13.03.2018

КАМЧИЛИКЛАРДАН БУГУН ХУЛОСА ЧИҚАРМАСАК, ЭРТАГА КЕЧ БЎЛАДИ

Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Унда вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари масъуллари, партия гуруҳлари аъзолари иштирок этди.

— Ютуқлар ҳақида гапиришдан кўра, фойдаланилмаётган имкониятларимиз ҳақида кўпроқ ўйлашимиз керак, — деди ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Акмал Турсунбоев. — Ҳар биримиз ўтган кунимиздан хулоса чиқариб, эртанги кунимиз учун режалар тузсаккина электоратимиз манфаатларини самарали ҳимоялай оламиз. Олдимизда масъулиятли вазифалар турибди. Бу йўл қўйилган камчиликларга кўз юммасдан, уларни самарали ҳал қилиш бўйича пухта таклифлар устида ишлашга ундайди. Тан олиш керакки, бугун бизга тарғибот-ташвиқот ишларида фаоллик етишмаяпти. Биз ҳамон бошланғич ташкилотларимиз ичига кириб бора олмаяпмиз. Ваҳоланки, бошлан­ғич ташкилот партиянинг асосий таянчидир.

Ўтган йили шаҳар ва туман партия ташкилотлари таркибидаги бошланғич партия ташкилотларида аъзолар қайта рўйхатдан ўтказилди. Вилоят бўйича йил давомида 2200 га яқин фуқаро партия аъзолигига қабул қилинди.

Ўйлайманки, пленумдан сўнг вилоя­тимиздаги барча партия ташкилотлари ўз фаолиятини қайтадан кўриб чиқиб, самарадорликни оширади.

Пленумда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Хотамжон Кетмонов қатнашди ва сўзга чиқди.

— Бугун аҳоли билан мулоқот олиб боришда очиқликка, муаммоларни жойи­да бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди партия етакчиси. — Муҳими, одамлар ўзгаришлардан, амалга оширилаётган ислоҳотлардан мамнун. Шу жараёнда биз сиёсий партияларнинг зиммасида катта масъулият борлигини унутмаслигимиз лозим, албатта.

Барча даражадаги партия ташкилотларида кадрлар билан ишлаш, уларнинг салоҳиятини ошириш масаласида янгича ёндашув зарурлигини замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Ходимларнинг наъмунавий одоб-аҳлоқ қоидалари ишлаб чиқилгани ва Марказий ­Кенгаш ижроия қўмитасининг тегишли қарори билан қабул қилинганидан барчангизнинг хабарингиз бор. Бу ишимизни танқидий-таҳлилий қайта кўриб чиқиш, камчиликларни ўз вақтида бартараф этишга омил бўлади.

Ислоҳотларни чуқур англамаган партия ходимлари билан узоққа бора олмаслигимизни замоннинг ўзи кўрсатиб бермоқда. Шуни ҳисобга олиб, фаолиятини тўғри йўлга қўя олмаган 6 нафар туман кенгаши раиси лавозимидан озод этилгани, 2 нафар туман кенгаши раисига интизомий жазо чораси кўрилганига эътибор қаратилди.

— ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиққан, — деди «Ёш сиёсатчилар» ­клуби коор­динатори Нодира Муҳаммад­қулова. — Бугунги кунда режага мувофиқ ёшлар билан мулоқотлар ташкил этилмоқда. Партиямизнинг «Истиқбол» ёшлар қаноти ва депутатлар иштирокида ҳудуддаги ёшларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларнинг яшаш тарзи, нималар билан бандлиги ўрганилди. Бу борадаги ишларимизда ­тизимлиликни йўлга қўйиш, рақамлар кетидан қувмасдан, масаланинг моҳия­ти, долзарблиги, асосийси, ечими бўйича аниқ таклифларни шакллантириш муҳим ҳисобланади.

— Аҳоли бандлигини таъминлаш энг долзарб масалалардан биридир, — деди Сирдарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Жўрабой Қўлдошев. — Ишсизлик даражаси юқори бўлган ҳудудларда енгил саноат, чарм пойабзал, электротехника соҳасига оид қатор лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.

Шунингдек, аҳоли саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари юзасидан мансабдор шахс­ларнинг ахборотларини эшитиш, депутатлик сўрови институтидан фойдаланишни янада кучайтиришимиз лозим. Қишлоқ оилавий поликлиникаларидаги камчиликларни бартараф этиш, эҳтиёжманд аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш йўналишларида аниқ вазифаларни белгилаб олиш талаб этилади.

Пленумда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.