Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    May 2019    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
13.12.2018

БУЮК КЕЛАЖАК, ФАРОВОН ҲАЁТ ВА ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги «Билимли авлодбуюк келажакнинг, тадбиркор халқфаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса тараққиётнинг кафолатидир» номли маърузаси халқимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Маърузада Президентимиз томонидан сўнгги йилларда барча соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти, самараси ҳақида аниқ фикрлар, мушоҳадалар билдирилдики, бу фикрлар ўз Ватанини севадиган, унинг тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан қарайдиган ҳар қандай одамни қувонтиради. Айниқса, маърузада Парламентнинг сайловчилар олдидаги масъулияти, халқ вакилларининг ўз сайловчилари олдидаги вазифалари, шу жумладан, қонун ижодкорлиги борасидаги ишларни янада ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Олий Мажлис палаталарида қонунлар ижросини кўриб чиқиш, раҳбарлар ҳисоботини эшитиш билан чекланмасдан, бевосита жойлардаги аҳволни тизимли равишда ўрганиб, тегишли таклифлар ишлаб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, қонунлар ижроси устидан парламент назоратини ташкил этиш масаласида ҳам сенаторлар ва депутатлар ўз ваколатларидан етарлича фойдалана олмаётганлиги қайд этилди. Энг асосий камчилик сифатида Президентимиз, «Олий Мажлис ҳали-ҳануз ҳақиқий баҳс-мунозаралар майдонига айланмаганлигини» билдирди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда парламент қуйи палатаси томонидан қонун ижодкорлиги соҳасида қатор ишлар амалга оширилмоқда, бироқ ишлар бугунги кун талаби даражасида ташкил этилмоқдами? Парламентда ўтирган халқ вакиллари яна қандай масалаларга эътибор қаратишлари лозим?

Олий Мажлис палаталарининг ваколатларидан унумли фойдаланиш, парламент сўровлари, парламент эшитувлари қонун ва қарорлар ижросини мунтазам ўрганиб бориш зарур. Қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалиётидан воз кечиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар қабул қилиш лозим. Бунинг учун биринчи навбатда «Қонун қандай ишлайди?» деган саволни ўзимизга беришимиз, керак бўлса, ҳудудларда бўлиб ҳар бир қонунни атрофлича муҳокама қилишимиз, қабул қилингандан кейинги ишлаш жараёнларини таҳлил қилиш лозим.

Маърузада яна бир муҳим жиҳат, хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда, Конституциямиз талаблари асосида Олий Мажлис палаталарида Коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмиталар ташкил қилиш таклиф этилди. Ушбу қўмиталар барча бўғиндаги давлат идораларида коррупцияга қарши курашни янада кучайтиришга вакиллик органи сифатида муносиб ҳисса қўшиши лозимлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари маърузада халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш – Конституциямизнинг бош мақсади эканини алоҳида таъкидлади. Сўнгги йилларда барча йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолининг турмуш даражаси ва реал даромадлари ошиб бормоқда. Шундай бўлса-да, бу борада ҳали ҳукумат, марказий иқтисодий идоралар ҳамда барча даражадаги ҳокимликлар олдида кўплаб вазифалар борлиги қайд этилди.

Маърузанинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, келгуси йилда ҳам фаол тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инвесторлар учун кенг шароитлар яратиш, айниқса, инфляция даражасини пасайтиришга қаратилган ишлар давом эттирилишига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада амалга ошириш назарда тутилаётган ишлар тушунарли тарзда айтиб ўтилди.

Масалан, асосий турдаги озиқ-овқат ва бошқа истеъмол товарлар ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бу орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида электр энергияси, табиий газ ва коммунал хизматлар учун тўловларнинг бир қисмини давлат томонидан компенсация қилиш чораларини кўриш лозимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг мақсад ва вазифаларига муштарак бўлган бу каби чора-тадбирларни амалиётга изчил татбиқ этишда партия фракцияси аъзолари, жойлардаги партия фаоллари ҳам жонбозлик кўрсатишлари зарур. Зеро, партиянинг мақсади – давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир. Якдиллик ва ҳамжиҳатликда қилинаётган бу ишларимиз, Президентимиз таъбири билан айтганда, буюк келажак, фаровон ҳаёт ва тараққиёт кафолати бўлиши шубҳасиз.

 

 

Баҳром ОБИДЖОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: