Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
08.04.2019

ЎРГАНИШЛАР МУАММОЛАРГА ЕЧИМ БЎЛА ОЛАЯПТИМИ?

Жорий йил 27-31 март кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 83-Паркент сайлов округида сайловчилар билан мулоқотлар ўтказди. Ундан олдин ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектлари ўрганиб чиқилди. Жумладан, Новдак қишлоғидаги янги қурилаётган қишлоқ оилавий поликлиникаси туман ҳокимлиги томонидан мебеллар билан жиҳозланадиган бўлди. Сўқоқ қишлоқ оилавий поликлиникаси таъмирталаблигидан аҳоли шикоят қилганди. Туман ҳокимлиги ҳомийлар топган, бугунги кунда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Икки мактабни 2020 йил дастурига киритиш. Эски мактабгача таълим муассасасини мактабгача таълим вазирлиги балансига олиш ва фаолиятини тиклаш масалаларида таклиф таёрланди. Умуман учрашувларда 87 масала кўтарилган, шундан 64 таси жойида ижобий ҳал этилган.

Юқори Чирчиқ туманида хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар иттифоқи фаоллари билан учрашувлар ташкил этилиб, қонунлар муҳокама қилинди. Фаоллардан вояга етмаганлар масалалари бўйича тадбиркорликка оид таклифлар олинди. Дастурнинг ижроси ўрганилди.

— Ҳудудларга бориб, аҳоли орасидаги муаммоларни ўрганяпмиз, уларга ечим топишга кўмаклашяпмиз. Бироқ тизимли равишда ёндашилмас экан, камчиликлар бартараф бўлмайди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Масалан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш кечиктириб бўлмас масаладир. Соғлиқни сақлаш соҳасини, энг аввало, аҳолига тиббий ва ижтимоий-тиббий хизмат кўрсатиш қулайлиги ҳамда сифатини оширишга қаратилган дастлабки бўғини, шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада ислоҳ қилиш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш талаб этилади. Оила саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ихтисослаштирилган, юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдам кўрсатиш, чақалоқлар ҳамда болалар ўлимини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни кучайтириш муҳим саналади.

Булар ҳақида кўп ва узоқ гапириш мумкин. Аммо қуруқ гап билан ҳеч нима ҳал бўлмайди. Ҳудудлардаги муаммолар ўрганилиб, умумий масалаларда ўзаро келишилган ҳолда ечим топиш зарур.

— Қўқон шаҳар Истиқлол кўчасида жойлашган 1-ўрта таълим мактабида 2200 нафар ўқувчи бўлиб, 62 та синф мавжуд, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Нўмон Акбаров. — Ўқувчилар икки сменада ўқитилади. Синфларда меъёрдагидан ортиқ ўқувчи ўқийди, мактабнинг спорт майдончаси таъмирга муҳтож. Бу каби ҳолатни бошқа мактабларда ҳам учратиш мумкин.

Масалан, 3-ўрта таълим мактаби капитал таъмирланган, бинонинг иккинчи қаватидаги 4 та синф қаровсиз аҳволда, яъни акфа ромлар ўрнатилмаган. Таъмирлаш ишлари Ёзёвон туманидаги «Мустақил қурилиш транс» МЧЖ томонидан олиб борилган. Лойиҳа қиймати 225 миллион сўмни ташкил этади. Мактаб ва шаҳар халқ таълими бўлими рахбариятининг мурожаатлари ҳозирги кунгача ҳеч қандай натижа бермаган.

Жорий йилнинг 28–31 январь кунлари Қўқон шаҳрининг Муқимий шаҳарчасида жойлашган Мурувват уйида ўрганишлар жараёнида аниқландики, у ердаги сув иншооти бир неча йилдан бери носоз ҳолатга келиб қолган. Канализация тизимида ҳам кўплаб муаммолар борлиги ҳақида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Салиевга 12 февраль куни мурожаат этилганди. Вазирликнинг 20 мартдаги жавоб хатида барча камчиликлар бартараф этилгани ҳақида маълумот берилган эди. Март ойининг охирида Мурувват уйига бориб, бажарилган ишлар сифатини кўрмоқчи бўлдик. Бироқ умуман ҳеч қандай иш бажарилмагани, вазирлик сохта маълумот берганига гувоҳ бўлдик.

Халқ вакиллари юборган сўровларга айрим мутасаддиларнинг бепарво муносабати ҳамон давом этмоқда. Аслида депутат кўтараётган муаммо тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари масъуллигидаги соҳага бевосита дахлдор. Уларнинг ечимидан депутатдан кўра аввало масъуллар манфаатдор бўлиши керак эмасми?

Депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсиқ бўлган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавобгардир.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.