20.04.2017

АДОЛАТЛИ РАҲБАР ХАЛҚ ИШОНЧИНИ ҚОЗОНАДИ

Усмонхон АЛИМОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий:

– Конституциямизнинг I боб 2-моддасида «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар», — деб қайд этилган.

Бош Қомусимизда ўз ифодасини топган бу ғоя — инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласи бугунги кунда ҳар қачонгидан долзарброқ аҳамият касб этмоқда. Инсон манфаатларини таъминлаш учун аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: «Ким бир қийналиб қолган кишининг ишини осон қилса, Аллоҳ унга дунё-ю охиратини осон қилади. Модо­мики, банда ўз оға-инисига кўмак бериш пайида бўлар экан, Аллоҳ унга кўмак бериш пайида бўлади».Суюкли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг бу сўзларидан аниқ бўладики, инсонларга манфаат етказиш энг катта савоб экан.

2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб номланиши кенг қамровли тушунчаларни ўз ичига олади. Унинг замирида давлат органларининг халқ билан муносабатларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва мавжуд муаммоларни оқилона ҳал этиш мақсадлари мужассам.

Жойларда гувоҳ бўлаётганимиз — турли даражадаги раҳбарларнинг оддий фуқаролар билан мулоқотлари ўз натижаларини беряпти, уларнинг дардлари, муаммолари ечимини топяпти. Бу мулоқот воситасида барча ватандошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига, бир сўз билан айтганда, жамиятда адолат қарор топишига янада кўпроқ аҳамият қаратил­япти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фао­лиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ана шу йўналишдаги ишларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Фармонда кексаларни ижтимоий ҳимоялаш, соғломлаштириш, уларнинг фаоллигини ошириш, жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Ушбу хайрли иш Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг: «Кимки кичикларимизга раҳм қилмаса, кексаларимизнинг ҳаққини, қадр-қимматини билмаса, у мусулмон уммати эмасдир»,  деган ҳадиси шарифларига ҳамоҳангдир.

Давлатимизнинг бундай эътибор ва ғамхўрлиги хонадонимиз фаришталари бўлган нуронийларимиз кучига куч, умрларига умр қўшади, уларга жуда катта руҳий мадад бўлади. Зеро, кексаларимиз хизматини қилиш, уларнинг дуосини олиш биз учун олий саодатдир.

Муқаддас қадамжоларимиз ва улуғ боболаримизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш аввало, Биринчи Президентимиз томонидан бошланган эди. Ушбу хайрли ва савобли иш бугун янги кўлам ва босқичда давом этмоқда. Халқ манфаати йўлида хизмат қилиш, элнинг дуосини олиш бош мақсадга айланди.

Виртуал қабулхона ҳамда жойларда янгидан ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхоналари орқали минглаб юртдошларимизни қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топгани ва топаётгани бунинг яққол далилидир.

Аслида, одамлар орасида адолат билан ҳукм юргизиш Аллоҳ таолонинг буйруғи ҳисобланади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай хабар берилган: «Дар­ҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар...» (Нисо сураси, 58-оят).

Адолат билан иш юритган раҳбарга улкан ажр-мукофотлар ваъда қилинган. Шунингдек, инсонларга манфаат етказишга ҳаракат қилиш ҳам динимизда тарғиб қилинган амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда кўплаб ҳадиси шарифларда хабар берилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор мўминдан дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ ундан охират машаққатларидан бирини аритади. Банда, модомики, дўстига ёрдам бериш (йўли)да бўлар экан, Аллоҳ унинг мададкори бўлади», — дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб: «Аллоҳга энг севимли киши ким?» ва «Аллоҳга энг севимли амал қайси?» — деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга энг севимли киши, одамларга кўпроқ манфаати тегадиган киши. Аллоҳга энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритиш. Ёки унинг ташвишини аритиш. Ёки қарзини ўташ. Ёки ундан очликни кетказиш. Мен бир дўстимнинг эҳтиёжи учун юришим, ушбу масжид — Масжидун набавийда эътиқоф ўтиришимдан яхшироқдир»,  дедилар.

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Одамларнинг энг яхшиси уларга кўпроқ манфаати тегадиганидир», — деб айтдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу ҳадисларида инсон сўзини келтириши бежиз эмас.

Ҳадисда уларга кўпроқ манфаати тегадигани, дейилмоқда. Инсонлар бир-бири билан ҳамжиҳат, ҳамкор бўлсалар, уларнинг манфаати бўлади. Инсонлар одамларга аралашиб, зиёли киши ўзининг илми билан, бошқа касб эгалари ўзларининг иқтидорлари билан бош­қаларга кўмакдош бўлса, яхшилик устига яхшилик бўлади.

Жойларда бораётган ислоҳотлар жараёни билан яқиндан танишиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳаларни муҳокама этиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида муҳтарам Президентимиз вилоятларга сафарлар уюштирмоқда. Жорий йилнинг 20 январь куни Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифи чоғида «Имом эшон Муҳаммад» жомеъ масжидида бир гуруҳ нуроний отахон ҳамда фахрийлар билан учрашди. Ушбу масжид атрофида муҳташам мажмуа, кутубхона барпо этиш ва бошқа бир қатор хайрли ишларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Сурхондарё вилоятида Президентимиз Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад Термизий зиёратгоҳида амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ишларини кўздан кечирди, мажмуа ёнида қурилаётган 350 кишига мўлжалланган жомеъ масжид биноси бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари келгусида ушбу мажмуага Ислом оламининг машҳур олиму уламоларини таклиф этиш, хорижлик мутахассис, ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро илмий конференциялар ташкил этиш таклифини билдирди.

Шунингдек, Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш кераклигини таъкидлади.

Қашқадарё вилоятида шу юртдан етишиб чиққан улуғ ватандошимиз Абул Муъин ан-Насафий ҳазратларининг «Табсират ал-адиллати фи илм ал-калом» (Калом илмида далиллар тилга кирганда), «Ат-тамҳид ли-қавоид ат-тавҳид фи илми калом» (Калом илмидаги тавҳид қоидалари учун ягона китоб) асарлари ёшларнинг билими янада бойишида, уларнинг турли ёт оқимларга кириб қолишидан асрашда, эл-юртига хизмат қиладиган комил, фидойи инсонлар бўлиб етишишида муҳим манбалар эканини алоҳида қайд этди. Шунингдек, Президентимиз Абул Муъин ан-Насафий зиёратгоҳида қайта қурилиш ишларини белгиланган лойиҳа асосида олиб бориш, зиёратгоҳ ҳудудида муҳташам кутубхона ташкил этишни ҳам таклиф этди.

Бухоро вилоятида табаррук масканлардан бири — Баҳоуддин Нақшбанд меъморий маж­муини зиёрат қилган Президентимиз мазкур ёдгорлик мажмуасини янада обод масканга айлантириш юзасидан кўрсатмалар берди. Бухоронинг жаҳон цивилизацияси ва Ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс экани, бу заминда кўплаб алломалар таваллуд топгани ва яшаганини, барча ёдгорлик, обидаларнинг ҳар бир дона ғиштини асраб-авайлаб келажак авлодга етказиш лозимлигини таъкидлади.

Қадриятларимиз қайта тикланаётган, энг олис овуллардаги юртдошларимизга ҳам бирдек эътибор берилиб, муам­моси ҳал этилаётгани илму маърифат аҳлини тобора якдилликка, ғайрат, шижоатга, бунёдкорликка, илм ва ижодга ундайди.

Инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган ислоҳотлар хал­қимиз турмушининг янада юксалиши, мамлакатимиз обод­­лиги ва тараққиётини таъминлаш, Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятида обрў-эътиборини юксалтириш ва ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ва уламолари ҳайъати ҳам барча хайрли ишларда халқимиз билан бирга, елкама-елка ва ҳамиша дуойи хайрдадир. Ҳақ таоло бутун дунёда ва юртимизда тинчлик-осойишталикни ҳамиша барқарор ва бардавом қилсин.



DB query error.
Please try later.