04.07.2015

ҲАМЮРТЛАРИМИЗ — БУТУНЖАҲОН ЁЗГИ УНИВЕРСИАДАСИДА

Кеча Жанубий Кореянинг Кванчжу шаҳрида талабалар ўртасида XXVIII Бутунжаҳон универсиадаси бошланди

Ҳар икки йилда ўтказиладиган ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг 140 давлатидан ўн икки минг­дан ортиқ талаба-спортчи иштирок этади. Унда спортнинг йигирма бир тури бўйича 272 медаллар жамланмаси учун баҳс юритилади.

Нуфузли мусобақада Ўзбекистон спорт делегацияси таркибидаги 31 нафар талаба спортнинг академик эшкак эшиш, енгил атлетика, таэквондо (WTF), теннис, қиличбозлик, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика ва дзюдо турлари бўйича мусобақаларда қатнашади. 

— Мамлакатимиз талаба-спортчилари Бутунжаҳон ёзги универсиадаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя этиб келмоқда, — дейди Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти Фарҳод Турдиев. — Жумладан, 2013 йили Россиянинг Қозон шаҳри мезбонлик қилган XXVII Бутунжаҳон универсиадасида ҳамюртларимиз 2 олтин, 7 кумуш ва 10 бронза медални қўлга киритган. Бу галги Бутунжаҳон универсиадаси Ватанимиз спортчилари учун 2016 йилги ХХХI ёзги Олимпия ўйинларига ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтайди. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мусобақага йўл олаётган барча спортчиларимиз ғолиб ва сов­риндорлар сафидан жой олишга астойдил бел боғлаганлиги мутахассис ҳамда мухлисларимизни қувонтиради, албатта.

Бутунжаҳон универсиадасида майдонга тушадиган спортчиларимиз орасида Осиё ва жаҳон чемпионатлари, йирик халқаро мусобақалар ғолиб ҳамда совриндорларининг борлиги уларнинг ўз олдиларига жиддий мақсадларни қўйганларидан далолатдир. Жумладан, Александр Ким бош мураббийлигида баҳсларда иштирок этадиган Ўзбекистон таэквондо (WTF) терма жамоасига мутахассис ва мухлисларимиз катта ишонч билан қарашяпти.

— Бу йил ҳаётимда унутилмас воқеа­лар кўп бўлмоқда, — дейди жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин. — Май ойида Россиянинг Челябинск шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида +87 килограмм вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлдим. Сўнгра 26-28 июнь кунлари Мельбурн шаҳрида уюштирилган Австралия очиқ чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олдим. Энди XXVIII Бутунжаҳон универсиадасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга тайёргарлик кўряпман. Эришаётган ғалабаларим менга катта куч бағишлаш билан биргаликда, зиммамдаги масъулиятни ошириши табиий. Чемпионликни қўлга киритишдан кўра, уни сақлаб қолиш қийинроқ, дейишади. Шу боис баҳсларга пухта тайёргарлик  кўрдик. Нуфузли мусобақада халқимизнинг ишончини оқлаш учун бор куч-маҳоратимни ишга солишга ҳаракат қиламан.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керакки, дунё мамлакатлари олий ўқув юртлари талабаларининг ўзига хос олимпиадаси сифатида эътироф этилаётган ёзги универсиа­дага 1959 йилда асос солинган. Бир йилдан сўнг қишки спорт турлари бўйича ҳам талабалар ўйинларини ўтказиш йўлга қўйилган. Бу нуфузли мусобақалар Халқаро университет спортлари федерацияси – FISU томонидан ҳар икки йилда ташкил этилади.

Ўзбекистон спорт делегацияси эса 1999 йилдан буён мазкур ўйинларда мунтазам иштирок этиб келмоқда. Спортчи-талабаларимиз ушбу нуфузли мусобақада ҳозиргача жами — еттита олтин, саккизта кумуш, ўн учта бронза медалига сазовор бўлишган. Ишонамизки, Кванчжу шаҳрида бошланган нав­батдаги Бутунжаҳон ёзги универсиадаси баҳслари Ўзбекистон талаба-спортчилари учун янада муваффақиятли бўлади.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: