05.07.2018

ДЕПУТАТНИНГ ИШИГА ҲАҚИҚИЙ БАҲОНИ ХАЛҚ БЕРАДИ

Таҳририятимизда депутатлик масъулияти ҳақида давра суҳбати ўтказилган эди. Унда Тошкент шаҳар туман Кенгашлари ташкил этилганига ярим йил бўлаётгани, шу вақт давомида депутатларимиз ишни қандай йўлга қўйгани, қандай ташаббуслар билан чиқаётгани, бугун халқ вакиллари зиммасида улкан масъулият тургани хусусида сўз юритилганди. Газетамизнинг 19 июнь сонида «Энг катта вазифа ишончни оқлашдир» сарлавҳаси остида бир гуруҳ депутатларнинг шу масалалардаги фикр-мулоҳазалари берилган эди. Ушбу мавзу юзасидан таҳририятимизга кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Уларнинг орасида Тошкент шаҳар туман Кенгашлари депутатлари фикр-мулоҳазалари битилган электрон хатлар ҳам бор. Депутатлар ҳудудлардаги муаммолар ва уларнинг ечими бўйича ўз таклифларини билдиришмоқда.

 

Феруза ҲАЙДАРОВА, халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосарибош шифокори:

Ўтган йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар туман Кенгашларига ўтказилган сайловда партиямиз жами 50 депутатлик ўрнини қўлга киритди. Шулар қаторида мен ҳам борлигимдан фахрланаман. Табиийки, масъулиятим минг карра ошганини ҳам биламан. Депутатлик фаолиятимнинг илк кунларида ишни нимадан бошлашни билмай юрдим. Шу вақтда қабулимга келган бир бемор истиқомат қилаётган ҳудудидаги ўзини ўйлантираётган ижтимоий муаммо хусусида гапириб қолди. Ундан ҳудудингиздан сайланган депутатга мурожаат қилмадингизми, деб сўрадим. У эса бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганини билдирди. Рости, жуда хафа бўлдим. Гўё сайловчим билан суҳбатлашаётгандек ҳис этдим ўзимни. Шу куни 10-Алпомиш округи томон йўл олдим. Хаёлимда депутат аслида ким, деб такрорлардим. Учрашувдан сўнг эса депутат халқнинг хизматидаги шахслигига яна бир марта амин бўлдим. Шундан буён ҳар бир фуқаро билан суҳбатлашишдан эринмайман. Муаммони ҳал этмагунча тинчимни тополмайман. Бу жараёнлардан ҳузурланадиган бўлдим.

Депутат бўлиб сайланганимда ҳудудимиз тинч ва осойишта, айтарли муаммо ҳам йўқ, деб ўйлагандим. Янглишган эканман. Аҳоли орасида эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларни ўйлантираётган масалалар етарлича топилар экан. Ҳар ой депутатлик ҳисоботини ёзарканман, амалга оширилган ишлар билан биргаликда келажак учун режалар ҳам тузиб бораман. Мурожаатлар билан танишаман. Масалан, 171-мактаб ўқитувчилари томонидан ёзма мурожаат келиб тушди. Унинг мазмуни билан танишиб, очиқ мулоқот ўтказишга аҳд қилдик. Аҳолига қанчалик яқин бўлсак, уларнинг ишончини қозонишимиз шунчалар осон бўлишини билдик.

Мен бош шифокор лавозимида ишлайман. Табиийки, ҳар куни кўпчилик билан мулоқотда бўламан. Бундан ташқари, шифохонамизда ишлаётган ходимлар ҳаёт тарзи билан яқиндан танишиб боришим, муаммоларини ўрганиб, ечим топишда кўмаклашишим ҳам лозим. Ҳали қиладиган ишларимиз талайгина. Депутат сифатида фаолиятимдан тўла қониққаним йўқ.

Оилаларга кириб борганимизда ишсизлик ёки уй-жой, соғлиқни сақлаш тизими билан боғлиқ муаммолар учрайди. Кўп қаватли уйларда коммунал тўловларнинг ошиб боришидан аҳолида норози кайфият шаклланмоқда. Буларнинг барини бирданига ҳал этиб бўлмайди, албатта. Шуни ҳисобга олиб, сайловчиларга ҳар бир вазият юзасидан атрофлича ҳуқуқий ва иқтисодий тушунча беришга ҳаракат қиламиз. Йўл-йўриқ кўрсатамиз. Уларга муаммо бирданига ҳал бўлади, деб айта олмаймиз. Баъзи масалаларнинг ечим топиши мутасадди ташкилот раҳбарларига ҳам боғлиқ. Улар депутат сўровига бефарқлик қилмаса, депутатнинг ҳам сайловчилар олдида юзи шувут бўлмайди.

«Ўзбекистон овози» газетасида чоп этилган Тошкент шаҳар туман Кенгашлари депутатларининг фикр-мулоҳазалари билан танишдим. МЕНДА ҲАМ БИР ТАКЛИФ БОР. Вилоятларда, туман ва чекка қишлоқларда тиббий ходимлар етишмайди. Шу боис тиббиёт олийгоҳларида вилоятлар кесимида барча тиббий йўналишлар бўйича квоталарни ошириш лозим, деб ўйлайман. Квота асосида ўқишга кирган талабаларнинг ўз ҳудудларида фаолият олиб боришини таъминлаш зарур. Чекка қишлоқ ва худудларда кичик поликлиникалар жорий этиш керак. Албатта, бу масалаларда республикамизда муайян ишлар амалга ошириляпти, лекин бу жараённи янада жадаллаштириш керак.

 

Акмал ЙЎЛДОШЕВ, халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Қибрай туманидаги «Гулшан» санаторийси директори:

— 2-Исломобод сайлов округидан депутатликка сайланганман. «Тикланиш» маҳалласи ҳам бизнинг сайлов округимиз ҳудудида жойлашган. Ҳудудимизда кўп қаватли уйлар йўқ. Шу боисданми, ширкатлар фаолияти борасида ҳеч ким шикоят қилмайди. Бизда ишсиз одам деярли топилмайди. Бирор фуқаро ишсизлигини билганимиз заҳоти маҳалладошлар кўмагида унинг бандлиги таъминланади. Буларнинг барчаси маҳалла аҳлининг аҳиллигидан, деб биламан.

Ойда икки-уч марта сайловчилар билан учрашув ўтказамиз. Уларни ўйлантираётган масалаларни аниқлаб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборамиз. Бундай вазиятларда мутасадди ташкилот ва масъуллар ёрдамига муҳтож бўламиз. Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчиман, ҳар қандай масаланинг ҳал бўлиши депутат шахсиятига, қатъиятига боғлиқ. Яъни, депутат руҳан кучли инсон бўлса, муаммони ҳал этмагунча тинчимайди. Бошқаларга ҳам тинчлик бермайди. Бошида қийналиши, югур-югурлардан толиқиши мумкин. Аммо унинг амалий ишлари аҳоли орасида эътироф этила бошлагач, ҳар қандай ташкилот, ҳар қандай мутасадди раҳбар депутат билан ҳисоблашади. Бунга ўз фаолиятим мисолида амин бўлганман.

Рости, Тошкент шаҳар туман Кенгашларига сайлов бўлишини эшитганимда, депутат сифатида номзодимни қўйиш хаёлимга ҳам келмаган эди. Юнусобод туман партия кенгаши раиси Нигора Эшматова бу ҳақда айтганида, масъулиятдан бироз чўчидим ҳам. Аммо унинг аҳолига фойдангиз тегсин, дейман-да, деган гапларидан сўнг иштиёқ пайдо бўлди. Мана, сайловдан кейин олти ой ўтди. Шукрки, депутат сифатида муайян ишларни амалга оширишга улгурдим. Бир нечта ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд оила вакилларига бепул даволаниш учун ордер олишида кўмаклашдим. Ўзим фаолият олиб бораётган санаторийда ҳам эҳтиёжманд кишилар учун имтиёзли тарзда дам олишлари учун шарт-шароитлар яратдик. Ҳудуддаги муаммолар юзасидан сессияга масала олиб чиқдик. Бу бўйича сессия қарори қабул қилинган бўлиб, айни вақтда унинг ижросини назорат қиляпмиз.

«Тинчлик» маҳалласи ҳудудидаги «Гулёр» 6-тор кўчаси Тошкент шаҳри ҳудудига қўшилгандан буён асфальт қилинмаган. Кўчанинг 40 фоизи канализация тизимига уланган, холос. Электр сим ёғочларини алмаштириш, тунги ёриткичлар ўрнатиш лозим. Бу масалаларни чуқур ўрганиб, кейинги йил Давлат дастурига киритиш бўйича туман ҳокимига депутатлик сўрови юбордик. Сўровга ўз вақтида ижобий жавоб ҳам олдик. Амалга оширган саъй-ҳаракатларимиздан аҳоли мамнун. Ҳаракатни сусайтирмаслик кераклигини биз, депутатлар яхши англаб етяпмиз. Зеро, Тошкент шаҳар туман Кенгашларига сайлов бежизга ўтказилмади. Жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, ижро ҳокимиятига аниқланган муаммолар юзасидан таклифлар бериш мақсад қилинганди. Бир сўз билан айтганда, катта юкни зиммамизга олганмиз. Вақти келиб, сайловчилар биздан ҳисоб сўрайди, ишимизга ҳақиқий баҳони жамоатчилик беради. Биз бунга тайёр туришимиз лозим, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.