12.12.2017

«ИНСОН ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИНИ АМАЛДА ТАЪМИНЛАШ УЧУН

ҳали кўп иш қилишимиз керак»

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси мазмун-моҳияти, олдинда турган муҳим вазифалар хусусида атрофлича фикр алмашилди.

— Маъруза қисқа вақт ичида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ўзгаришларнинг туб моҳияти очиб берилгани, олдимизда турган долзарб вазифалар белгилангани билан аҳамиятлидир, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракция­си аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев. — «Асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш борасида ҳали олдимизда улкан вазифалар турганини яхши тушунамиз. Яъни, халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак. Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур». Бу фикрлар партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари зиммасига катта масъулият юклайди.

Ҳаракатлар стратегияси асосида шу йилнинг ўзида 20 дан ортиқ қонун ва 700 дан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Хўш, уларнинг ҳаммаси кўнгилдагидек ижро этиляптими? Агар бундай бўлмаса, оддий одамлар ҳаёти ўзгариши, турмуш шароити яхшиланиши қийин. Демак, биз жойларда меъёрий ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилиши устидан парламент назоратини олиб боришимиз зарур. Бу ишни сўзда эмас, амалда таъминлашимиз талаб этилади.

— Мамлакатимизда давлат бошқарувини демократлаштириш жараёнлари тобора изчил тус олмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Акмал Умаралиев. — Маърузада турли даражадаги ижро ҳокимияти органларининг халқ вакиллари — парламент ва маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобот бериш амалиётини кенг жорий қилиш лозимлиги ҳақида ҳам муҳим фикрлар билдирилди. Бу жараёнда партиямиз, депутатлик бирлашмаларимиз қандай иштирок этади? Ана шу қатъий саволга аниқ жавобимиз бўлиши керак.

Партиянинг ҳар бир кенгашида бу борада аниқ режалар ишлаб чиқилиши ва ижроси таъминланиши мақсадга мувофиқдир. Одамлар давлат органлари, шунингдек, ўзлари сайлаган вакиллар нима билан шуғулланаётганини билишлари, уларнинг ­фаолиятига холисона баҳо бера олиши учун имкониятлар яратилиши олдимизга янада масъулиятли вазифалар қўяди.

— Президентимиз маърузасини, тўғриси, ҳаяжон билан тингладим, — дейди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Меҳрожиддин Дархонов. — Кенг қамровли, таҳлилий-танқидий руҳдаги ушбу маърузада сиё­сий партиялар учун долзарб бўлган масалалар хусусида сўз юритилди. Эътибор берайлик, жорий йилнинг ўзида кам таъминланган, уй-жойга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслардан 1200 нафардан кўпроғини уй-жой билан таъминлаш бўйича шартномалар имзоланиб, бошланғич тўловлар учун 22 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бу минглаб инсонларнинг ҳаётга, яшашга бўлган ишончи ортди деганидир. Шу масалада биз нима қилдик? Қандай ташаббус билан чиқдик? Очиғи, бу саволга жавоб беришга қийналамиз.

Маърузадан келиб чиқиб, тегишли вазифаларни белгилаб олар эканмиз, ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд кишилар, доимий иш жойига эга бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Партия­миз гуруҳлари бу масалаларни сессия ва доимий комиссияларда кўриб чиқиш бўйича ташаббус кўрсатиши, қонунлар ва қарорлар бажарилишини депутатлик назорати тартибида ўрганиши, мансабдор шахсларнинг ҳи­соботлари эшитувини изчил йўлга қўйиши зарур.

— Тантанали маросимда таъкидланганидек, 25 йил тарих учун бир лаҳза холос, — дейди ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Ҳайдар ­Бобохонов. — Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни Конституциямиз билан боғлашимиз, албатта, бежиз эмас.

Кейинги йилларда Конституциямизга киритилган ўзгартишлар юртимизда демократиянинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Маълумки, демократиянинг яққол кўриниши сайлов жараёнларида намоён бўлади. 24 декабрда илк бор пойтахтимиз туман Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Президентимиз мазкур сайловга тўхталиб ўтар экан, «Тошкент шаҳри аҳолиси ҳам энди ўз вакиллари — депутатлар орқали туманларни бош­қаришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқда», дея алоҳида таъкидладилар. Сайловда муваффақиятли қатнашиб, ҳар бир туман Кенгашида партия­миз гуруҳлари тузилишига эришишимиз керак. Шунда электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббус ва ҳаракатларимизни кучайтириш имконига эга бўламиз.

Фракция йиғилишида барча даражадаги депутатлик бирлашмаларининг ижро ҳокимияти органларининг ҳисобот бериш амалиётини кенг жорий қилиш, парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати механизмларини янада ривожлантириш юзасидан алоҳида режаларини ишлаб чиқиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Ушбу жараёнда ижтимоий ҳимоя, аҳоли саломатлигини сақлаш йўналишларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича таклифлар билдирилди.

Фикр-мулоҳазалар асосида фракциянинг чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.