Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    May 2019    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
09.07.2019

МЕДАЛСИЗ КЕТГАН МОМО...

Балки ҳар йили катта байрамимиз арафасида 100 ёшга етган ва бу ёшдан ошганларнинг барчасини тақдирлашни йўлга қўйиш керакдир?

...Ўн йилча муқаддам Мустақиллик байрами арафасида туманимизнинг Найман қишлоғида яшаётган бир онахонга Президент фармони билан «Шуҳрат» медали берилди. Яъни бир аср умр кўргани учун. Муҳарриримиз шу онахон ҳақида мақола ёзиш топшириғини берди.

Шу қишлоқлик ҳамкасбимиз Холмурод Қурбон ҳамроҳлигида онахон истиқомат қилаётган хонадонга кириб бордик. Одатда ёши улуғ қария яшаётган хонадонга бетакаллуф кирилмайди. Ҳарқалай, юз ёшли инсон...

Ўн яшар болакайдан момоси ҳақида сўраймиз. У бизларни дастурхонга таклиф қилгач, «Ҳозир чақириб келаман!» деб югургилаб кетади. Демак...шу ёшда ҳам нимадир юмушлар билан куйманиб юрган момони кутамиз.

Ниҳоят бармоқлари учлари негадир кўкаринқираган момо кириб келди ва биз билан сўрашди. Ҳурматларига ўрнимиздан турамиз.

«Томорқадаги кечки сабзини ўт босибди, шуни тозалаб юргандим», — дейди момо ва сўнгра ҳамроҳимга юзланиб: «Холмуродмисан? Бечора онанг ҳам ўтиб кетди. Тенгқур эдик, мактабда бирга ўқигандик», деб дугонасини эслаб, кўзларига ёш олади. Холмурод дўстимизнинг онаси шу йили қишда ўтганди. Ерлар бир қарич қор. Жаноза айнан қор устида ўқилган. Момони саксон икки деб тобутини кўтаришган... Қизиқ, дўстимнинг онаси ўтган йили 82 ёшида вафот этган бўлса... момо уни тенгқур эдик, деяпти...

Қишлоқдан қайтаётиб, туман ҳокимлигига кираман. Кўп йиллардан буён шу тизимда ишловчи, қўшни қишлоқлик танишим билан гурунглашаман. Юз ёшга кирган, деб давлат мукофоти олган момо энди саксондан ошгани, буни ўз сўзи билан айтиб ўтиргани, унинг ҳужжатлари қандай қилиб давлат мукофотига тақдим қилингани ҳақида суҳбатлашамиз. Танишим айтади: «Туманда яшаётган юз ёшдан ошган қариялар ҳақида қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари маьлумот тақдим қилишади. Бизлар уни тегишли жойга жўнатамиз, кейин маъқул кўрилган бирисига мукофот берилади».

Саккиз йил олдин дарё ортидаги туманга йўлимиз тушди. Мустақиллик байрами нишонланаётган кезлар эди. Танишимиз бўлмиш туман ҳокимини байрам билан табриклаш ниятида қабулига кирдик, саломлашдик. Туманда яшаётган бир юз олти ёшли момога медаль беришган, ҳоким қарияни табриклаб, совға топшириш учун кетаётган экан. «Беш йилдан буён тавсия қилардик, ниҳоят медаль беришди», — деди у.

Қўшни қишлоқлик Қурвоной момо тоғамизнинг қайнонаси эди. Тоғам ўттиз йилча олдин етмиш ёшида оламдан ўтган. Қурвоной момонинг катта ўғли онамга тенгқур эди. Онам саккиз йил олдин саксон бешида ҳаётдан кўз юмди. Момонинг катта қизи Раҳима момо ҳам бу дунёда саксон йил яшаб, йигирма йилча олдин оламдан ўтди.

Қиёсий рақамларни нега келтиряпман? Қурвоной момонинг туғилиш гувоҳномасида туғилган вақти қачон деб ёзилганини билмайман. Аммо беш йилча олдин дунёдан ўтганида, уни қишлоқнинг энг кекса кишиси сифатида, яъни бир юз олти ёшда, деб ҳурмат билан, тобутига елка теккизиш талаш бўлиб, сўнгги йўлга кузатганмиз.

Беш йилча олдин қишлоғимизнинг энг кексаси бўлмиш бир юз тўрт яшар момони ҳам шу зайлда иззат билан сўнгги манзилга кузатганмиз. Момонинг набираси айтиб берган бир гап хотирамга михланиб қолган. Телевизорда қариялиги учун давлат мукофоти олган бир кампирнинг миннатдорлик сўзларини эшитиб ўтирган момо невараларига: «Булар мени ёдидан кўтариб юборибмиканлар? Нега менга медаль беришмади?», деган экан.

Истиқлол йилларида турли соҳа ходимларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тизимли йўлга қўйилди. Мустақиллик байрами арафасида бу борада Президент фармони эълон қилинади. Меҳнатга яраша рағбат яхши-да! Айни пайтда юз ёшдан ошган кексаларни «Шуҳрат» медали билан тақдирлаш ҳам истиқлол замонасида анъанага айланди. Юрт учун меҳнати сингган, фарзанд тарбиялаб, юрт корига яратган, бахтли кексалик гаштини сураётган нуроний инсонларнинг давлат мукофотлари билан тақдирланиши қандай яхши. Уларнинг юртимиз тинчлиги, фуқароларимиз фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларининг ўзи катта давлат.

Аммо шу ўринда бир мулоҳаза туғилади. Ҳар йили ҳар вилоятдан фақат бир нафар шу ёшга етган кексага давлат мукофоти берилиши масаласи. Қолганларчи? Кекса ёшдаги инсонлар кўнгли бўш бўлади, ҳатто болафеьл ҳам бўлиб қолишади. Ойнаи жаҳонда қайсидир тенгқури ва ҳатто ўзидан ёшроқ бирор замондошига медаль берилганини эшитганда, ўзи нега бу рўйхатдан четда қолганини ўйлаб кўнгли чўкишини кўз олдингизга келтиринг.

Ҳокимлик тизимида ишлаётган танишимиз юз ёшдан ошганларни медаль билан мукофотлаш жараёнини беҳудага лотереяга ўхшатмади. Тавсия қилинганлар вилоят бўйича ўн нафар ва ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Тинчлик ва фаровонлик туфайли миллатимизнинг умри узайиб бораётгани шу борада таҳлиллар ўтказувчи халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилаяптику! Ана шу ўн нафардан фақат бирисига мукофот берилишини ким ва қайси ташкилот ҳал қилади? Бунда нималарга асосланади? Иш стажими, жамиятга теккан фойдасими? Ўн нафар номзоддан фақат бирисининг танлаб олиниши эса оғриқли жараён. Шу иш зиммасига ёзилганларга ҳам осон эмас. Қолиб кетаётган номзодга келгуси йили олар, деб умид билдиришар. Лекин юз уч яшар қария яна бир йил яшайди ва келгуси сафар мукофот олади, деб ким кафолат беради? Умуман, ҳар вилоятдан фақат бир нафар юз ёшдан ошган табаррук онахон ёки отахонга давлат мукофоти берилиши адолатлими? Бу билан ижтимоий адолат бузилишига йўл қўймаяпмизми?

Балки ҳар йили катта байрамимиз арафасида ана шу табаррук ёшга етганларнинг барчасини тақдирлашни йўлга қўйиш керакдир? Билмадик. Билганимиз шуки, нафақат қишлоғида, балки туманда энг ёши улуғ Қурвоной момо медаль ололмай кетгани аниқ.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: