12.05.2018

Экстремистик фаолият: ПРОФИЛАКТИК ТАДБИРЛАР, ҚАРШИ КУРАШ ЧОРАЛАРИ КУЧАЙТИРИЛАДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бўлган қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳалари Ўзбекистон ХДП фракциясининг мажлисида ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди. Таъкидландики, лойиҳа Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонидаги вазифаларни қонун ҳужжатларида мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Қонун лойиҳасига кўра, бир қатор қонунлар ҳамда кодексларга ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда. Масалан, «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги қонунга ҳисоб палатаси зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида биржа битими тўғрисидаги ахборотларнинг тақдим қилиниши билан боғлиқ қоидани киритиш масаласи илгари сурилмоқда.

Депутатлар фикрича, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар орқали Ҳисоб палатасининг фаолияти тартибга солинади. Ҳужжатларда белгиланган асосий вазифалари ва йўналишлари бош­қа қонунларда ҳам акс эттирилиши таъминланади.

Шунингдек, фракция аъзолари биринчи ўқишда киритилаётган «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилди. Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида халқаро терроризм ва экстремизмнинг янги таҳдидлари пайдо бўлаётган бир шароитда бу борадаги профилактик тадбирларни янада кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо этаётгани таъкидланди.

 

Шуҳрат МАМАЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Таклиф этилаётган қонун ло­йиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланмоқда. Мазкур ҳужжат ор­қали бугун бутун дунёни ташвишга солаётган иллатга, одамларнинг онги ва ҳаётини заҳарловчи ғоялар тарқатувчиларга қарши курашиш масаласининг ҳуқуқий асослари яратилади. Экстремистик гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш чоралари кўрилади. Лекин лойиҳа устида ишлаш, уни янада мукаммаллаштириш талаб этилади.

 Экстремистик фаолиятга қарши курашишда профилактика масалалари долзарб аҳамият касб этади. Шунинг учун қонуннинг номини ҳам қайта кўриб чиқиш керак, деб ўйлаймиз. Лойиҳада жумлалардаги ўхшашликлар, ноаниқликлар кўп учрайди. Улар тушунарли ва аниқ сўзлар билан алмаштирилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Муҳими, мазкур ҳужжат «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги қонунни такрорламаслиги керак. Булар икки хил масала бўлиб, қарши кураш чора-тадбирлари ҳам бир-биридан ­фарқланиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

 

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Тўғри, мазкур қонунни қабул қилишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Аммо ундаги меъёрларни аниқ, равон, халқаро стандартларга ҳар томонлама мос шаклга келтириш лозим. Экстремизм глобал даражадаги масала бўлиб, қонун қабул қилингач, дунё ҳамжамиятининг ҳам эътиборини тортади, халқ­аро экспертлар муҳокамасида бўлади. Пухта ва сифатли қонун яратиш анчагина вақт талаб этади.

 Фракциямиз аъзолари қонун лойиҳасида айрим жиҳатлар ўзаро номутаносиб бўлгани учун уни қайта кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблайди. Экстремистик фаолиятни чеклаш билан боғлиқ меъёрларни мантиқан мос келувчи жумлалар билан тўлдириш лозим. Давлат идораларига профилактик тадбирларни амалга ошириш юзасидан қатор вазифалар юклатилмоқда. Гап шу ҳақда кетганда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунга мурожаат қилиш талаб этилади. Қонун ло­йиҳасида қайси нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилиши аниқ кўрсатиб ўтилиши зарур, деб ўйлаймиз.

Шунингдек, экстремистик гуруҳга алоқадор шахслар эмас, гуруҳлар ва ташкилотлар билан боғлиқ меъёрлар ҳам белгиланиши лозим. Суд қарорига кўра экстремистик гуруҳ деб топилган ҳолатда қандай чоралар кўрилиши ҳақида аниқлик киритилиши керак.

Фракция йиғилишида «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс­нинг 511-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар диққат марказида бўлди. Лойиҳада ногиронлиги бўлган шахсларнинг инженерлик, транспорт ва ­ижтимоий инфратузилма объ­ект­ларига тўсиқсиз киришини таъминлаш масаласи асос қилиб олинган. Белгиланган талабларни бажаришдан бўйин товлаганлик, шу орқали уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда. Бу борадаги қонун ҳужжатлари маъмурий жавобгарликни тартибга солиш соҳасидаги халқаро ҳужжатларга мувофиқлаштирилмоқда.

 

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ногиронлиги бўлган шахсларни фаол ҳаётга қайтариш, улар учун тўсиқсиз муҳит яратиш долзарб аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан қараганда мазкур қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаймиз. Лекин унга айрим аниқликлар киритилиши керак. Масалан, пандусларнинг қандай бўлиши, қай йўсинда жойлаштирилиши билан боғлиқ меъёрлар ишлаб чиқилиши, ана шу асосида жавобгарлик турларини белгилаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Фракциямиз вакиллари қо­нуннинг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун тенг шароитлар яратилишини таъминлайди, деб ҳисоблайди. Уларни жамият ҳаётига фаол жалб этишга, ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида тан олинган халқаро меъёр ва стандартларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилишга олиб келади. Лойиҳадаги ноаниқликларни бартараф қилиш ва янада такомиллаштириш лозим.

Йиғилишда, шунингдек, «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари тўғрисида»ги ва қатор қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди.

Муҳокама қилинган қонун ло­йиҳалари бўйича фракция ўз позициясини белгилаб олди.



DB query error.
Please try later.