11.07.2017

ХЎЖАКЎРСИНГА ЎТАЁТГАН ТАДБИРЛАР

партияга фойда келтирмайди. Аксинча...

Бугун барча соҳадаги улкан ўзгариш ва ислоҳотлар қаерда, қандай вазифада ишлашимиздан қатъи назар, ҳар биримиздан ўз фаолиятимизни рўй-рост танқидий таҳлил қилишни, неча йиллар давомида ўзгармай келаётган эскича иш усулларидан, «катта ишлар қиляпмиз», деган ҳавойи кайфиятдан бутунлай воз кечишни, ҳаёт талаби асосида иш тутишни тақозо этмоқда.

Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан маълумки, ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш узоқ ва анча мураккаб жараён ҳисобланади. Бу жараёнда сиёсий партиялар, вакиллик ҳокимияти фаолияти билан боғлиқ ислоҳотлар жуда долзарб аҳамият касб этади. Шу маънода демократик қадрият ва анъаналар ҳаётимизда қанчалик мустаҳкам ўрин эгаллаши, давлатнинг халқ келажаги ва фаровонлиги учун хизмат қилиши, она юртимизнинг эртага қандай мамлакат бўлиши кўп жиҳатдан сиё­сий партияларнинг бугунги ташаббускорлиги, талабчанлигига боғлиқ, десак, муболаға бўлмайди. Сиёсий партиялар, мазмун-моҳиятига кўра, халқнинг сиёсий хоҳиш-иродасини ифода этади. Оддий одамларнинг орзу-истаклари, мақсад-интилишларидан узоқлашган партия ҳаётдан узоқлашади, реал муаммоларни ҳал қилиш учун «куйиб-пишмаган» пар­тия баландпарвоз дастурлару шиорларга ўрганиб қолади, юзакичилик ва расмиятчиликка мубтало бўлади.

Юртимиздаги улкан ислоҳотлар самараси ўлароқ, фуқаролик маърифатининг юксалиши давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, хусусан, сиёсий партиялар ташкилотлари зиммасига жиддий масъулият юклади. Нимага деганда, сайловчилари, аъзолари, хайрихоҳларининг таклиф ва истакларига таяниб ташаббуслар билан чиқмаган партиянинг обрўси тушиб, йўқолиб бораверади.

Партия ташкилотлари одамларга фойдаси тегадиган турли лойиҳаларни самарали амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Лекин қилинаётган ишлар билан бугунги кун талаблари ўзаро қиёсланганда, уларнинг ўртасида катта фарқ борлиги кўриниб қолмоқда.

Хабарингиз бор, Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналишида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, том маънода янги бос­қичга олиб чиқиш бўйича долзарб вазифалар белгиланди. Хусусан, давлат ҳокимияти бош­қаруви тизимида Олий Мажлиснинг, халқ депутатлари Кенгашларининг роли ва аҳамиятини кескин ошириш масалалари кўзда тутилган. Унга кўра, ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш, шунингдек, мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этишда парламент ваколатлари янада кенгайтирилади. Маҳаллий Кенгашлар сессияларида сиёсий партиялар гуруҳлари маҳаллий ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш ҳақида таклиф киритиш ва бошқа қатор ваколатларга эга бўлади.

Албатта, бу ўринда мақсад кимгадир ваколат бериб, кимнидир унга ҳисобдор қилишда эмас. Асосий мақсад — бош­қарувни такомиллаштиришда, давлат идоралари, мансабдор шахслар ва депутатларнинг халқ, жамоат олдида масъуллигини кучайтиришда.

Бугун сиёсий партиялардан жамиятга фойдаси тегадиган амалий ишлар билан кўпроқ шуғулланиш талаб этилмоқда. Бироқ аксарият партия ташкилотлари ҳамон эскича иш услубларидан қутула олмаяпти. Ўтказаётган тадбирлардан кимга қанчалик фойда тегаётганини ўйлаб ҳам ўтирмайди.

Масалан, сўнгги пайтларда ҳисобот эшитиш масаласига юзаки ёндашувлар ҳам сезилиб турибди. Сўровдан олдин ўз олдига аниқ бир режа қўймасдан, маълумот учун эшитувлар ташкил қилиш ҳолатлари кузатиляпти. Энг ёмони, бундай ғайритабиий «одат»­га айрим депутатлар, ҳисоб берувчилар ҳам ўрганиб қолаётгандай.

Айтайлик, маълум туман ёки вилоят Кенгашида йўл қурилиш ташкилоти раҳбари депутатлар сўровига кўра ҳисобот берса, шу асосда сессия қарор қабул қилсаю, шундан кейин ҳудудда йўллар сифати яхшиланмаса, одамлар бирон-бир ўзгаришни ҳис қилмаса, бундай сўрову ҳисоботдан кимга нима фойда?..

Айрим ҳолларда маҳаллий Кенгашлардаги муҳокамаларда эшитувлар анча «сокин» ўтади. Ҳисобот ёки ахборот берувчи узундан-узун маърузани ўқиб беради. Олдиндан тайёрлаб қўйилган умумий характердаги бир-иккита саволлар берилади. Жавоблар ҳам шунга яраша бўлади. Шунинг билан айрим тавсиялар асосида таъсир кучи жуда кам бўлган қарор қабул қилинади.

Эшитувлар бундай силлиқ ўтишига аксарият ҳолларда депутатлар, партия гуруҳларининг масалани чуқур ўрганмагани, танқидий таҳлил қилмагани, муаммоларни ҳал қилишга амалда ёрдам берадиган таклифлар ишлаб чиқмагани сабаб бўлади. Яна баъзи-бир тоифа депутатлар фуқаролардан келган турли мурожаатларни тегишли ташкилотларга юборишни, унга жавоб талаб қилишни депутатлик сўрови, деб хато ўйлайди. Дарров ўтириб, баландпарвоз маълумотнома тайёрлашга киришилади: «Биринчи чоракда унча, иккинчи чоракда бунча депутатлик сўрови жўнатилиб, ижроси қатъий назоратга олинди», «халқ депутатлари Кенгашида фалон раҳбарнинг электоратимиз манфаатлари билан боғлиқ долзарб масаладаги ҳисоботи эшитилиб, тегишли қарор қабул қилинди»... Ке­йин шу каби маълумотлар бутун республика бўйлаб йиғилади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги партия гуруҳлари қандай натижаларга эришмоқда, сайловчиларга берилган ваъдаларни бажариш бўйича қандай амалий ишлар қилинмоқда, деган саволларга кўп ўйлаб, таҳлил қилиб ўтирмасдан, юқоридаги маълумотлар асосида чиройли жавоб берилади. Яъни, амалий иш эмас, қоғоз тўла ҳисоботлар биринчи ўринга чиқиб кетади. Қоғозда ишлаб, қоғозда натижа қайд этишдан эса ҳеч қандай фойда йўқ.

Шунинг учун айрим партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари одамларга амалий ёрдам бериш, муаммоларни ўрганиб, ҳал қилиш йўлларини қидириш ўрнига, қуруқ рақамлар ортидан «қу­виш»­га одатланиб қолаётгани афсусланарли.

Шунга қарамай, жойлардаги партия ташкилотлари ўз ишига тан­қидий ёндашувни ёқтирмайди, таҳлилий-танқидий фикрларни хушламайди, таклиф ва ташаббуслар асосида иш тутмайди, шу орқали замондан орқада қолганини билдириб қўяди. Бу ҳолатга турли партиявий тадбирларни ёритиш жараёнида гувоҳ бўлганмиз.

Тадбир ўтказиш, тарғибот қилиш — партия ташкилоти фаолиятининг ажралмас бир қисми. Фақат тарғиботда аниқ ғоя, аниқ мақсад, аниқ ташаббус бўлиши керак. Бусиз сайловчилар, хайрихоҳларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириб, муайян натижага эришиб бўлмайди. Баъзан ҳаётни ўрганиб, вақтида илгари сурилган кичкина бир ташаббус сиёсий партиянинг жамиятдаги нуфузини бутунлай янги поғонага олиб чиқиши мумкин.

Келинг, шу ўринда маҳаллий партия ташкилотларимиз айни кунларда ўтказиб келаётган айрим тадбирларнинг мавзуларига эътибор қаратсак.

«Ижтимоий кўмак ташаббускорликка йўл очмоғи даркор», «Соғлом ёшлар — соғ­лом жамият асоси». Энди бир тасаввур қилайлик, шундай мавзулардаги тадбирларда қандай масалалар ҳақида сўз юритилади? Аввало партиямиз Сайловолди дастурида бу борада қатор вазифалар белгилангани, ижтимоий фаолликнинг аҳамияти, қонуний асослари ва имкониятлар ҳақида умумий, баланд­парвоз гаплар айтилади, партия ташкилоти раҳбари ёки депутат олдиндан тайёрлаб қўйилган расмий маърузани ўқиб эшиттиради. Бир-икки киши сўзга чиқиб, уларни маъқуллайди. Шунинг билан тадбир тугайди. Бироз вақтдан сўнг тадбирларда нима ҳақда сўз юритилгани, қандай фикрлар билдирилгани ҳақида сўралса, кўпчилик тайинли бир гап айтолмайди...

Кейин республиканинг барча ҳудудларида муҳим мавзуларда тадбирлар ўтказилгани, шу орқали бир неча минг киши қамраб олингани, электорат вакилларининг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ошгани ҳа­қида баландпарвоз ҳисобот тайёрланади. Бирон йиғилишда ҳисобот маълумот учун қабул қилинади ва муайян лойиҳа партия тизимида муваффақиятли амалга оширилгани таъкидланади.

Ҳар йили бир хил мавзудаги ва услубдаги тадбирлар билан бугун кенг жамоатчиликнинг, оддий одамларнинг, айниқса, ёшларнинг эътиборини тортиш анча мушкул, ҳатто иложсиз иш эканини кўпчилик яхши тушунади. Кейин қандай қилиб ёппасига ҳамма жойда бир хил мавзуда, бир хил «сценарий» остида тадбир ўтказиш мумкин? Ахир ҳамма жойда ҳаёт бир хил эмаску?!

Баъзи бир партия ташкилотлари мутасаддилари ойлар, йиллар давомида номига тадбир ўтказиб юришни жиддий иш, деб ўйлайди. Катта натижа кўрсатиб қўйгандай пуч ўй-хаёллар билан ўзини овутиб юради. Битта залга одам йиғиб, маъруза ўқиб бериш, кейин бу ҳақда «семиз» ҳисобот ёзиб, ойлик олиш... Шуни қандай қилиб иш деб аташ мумкин?..

Нима учун тадбирлар реал ҳаётга боғланмайди? Нега у ерда айтилган гаплар одамларни қизиқтирмайди?.. Бунинг асосий сабаби тадбирлар, лойиҳалар, турли акцияларнинг кабинетда ўтириб тайёрланиши билан боғлиқ. Бу ҳақда ҳам узоқ гапириш мумкин.

Хулоса шуки, ҳар бир партия ташкилоти ўз ишига танқидий-таҳлил нуқтаи назаридан ёндашиши, ҳаётий масалалар билан шуғулланиши, шу асосда партия нуфузини ошириш учун астойдил курашиши шарт бўлиб қолмоқда.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.