10.07.2018

ЁШЛАРДАН ҚАРЗИМИЗ КЎП

Ҳотамжон КЕТМОНОВ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари:

— Ёшлар — бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи. Ҳозирда мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини баркамол авлод эгалари ташкил этишини ҳисобга олсак, юрт тараққиёти кўп жиҳатдан навқирон ўғил-қизларга боғлиқ эканини янада теранроқ тасаввур этамиз. Шу боисдан Президентимиз томонидан ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш устувор вазифалар этиб белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир маърузасида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни комил инсон этиб тарбиялаш масалалари қамраб олинмоқда. Хусусан, Муҳтарам Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш таклиф қилингани чуқур ҳаётий аҳамиятга эгадир.

Шунингдек, яқинда Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТнинг навбатдаги саммитида Президент Шавкат Мирзиёев таклифига кўра, ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилингани ҳам ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан далолатдир.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати миллий қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқ­нинг умумэътироф этилган талабларига асосланади. Ўзбекистон бевосита ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг иштирокчиси ҳисобланади.

Жорий йилнинг 4 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектр йиғилиши ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, замонавий билим ва кўникмага эга бўлишларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий фаоллигини юксалтириш, илғор ғоя ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланди. Йиғилишда бу борадаги камчиликлар қаттиқ танқид остига олинди.

Жумладан, кейинги бир йилда янги тизим ва ёндашувлар амалиётга жорий этилган бўлса-да, ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлашга, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда муаммоларини ҳал этишга етарлича эътибор қаратилмаётгани таъкидланди. Бунинг оқибатида содир этилган 17,5 минг жиноятнинг қарийб 31 фоизи ёшлар ҳисобига тўғри келиши, айниқса, мамлакат бўйича жиноят содир этган 22 минг шахснинг 11 минг нафарини ёшлар ташкил этаётгани ачинарлидир. Ваҳоланки, мамлакатимизда ҳокимлар ва ИИБ бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимлари жорий қилинган.

Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган танқидий-таҳлилий фикрларни юрагидан ўтказиб тинглаган ҳар бир виждони бор раҳбар уйғониши, ўз фаолиятини қайта таҳлил қилиб чиқиши ва виждонан ёндашиши талаб этилади.

Йиғилишдан сўнг партиямизда ёшлар йўналишида олиб бораётган фаолиятимизни таҳлил қилдик. Жудаям кўп саволлар бирма-бир кўз олдимиздан ўтди. Мамлакатимиз аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этадиган, ўзига хос ижтимоий-демографик хусусиятга эга қатлам — ёшларнинг бугунги кайфияти, қизиқишу интилишлари, маънавий-руҳий олами қандай? Улар учун ҳаётда нималар қадрият даражасига кўтарилган? Ўз навбатида, уларни нима ўйлантиради ва ташвишга солади? Ўзи бугун ёшлар нималар билан банд? Уларни кўпроқ нималар қизиқтиради? Нима учун ёшлар муаммоси давлат сиёсати даражасига олиб чиқилмоқда?.. Ушбу саволлар ҳаммамизни чуқур ўйлаб, хулосалар чиқаришга ундайди. Чунки бу саволларнинг тагида бугунги кундаги энг ўткир масала — ёшларнинг бандлиги ётибди. Улар бирор иш билан банд эмас экан, яъни ёшларнинг бандлиги рақамларда эмас, амалда таъминланмас экан, камчиликлар яна такрорланаверади.

Ҳаракатлар стратегиясида ҳам мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, ўрта махсус ва олий ўқув юрти муассасаларининг битирувчилари бандлигини таъминлаш, ишсизлик даражасини камайтириш ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида ҳам мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта биринчи иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратиш устувор вазифа этиб белгиланган. Энди ўзимизга савол берайлик, ёшларнинг муаммоларига ечим топиш, уларнинг бандлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш каби вазифаларни қай даражада бажара олдик? Ёшларнинг орзу-истак ва ғояларини амалга оширишда қандай ташаббуслар билан чиқдик? Афсуски, ушбу саволларга умумий иш фаолиятимиздан жавоб топишга қийналамиз...

Агар ёшларнинг муаммоларини чуқур ўрганиб, уларнинг ёнида юрганимизда йиғилишда келтирилган рақамлар бу қадар катта ва хавотирли бўлмасди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш орқали жамиятда соғлом ва фаровон турмуш яратилади. Шу маънода, бандлик соҳасидаги муаммолар самарали ҳал қилинмас экан, ёшлар ўртасида соғлом муҳит таъминланмайди. Афсуски, ҳалигача меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш ҳоллари сақланиб қолмоқда. Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга юзаки ёндашувлар учрамоқда. Президентимиз йиғилишда ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида жиддий муаммолар борлигини танқид остига олиб, ўтган давр мобайнида 1 минг 700 дан зиёд меҳнат ярмаркаси ўтказилганига қарамай, уларда иштирок этган ёшларнинг атиги 5 фоизигина ишга жойлашгани, кейинги бир йилда 509 минг нафар ёшлар чет элларга чиқиб кетганини қайд этди.

Юқоридаги рақамларга эътибор берайлик, меҳнат ярмаркаларида қатнашган ёшларнинг атиги беш фоизи иш билан таъминланган. Ушбу рақамнинг ўзи ҳам минглаб ёшларимизнинг кўча-кўйда сарсон бўлиб, ишсиз юрганини исботлайди. Бекор қолган ёшларнинг фикри ўзгаради. Жиноят содир этишга мо­йиллиги кучаяди.

Йиғилишда ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, замонавий билим ва кўникмага эга бўлишларини таъминлаш, уларнинг илғор ғоя ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ёшлар — келажагимиз» Давлат дастури қабул қилингани таъкидланди. Мазкур дастур ёшларимизга амалий ёрдам беришда катта ҳаётий аҳамиятга эга эканини барчамиз яхши ҳис этиб турибмиз.

Дастурда ҳокимларга ёшлар орасидаги вазиятни чуқур таҳлил қилиш, уюшмаган, ҳеч қаерда ишламайдиган ёшлар билан ҳар ҳафта учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш, ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бандлигини таъминлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган.

Президентимиз ушбу долзарб масалалар ҳақида бош қотириш мамлакатимизда нафақат Ёшлар иттифоқи ёки ҳокимларнинг иши, балки бутун жамоатчилигимиз зиммасидаги вазифа эканини, бунинг учун бутун жамият уйғониши кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шундай экан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ушбу ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаб, ёшларнинг ­муаммоларини ҳал қилиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ишларига барча куч ва имкониятларини сафарбар этади. Партиянинг ёшларга мурожаатини ишлаб чиқиб, «Ёшлар — келажагимиз» дастурининг фаол ижрочилари қаторига киради.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: