20.04.2017

«ИНСОН УЧУН ЭЪТИБОРДАН ОРТИҚРОҚ МУКОФОТ ЙЎҚ»

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Зулайҳо Акрамованинг Сирдарё вилоятида ўтказган амалий тадбирларида бу сўзлар кўп такрорланди.

Инсон қалби меҳрга ташна дейишади. Эътибор, ғамхўрлик, ҳатто бир оғиз ширин сўз ҳам кўнгилга малҳам бўлади, кишининг руҳи кўтарилади, атрофида қўллаб-қувватлайдиган, суянчиқ бўладиган одамлар борлигидан дили ёришади.

Давлатимиз раҳбари инсон манфаатларини таъминлаш учун аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак, деб алоҳида уқтириб ўтган эди. У сенаторми, депутатми, ички ишлар органи ходимими, прокурорми, хуллас, барча мансабдор шахслар аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, кўплаб муаммолар ҳал этилаётганининг ўзи қанчадан-қанча одамларнинг оғирини енгил қилмоқда, эртанги кунга ишончи, умидини юксалтирмоқда. Айниқса, кимнингдир кўмагига муҳтож, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳоли вакиллари, кексалар ва ногиронларга тобора катта эътибор қаратилаётгани жамиятда соғлом адолат муҳити шакл­ланишига олиб келмоқда, кексаларимизни ҳаётдан рози қилмоқда.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зулайҳо Акрамова билан шу мавзуда суҳбатлашиб қолганимизда, у кейинги ҳафтада партиямиз фаоллари билан Сирдарё вилоятининг Сайхун­обод туманига бориб, электоратимиз вакилларининг турмуш шароитлари билан танишиш режаси борлигини айтиб қолди.

Бу таклиф бизга маъқул бўлди. Белгиланган куни биргаликда Сайхун­обод туманига йўл олдик.

...«Иттифоқ» маҳалласида одам гавжум. Бу ерда ЎзХДПнинг «Халқ саломатлиги — олий қадрият» лойи­ҳаси доирасида кам таъминланган оилалар, бола тарбияси билан маш­ғул оналар ва уларнинг фарзандлари вилоятнинг малакали шифокорлари томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтказиляпти. Шу ернинг ўзида депутат Зулайҳо Акрамова шифокорлар, жамоатчилик вакиллари билан суҳбатлашмоқда.

Мулоқот давомида қишлоқ врачлик пунктидаги муаммолар ҳам кўтарилди. Мутахассислар етишмаслиги маҳалла аҳолисини тиббий кўрикка кенг қамровда қамраб олиш имкониятини бермаётгани айтилди. Турмуш қураётган ёшларни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш масаласи муҳокама этилди.

— Ҳудудимизда 1030 нафар аёл, 188 нафар ўсмир бор, — дейди қишлоқ врачлик пункти мудири, педиатр Гулбаҳор Султонова. — Биз имкон қадар уларнинг тиббий маданиятини ошириш, оилаларда соғ­лом турмуш тарзини қарор топтириш, касалликларни вақтида аниқлаш мақсадида тушунтириш-тарғибот ишларини мунтазам олиб боряпмиз. Потранаж ойлиги доирасида 4 нафар ҳамширамиз уйма-уй юриб, қишлоқ аҳолисининг соғлигидан хабардор бўлиб турибди. Оналар ва болалар, ўзгалар парваришига муҳтож инсонлар, ёлғиз кексалар, ногиронларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Депутат тиббий кўрикка келган хотин-қизлар билан ҳам суҳбат қурди.

— Уч нафар фарзандим бор, — деди Маҳбуба Маллаева. — Охирги пайтлар бош оғриғи, қон босимидан азият чекяпман. Тиббий текширувдан ўтдим. Шифокорлар даволаниш учун зарур дори-дармонларни ёзиб беришди.

Шу куни 125 нафар қишлоқ аҳолиси мутахассис шифокорлар кўригидан ўтказилди. Оила шифокори ва ҳамшираларга тегишли тавсиялар берилди.

Халқимизнинг ўз соғлигига эътибори ва соғлом турмуш юритишга интилиши кучайиб бораётгани ушбу тиббий кўрик пайтида яққол сезилди.

Депутатлар, партия фаоллари билан тумандаги «Пахтакон» маҳалласига йўл олдик. Биринчи бўлиб, кексалардан бири Тоғай Элмуродов хонадонига бордик. Кўз­лари қу­вончдан порлаб, чеҳраси ёри­шиб бизни кутиб олди. Суҳбат чоғида ош-овқатидан, иссиқ-совуғидан қишлоқ аҳли хабар олиб турганини миннатдор бўлиб гапирди.

— Биласизми, турмуш ўртоғим вафотидан кейин энди ёлғиз ўзим, қандай яшайман, деб ваҳимага тушгандим. Энди ҳаё­тим қандай бўлади, деган савол сира тинчлик бермасди. Мана, давлатимиз катта ғамхўрлик кўрсатяпти. Маҳалламиз фаоллари, депутатлар, ҳамширалар тез-тез ҳолимдан хабар олиб туришибди. Нафақамни ўз вақтида оляпман. Зарур озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам етказиб беришади. Шифокорлар уйимга келиб хизмат кўрсатади. Ҳаётимдан мингдан-минг розиман. Халқ демократик партиясининг бугунги тадбирини ҳам хайр­ли ишлардан, деб ўйлайман.

Депутат мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қи­лиш борасида доимий равишда эътибор ва ғамхўр­лик кўрсатиб келинаётгани, пенсия ва нафақалар миқдори муттасил ошириб борилаётгани, кексаларнинг саломатлигини тиклаш учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағлар ажратилаётгани ҳақида сўзлади ва партия­миз сов­ғасини топширди. Отахон яхши кайфиятда бизни кузатиб қўйди.

— Аслида, кексаларни ҳар қанча эъзозласак кам, — деди депутат отахоннинг хонадонидан чиқаётганимизда. — Ёши улуғларни ғанимат билиб, доимо кўнглини кўтаришимиз, уларнинг дуоларини олишимиз керак...

Яна бир отахон — Ҳасанбой Аҳмедов хонадонига бораётганимизда партия фаоллари унинг 19 яшар қизи II-гуруҳ ногирони эканини айтишди.

— Қизим бундан бир неча йил олдин бахтсиз тасодиф туфайли бир оёғидан ажралди, — дейди отахон. — Ҳозир шифохонада эди, даво­ланя­п­ти. Қишлоғимиздаги ҳамширалар хабар олиб турибди. Тез ёрдам ҳам вақтида етиб келади. Сизлар хабар олишга келганингизни, совға-саломлар бериб кетганингизни айтсам, у жуда хурсанд бўлади, кўнгли кўтарилади. Унга сизлардан албатта, салом айтиб қўяман.

— Кексалар жуда ажойиб бўлишади-да, — деди ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Акмал Турсунбоев яна бир хонадонга кетаётганимизда. — Ҳозир 91 ёшли отахоннинг хонадонига борамиз. Бу ерга кўп келаман. Отахоннинг сўзларини, ўтмиш ҳақидаги ҳикояларини мароқ билан тинглайман. Ҳаётий хулосаларини эшитаман.

Қариси бор уйнинг париси бор, дейишади. Ҳақ гап. Мамасоли Парпиевнинг хонадонига кириб борганимизда бунга яна бир бор яққол амин бўлдик. Отахон дастурхон атрофида уйни тўлдириб ўтирарди. У уруш йилларида халқимиз бошидан кечирган оғир кунлар ҳақида, бугунги дориломон кунларга чексиз шукроналик билан гапириб берди.

— Инсон учун эътибордан ортиқроқ мукофот йўқ, — дейди отахон. — Айниқса, кексайганда кўпроқ меҳр истаркансан. Кимдир сени ардоқласа, ғамхўрлик қи­л­са, одам ўзини янада бардамроқ ҳис қилар эканда, болам. Ана шундай эзгу ниятларни Абдусалом Хонимқулов хонадонида ҳам эшитдик. У бундан бир неча кун олдин партиямиз Жамоатчилик қабулхонасига муро­жаат қилган экан. ЎзХДП фаоллари отахонга ногиронлик аравачасини топширишди.

— Тадбир давомида қишлоқдаги нурли, фариштали отахон ва онахонларни йўқладик, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Ҳаётхон Ортиқова. — Уларнинг ҳикматли сўзлари, насиҳатлари, ўзлари ғанимат бизга. Фарзандлари қаторида кўнгилларини кўтарсак, ўтган оғриқли кунлар яралаган дилларига оз бўлса-да мал­ҳам бўлсак, деймиз. Ёши улуғ отахон-онахонлар билан суҳбатлашиб, бугун уларнинг яхши ният, шукроналик билан яшаётгани, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини сездик.

Куннинг иккинчи ярмида «Гулбулоқ» маҳалласида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари, вилоят Соғлиқни сақлаш, Меҳнат бошқармалари ва Бюджетдан таш­қари пенсия жамғармаси ходимлари иштирокида аҳоли билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Дастлаб партия электорати ҳисобланган аҳоли ўртасида ўтказилган тиббий кўрик натижалари юзасидан шифокорларнинг якуний ахбороти эшитилди. Соғ­лиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд муаммолар, таклифлар мутасаддиларга тақдим этилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда имконияти чекланган инсонларни тиббий кўрикдан ўтказишга, шифохона ва санаторийларда даволаниши ҳамда тиббий протез-ортопедия воситалари билан таъминлашга амалий ёрдам кўрсатилди.

Мулоқот давомида, шунингдек, ҳар бир тумандаги ташкилотлар раҳбарлари жорий йилдаги вазифалар, белгиланган режалари тўғрисида ахборот беришди. Фуқароларнинг ҳудуддаги муаммолар юзасидан берган саволларига жавоб қайтарилди.

Шунингдек, лойиҳа давомида кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилди. Фуқаролар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари томонидан қабул қилинди.

Умуман олганда, амалий тадбир давомида партия электорати вакилларини ўйлантираётган кўплаб масалалар аниқланди, таҳлил қилинди. Аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолар ва уларнинг ечимига доир таклифлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларига тақдим этилди. Кўтарилган ижтимоий аҳамиятга молик масалалар парламентдаги ЎзХДП фракцияси орқали тегишли вазирлик ва идораларга ижобий ечим топиш учун етказиладиган бўлди.

Бундай тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида йил давомида амалга оширилиши режалаштирилди.

Сирдарёдан Зулайҳо Акрамова билан бирга қайтдик. Суҳбатимиз ушбу амалий тадбирнинг аҳамияти ҳақида бўлди. Хуллас, таассуротларимизни ўртоқлашдик.

— Албатта, меҳр ва эътибор нуронийларимизнинг умрига умр, кучига куч қўшади, уларга руҳий мадад бўлади. Жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг ҳаётга қизиқишини оширади, — дейди депутат.— Уларнинг яшаш шароити қандай,  яратилган имконият ва имтиёзлардан қай даражада фойдаланишяпти? Бундай саволлар доим партиямиз ташкилотлари ва депутатлар эътиборида турмоғи керак, деб ўйлайман. Негаки, улар партиямиз электорати ҳисобланади...

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.