26.06.2018

ШҲТНИНГ ТАРИХИЙ САММИТИ: ТАРҒИБОТ ИШЛАРИ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Циндао шаҳрида ўтказилган саммитида бир қанча тарихий ҳужжатлар қабул қилинди. Шулардан бири ШҲТ давлатлари раҳбарларининг Ёшларга мурожаатидир. Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Тошкент давлат шарқшунослик институтида ушбу саммитнинг аҳамияти ҳақида ёшлар иштирокида давра суҳбати ўтказди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзолари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ходимлари, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоллари, профессор-ўқитувчи ва талабалар қатнашди. Мавзу юзасидан кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Улуғбек ИДИРОВ, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори, сиёсий фанлар доктори:

— Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Циндао шаҳридаги 18-саммити саккизлик форматида бўлди. Унда Ҳиндистон ва Покистон мамлакатлари расман аъзо сифатида илк бор қатнашди. Эндиликда ташкилотга аъзо мамлакатлар аҳолисининг сони 3 миллиард 100 миллионга етди. Ер майдони эса 34 миллиард квадрат километрни ташкил этди. Бу Евроосиё ер майдонининг 60 фоизига тенгдир.

Дунёда янгича жаҳон тартиботини шакллантириш қийин кечаётган бир пайтда яшамоқдамиз. Ғарбдаги турли кучлар эса бундан фойдаланиб, дунёдаги мувозанатни ўз фойдасига ҳал қилишга уринаётгани ҳам бор ҳақиқат. Меъёрни таминлашда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг салоҳияти ошиб бораётгани қувонарли, албатта.

Шу ўринда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона муносабатлар тарихига бир назар ташласак. Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабат истиқлолимизнинг илк йиллариданоқ ўрнатила бошланган. 1992 йил 15 октябрда юртимизда Хитойнинг илк элчихонаси, 1995 йилнинг май ойида эса Пекинда Ўзбекистон элчихонаси очилди. 2012 йил июнь ойида Пекинда икки мамлакат раҳбарлари томонидан ўзаро стратегик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма деклорация имзоланган. Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин ўзининг «Давлат бошқаруви» китобида Ўзбекистон Хитойнинг ишончли шеригига айланаётгани, икки томонлама ҳамкорлик узоқ муддатли ўзаро манфаатлар асосида шаклланаётганини баён этган. 2017 йил май ойида бўлган «Бир макон, бир йўл» форуми доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Пекинга ташриф буюрди. Ташриф доирасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон — Хитой муносабатлари кўриб чиқилди. Ҳали ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди. Юздан ортиқ шартнома имзоланди. Уларнинг умумий ҳажми 23 миллиард долларни ташкил этади.

Ҳақиқатан ҳам, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ўзаро тенг­лик, шаффофлик асосида ривожланиб келяпти. Қувонарлиси, бу ҳамкорлик нафақат иқтисодиёт соҳасида, фан-таълим, техника ва технология соҳаларида ҳам юксалиб бормоқда. Университетимиз қошида Хитой муносабатлари факультетининг фаолият юритаётгани ҳам бунинг ёрқин мисолидир.

 

Исматилла БЕКМУРАТОВ, ТДШИ Жаҳон сиёсати, тарих ва фалсафа факультети декани, сиёсий фанлар номзоди:

            Ўзбекистонда уч бора ШҲТ саммити ўтказилгани барчамиз учун фахрланишга арзигулик воқеа, деб ўйлайман. Учала саммитда ҳам таржимон сифатида қатнашганман. У ердаги музокара жараёнларига бевосита гувоҳ бўлганман. Қарорлар қабул қи­линганида, биринчилардан бў­либ эшитишга муваффақ бўл­ганман.

Халқаро миқёсда бирор қа­рор қабул қилиш жуда оғир жараён. Давлат раҳбарлари қарорга қўл қўйишларидан олдин эксперт гуруҳлари ишлаши, фикр-мулоҳазаларни мувофиқлаштириб туриш, вазирлар ўртаси­даги баҳслар жуда узоқ ва ­масъулиятли босқич ҳисобланади. Циндао шаҳридаги саммит доирасида Президентимиз ташаббуси асосида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёш­ларга мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дас­турининг қабул қилиниши ҳам ўз-ўзидан бўлмади. Ёшларга бўлган эътибор бугунги кунда қанчалик муҳим эканлигини барчамиз яхши англаймиз. Бугун ер юзида 7 миллиарддан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шундан 2 миллиарддан кўпроғини ёшлар ташкил этади. Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизи ҳам ёшлардан иборат. Йигит-қизларнинг нима билан маш­ғуллиги, уларнинг бандлигини таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Ёшлар сиёсатидан барчамизнинг хабаримиз бор. Аммо шу вақтга қадар бу механизмнинг баъзи қисмлари яхши ишламаганини ҳам рад этолмаймиз. Натижада ёшлар масаласида бироз оқсаш ҳолатлари сезилди. Кўп бора хорижий мамлакатларда бўлганимизда, у ерда ўқиётган ёшларнинг орасида ўзбекистонликлар камчиликни ташкил этишига гувоҳ бўлганман.

Яқинда институтимизда катта анжуман ўтказилди. Унга чет элдан сиёсатчи олимларлар ҳам келишди. Анжуман якунида: «Эркин фикрлайдиган ёшларингиз кўп экан. Уларни тўғри йўналтиришингиз лозим. Шунда келажагингиз янада буюк бўлади», деган фикрлар билдирилди.

Саммит доирасида манфаатлар гуруҳи юзага келишига йўл қўймаслик лозимлиги айтилди. Бунинг учун консенсус асосида муносабатларни йўлга қўйиш керак бўлади. Саммитга аъзо давлатлар орасида баъзи бир масалаларга ёндашувлар турлича бўлиши мумкин. Президентимиз мана шу масалада Хартияда белгиланган консенсусга эътибор қаратишимиз керак, деган фикрни ўртага ташладилар. Тенг ҳуқуқли ҳамкорликда бу долзарб аҳамиятга эга масаладир.

Давра суҳбати якунида ёш­ларнинг дунёқарашини ўстиришга ёрдам берадиган тадбирларни мунтазам ўтказиб туришга келишиб олинди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.