпмиз. Опаси Бахтинур коллежни бу йил тугатди ва келажакда хорижий тиллар бўйича ўқитувчи бўлмоқчи. Укаси Нурсултон 7-синфда ўқийди ва спортнинг дзюдо тури билан шуғулланади. Устозларидан бири Абдураҳмон Нодиржонов.

— У киши шоҳмот сирларини ўргатиш баробарида, чет элларда мусобақаларда қатнашиб, Ватан шаънини кўтариш хақида кўп гапирадилар, — дейди Абдумалик. — Кейин Тошкентдаги шоҳмот академиясида таҳсил олдим. Академиядаги мураббийим — Бобур Сатторов. Бу ерда мураккаб шоҳмот масалаларини ечишни ва ғалабага интилишни ўргандим. Устозларимдан миннатдорман...

Бошда Абдумаликжоннинг серфикр ва камгаплигини сезгандим. У муваффақиятлари хақида ийманиб гапирарди. Аслида 16 ёшигача яхши ютуқларни қўлга киритди. Беш карра Ўзбекистон чемпиони бўлди. 2015 йилда Греция давлатида ўтган болалар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашиб, дунёнинг 20 энг умидли ёш шоҳмотчилари сафидан ўрин олди. Айниқса, бу йил апрель ойида Таиландда ўсмирлар ўртасида ўтган Осиё чемпионати унинг ҳаётида ўчмас из қолдирди.

— Чемпионатда кучли ёш шоҳмотчилар қатнашди, — дея оҳиста ҳикоя қилади Абдумаликжон. — Энг кучли рақибим ҳиндистонлик тенгдошим – Ковстав Чаттерфел бўлди. Аммо устозларим берган сабоқ, ўқиб-ўрганганларим бежиз кетмади, ғалаба қозондим.

Мени «Мард ўғлон» Давлат мукофотига лойиқ кўргани учун Президентимиздан чексиз миннатдорман. Келажакда юртимизни дунёга танитишга ҳисса қўшиб, ўз шоҳмот мактабимни яратишни орзу қиламан. Тўғриси, орзуларим бир дунё...

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Суратда: «Мард ўғлон» Давлат мукофоти соҳиби, шоҳмот бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони, қатор халқаро турнирлар ғолиби Абдумалик Абдусалимов онаси Зебохон Шавриқова билан.



DB query error.
Please try later.