16.04.2019

ҲУЖЖАТСИЗ УЙДАГИ ОДАМЛАР

Мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси муддатини узайтириш керакми?..

Азалдан кенг жойларда кўнгилни кенг қилиб яшашга ўрганган халқмиз. Ким қаерда ризқи ва бахтини топаман деб ишонса, ўша ерда эмин-эркин макон қуриб, рўзғор тутган, меҳнат билан палак ёзган.

Аксарият кўпчилик атай қонунни бузиш учун эмас, уйли-жойли бўлай, фарзандларимга шароит яратай, деган яхши ният билан иморат тиклаган. Нима бўлса ҳам ерга эгалик қилиб олай, деган ўй билан уй солганларнинг йўли, йўриғи бошқа.

Бундан 20-25 йиллар аввал мамлакатимиз энди-энди мустақил оёққа тура бошлаган пайтларда бирин-кетин уч ўғил вояга етган оддий ўзбек оиласидаги ижтимоий вазиятни тасаввур этиш, тушуниш қийин эмас эди. Битта оилага жой топиб, уй солиш, алоҳида рўзғор сифатида ажратиб бериш, юмшоқ айтганда, осон бўлмаган. Мамлакат ва миллат бошидаги синовли йилларда одамлар қўлидан келганича, имкон топилганича уй-жой солган. Ана шу йилларда халқимизнинг қўл кучи, бардош билан фаровонликка интилиши ортидан қишлоқ хўжалиги ёки бошқа соҳаларда фойдаланишда бўлмаган ерлар ҳам обод қилинган, уй учун иморатлар солиниб, бора-бора файзли қишлоқлар бунёд этилган. Бунинг учун ўлчаб, қиёслаб бўлмайдиган даражада улкан меҳнат, чексиз куч-ирода сарф этилган. Давлату жамиятдан, ён-атрофдагилардан умидвор бўлмай, кетмон тиғи тегмаган қаровсиз жойда чамандек ҳовли яратиш учун бор-йўғини, сарфлаган ҳамюртларимиз ҳам оз эмас. Заҳмат ва машаққат натижасида барпо этилган уй-жойларнинг ҳаётда учраб турадиган ҳар хил ҳолатлар сабаб ҳужжати тўғирланмаган бўлиши мумкин. Лекин бундай уйлар ўз эгаларига она сутидек ҳалол эмасми?..

Мана шулар ҳақида ўйлаб, кўнгилни кенгроқ олиб, фикр юритсак, мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясининг аҳамияти очилади. Мамлакатдаги реал ҳолат ва тарихий шароитни кўз олдига келтира оладиган, уйи йўқ бир оиланинг бошида мингта муаммо айланишини англайдиган инсон бу тадбирнинг заруратини ойдек тушунади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5421-сонли Фармонида уй-жой учун зарур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги аҳолида бошқа ижтимоий муаммолар келиб чиқишига олиб келгани қайд этилди.

2019 йил 1 майга қадар (мазкур Фармон қабул қилинган вақтгача) қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга муайян шартлар асосида берилиши белгиланди.

Фармоннинг иккинчи қисми «б» бандида ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этиладиган тегишли комиссиянинг тақдимномасига кўра туман (шаҳар) ҳокимининг қарори, шунингдек, умумий мулк ҳақидаги фуқаролик ва оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидаларига амал қилиш шарти билан энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик йиғим тўлангандан кейин амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ ушбу муҳим Фармоннинг ижросини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда қарор қабул қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бир марталик умумдавлат акцияси ҳақидаги Президент Фармони (ПФ-5421-сон) 2018 йил 20 апрелда қабул қилинган бўлса, бу тадбирни амалга ошириш тартиби ҳақидаги Ҳукумат (461-сон) қарори 21 июнда қабул қилинди...

Ҳукумат қарори билан умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисидаги низом, бу ишларни ташкил этиш бўйича республика комиссиясининг таркиби, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) комиссияларининг намунавий таркиби тасдиқланди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига бир ҳафта муддатда ҳудудий комиссияларни тузиш вазифаси топширилди.

Мулк ҳуқуқини эътироф этиш жараёни қандай амалга оширилиши ҳақида батафсил тўхталиш жоиз. Бу акция билан боғлиқ мамлакат миқёсидаги умумий манзарани тасаввур этишда ёрдам беради.

Жисмоний шахс (унинг қонуний вакили) ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун иморат жойлашган ҳудуддаги Давлат хизматлари маркази орқали туман (шаҳар) ҳокимининг номига ариза билан мурожаат қилади.

Комиссия ишчи органи ариза келиб тушгандан сўнг 3 иш куни мобайнида мурожаат этувчининг аризасида кўрсатилган жойга чиққан ҳолда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганиб, унинг техник планини шакллантиради ҳамда ушбу техник планни комиссия аъзоларига ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга юборади.

Ўз навбатида комиссия аъзолари ариза келиб тушган кундан бошлаб 5 календарь кун мобайнида мурожаат этувчининг ўзбошимчалик билан қурилган иморатини жойига бориб ўрганади ва ўрганиш натижаларига оид хулосаларини (маълумотномалари) комиссия ишчи органига жўнатади.

Комиссия аъзоларитуман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи, қурилиш бўлими бошлиғи, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи, давлат бош санитария врачи, ички ишлар бўлими, давлат солиқ инспекцияси ҳамда ёнғин хавфсизлиги инспекторининг ҳар бири ўз фаолият йўналишига мувофиқ тарзда хулоса ва маълумотномалар (жами 7 та) тайёрлайди.

Шулар асосида комиссия ишчи органи 3 календарь куни мобайнида кўчмас мулк объектини ўрганиш бўйича белгиланган шаклда далолатнома расмийлаштиради.

Мурожаат этувчи Давлат хизматлари маркази орқали тегишли ҳисобварақ-фактура тушган кундан бошлаб 4 иш куни мобайнида тўловни (энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдордаги бир марталик йиғимни) амалга оширади.

Комиссия ишчи органи мурожаат этувчи йиғимни тўлаганидан кейин 2 календарь куни мобайнида Комиссия раиси томонидан тасдиқланган далолатнома асосида мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳасини тайёрлайди ва тасдиқлаш учун тақдим этади. Бундай қарор лойиҳаси 2 иш куни мобайнида қабул қилиниши керак. Қарорнинг нусхаси 1 иш куни мобайнида Комиссия ишчи органи томонидан Давлат хизматлари марказига юборилади. Ниҳоят, марказ ходими қарор нусхасига муҳр қўйиб, мурожаат этувчига тақдим этади.

Яъни, жараён низомда кўрсатилганидек равон ўтса, инсон омили таъсир этмаса, БИР НАФАР АРИЗА БЕРУВЧИ МУЛККА ЭГАЛИК ҲУҚУҚИ ҲАҚИДАГИ ҚАРОРНИ ҚЎЛИГА ОЛГУНИЧА САЛКАМ 20 КУН ЎТАДИ. Энди 100 минглаб қарорлар эгаларига етиб келгунича қанча вақт кетиши мумкинлигини ҳисоблаб кўраверинг.

 Агар каттароқ бир туманда мингга яқин фуқаро мулк ҳуқуқи ҳақида мурожаат этса, битта ҳудуддаги ижро ҳокимияти тузилмалари 7 мингга яқин хулоса ва маълумотнома тайёрлаши керак бўлади. Яна бу ҳужжатлар қулай иш столида эмас, мурожаат этувчиларнинг уйларига бориб алоҳида-алоҳида ёзилиши керак. Масалан, ҳудуддаги давлат бош санитария врачидан турли маҳаллаларга бориб, мингта хулоса ёзиш талаб этилади. Бу қўшимча вазифа эканини унутмайлик, ҳар куни санитария врачини ўзининг асосий иши кутиб туради.

Март ойининг бошида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси расмий сайтида бир марталик умумдавлат акцияси ҳақида муҳим маълумотлар тақдим этилди. Жорий йил 1 март ҳолатига ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларнинг 398400 таси бўйича Давлат хизматлари марказларига аризалар келиб тушгани, улардан 112425 таси қаноатлантирилиб, 48405 таси рад этилгани, аризаларнинг 234235 таси кўриб чиқилаётгани маълум қилинди.

Энди эътибор қилайлик, умумдавлат акцияси учун Президент Фармони билан белгиланган муддат тугашига икки ой вақт қолганида 122 мингдан ортиқ ариза қаноатлантирилган, 234 мингдан ортиғи эса кўриб чиқиш жараёнида бўлган. Бунча мурожаатни кўриб чиқиш, қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида қарорлар қабул қилиш жуда катта ташкилий ишларни талаб этиши, бунинг устига мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича мурожаатлар кун, ҳатто саот сайин кўпайиб бориши «1 майга қадар улгириб бўладими?», мазмунидаги саволни юзага келтирган эди.

Адлия вазирлиги сайтида 6 апрель куни тақдим этилган акция билан боғлиқ охирги маълумотлар бу савол анча жиддий эканини ойдинлаштирди. Маълумотларга кўра, 1 апрель ҳолатига фуқаролардан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақида 500 мингдан кўпроқ мурожаат тушган, 200 мингга яқин уй-жойга мулк ҳуқуқи берилган. Савол туғилади: 300 мингдан ортиқ мурожаат тақдири нима бўлади?.. Ҳар бир мурожаат ортида бир оила, камида 3-4 нафар инсон тургани, ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда, миллионга яқин киши чиқаётгани, уларнинг аксарияти болалар ва аёллар экани ҳақида ўйласак, саволга жавоб бериш масъулияти анча ошиб кетади.

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, комиссия аъзолари ҳисобланган кадастр, қурилиш, ички ишлар, солиқ, экология, ёнғин хавфсизлиги, санитария идоралари томонидан 200 мингга яқин мурожаатни кўриб чиқиш муддатлари бузилган. Бунинг устига комиссия ижобий хулоса берган 35 мингдан ортиқ мурожаат бўйича ҳокимлар қарор қабул қилмаган. Яъни, ҳокимларнинг айби билан 35 минг уй-жойнинг ҳужжати кечиккан, ноқонуний иш тутилган. Ваҳоланки, ҳокимлар ҳужжатларни ўзлари тайёрламайди, ҳатто қарор матнини ёзиб ҳам ўтирмайди, тайёр ҳужжат лойиҳасига имзо қўйиб берса, олам гулистон, битта имзо билан бир оиланинг қанчадан-қанча муаммоси ҳал бўлади, келажаги сўроқ остида қолмайди. Битта қарор лойиҳаси билан танишиб, уни имзолашга қанча вақт кетиши мумкин?..

Президент йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ўтказилган видеоселекторда ҳокимлар ҳали юқорида бўлаётган жараёндан бехабар экани, ўн йил олдинги гап билан юргани, «Менга бермасанг, мен қўл қўймайман», деган ўй билан ишлаётганини танқид қилган эди. Бу ҳолатда изоҳга ҳожат йўқ.

Умумдавлат акцияси бўйича ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаган 295 нафар комиссия аъзоси интизомий жавобгарликка тортилган, 33 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 854 нафар шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган.

Қонун-қоида устувор бўлгани яхши, албатта. Аммо масъул ходимлар ёки ҳокимларнинг бефарқлиги оқибатида мулк ҳуқуқини ололмаган кишилар эртага акция муддати тугаб қолса, қаерга боради, додини кимга айтади?..

Мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўлов эвазига амалга оширилаяпти. Давлат, ҳокимият бу ишларни текинга бажараётгани йўқ. Тўғри, энг кам иш ҳақининг беш баробари (1013650 сўм) бир қарашда унча катта маблағдек туюлмаслиги мумкин, лекин кичкина пул ҳам эмас. 1 апрель ҳолатига 200 мингга яқин уй-жойга мулк ҳуқуқи берилганини ҳисобга олиб, шу рақамга 1 миллион сўмни кўпайтирсак, 200 миллиардга сўмга яқин маблағ келиб чиқяпти.

Бош прокуратура март ойи бошида 235 мингдан ортиқ мурожаат кўриб чиқиш жараёнида экани ҳақида маълумот берганини эсга олсак, бу акциядан яна қанча маблағ тушиши мумкинлиги аниқлашиб қолади.

Бу пуллар қаерга кетади? Ҳукумат қарорига кўра, акциядан тушган пулнинг 20 фоизи — Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ғазна ҳисоб рақамига, 20 фоизи — Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармасига, 20 фоизи — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк давлат корхоналари ҳисоб рақамига, 40 фоизи —туман (шаҳар) бюджетларига ўтказилади.

Бундан келиб чиқадики, ҳокимлар ҳар бир имзоси учун ўзи бошқараётган ҳудуд бюджетига қўшимча тушумни кафолатлайди. Содда қилиб айтганда, ҳоким қарор лойиҳасига шунчаки имзо қўймайди, Давлат хизматлари агентлиги ёки давлатнинг бошқа ташкилотлари ҳам савоб учун ишламайди.

Умумдавлат акцияси доирасида мамлакат бўйича ўтказилган хатловда 1 миллионга яқин ўзбошимчалик билан қурилган, яъни расман ҳужжатлаштирилмаган иморатлар борлиги аниқлангани ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди. Бу иморатларнинг аксарият қисми аҳоли айни пайтда яшаб турган уй-жойлар экани ҳисобга олинса, мулк ҳуқуқини эътироф этиш масаласи кун тартибида қатъий тургани ойдинлашади.

Мавзуга оид яна бир жиддий ҳолат бор. Жорий йил февраль ойининг сўнгги кунларида парламент ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни қабул қилди. Унга кўра, Жиноят кодексига қўшимчалар киритилди. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши ҳақидаги янги меъёр билан тўлдирилди. Қонун бу йил июнь ойидан кучга киради.

Мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси муддати тугашига жуда кам вақт, саноқли кунлар қоляпти. Ўзларига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли уй-жойини ҳужжатлаштиришга улгурмаган юртдошларимиз эртага катта муаммолар гирдобига тушиб қолади. Уй-жой халқимиз учун жуда чуқур ва нозик масала. Бу характердаги муаммолар ҳал этилмасдан қолиб кетиши давлатга, жамиятга катта ташвиш келтириши мумкин.

Юқорида келтирилган факт ва омилларнинг ҳаммасини бир жойга жамлаб фикрласак, умумдавлат акцияси муддатини узайтириш билан боғлиқ савол юзага қалқиб чиқмоқда. Уйига мулк ҳуқуқини истаётган минг-минглаб ҳамюртларимизни ўйга толдираётган, қанчадан-қанча оилаларнинг хавотири аришига умид бера бошлаган мавзу шу кунларда денгиздай чайқалиб турибди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: