Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Fevral 2017    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 1 2 3 4 5
21.03.2017

ЎЗБЕКИСТОНДА НАВРЎЗ САЙЛИ

Очил ПАРДАЕВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Мен мустабид тузум даврида чорак асрдан зиёд Бойсун туман газетасида бош муҳаррир бўлиб ишладим. Лекин унда Наврўз ҳақида мақола босилганини эслолмайман. Чунки у ҳақда ёзиш тақиқланган эди. Одамлар ўшанда пана-пастқамларда Наврўз байрамини пинҳона нишонларди. Истиқлол туфайли бу айём катта май­донларга кўчди. Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг ташаббуси билан Наврўз байрами бу йил халқ сайлига айланди.

Биз бойсунликлар ушбу байрамни азалий урф-одатларимизга кўра, Инкабод қишлоғидаги қир-адирларда кутиб олдик.

Наврўз байрамининг ўзига хослиги шундаки, бунда гина-кудуратлар унутилиб, одамларнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибати жўш уради. Аҳиллик, поклик, ­бунёдкорлик каби гўзал туйғулар қанот ёзади. Ҳозир қайси бир хонадонга ёки маҳаллага кирманг, дошқозонларда сумалак қайнаяпти, тўй-тантаналар ўтказилаяпти.

Мен учун бу йилги байрамнинг яна бир қадри шундаки, айнан Наврўз куни тўқсон ёшга тўлдим. Эрта тонгдан яқинларим, айниқса, шогирдларимнинг қутлаши кўнглимни тоғдек кўтарди. Мен ана шундай дориламон кунларга етказгани учун Яратганга шукр қиламан.

Рўзимбой ҲАСАН,  ёзувчи:

Хоразмда Наврўз ўзига хос тарзда ишонланади. Бир томонда лазги жаранги, бошқа майдонда қўчқор уруштирувчилар, хўроз жанги, хивалик халфаларнинг дил ўртар айтимларини эшитган одамнинг бутун вужуди қулоққа айланади. Паҳлавон Маҳмуд авлодларининг кураш беллашуви барчани ўзига тортади. Комилжон
Отаниёзов томонидан айтилган ўлмас қўшиқлар қалбларни ларзага солади. Хоразмлик пазанда аёллар дастурхонга тортган сумалак, кўк чучвара, қатлама каби миллий таомларнинг хушбўй ҳиди иштаҳани қитиқлайди. Бу йилги Наврўз сайиллари бизнинг Хоразмда жуда кўтаринки кайфиятда, ҳамжиҳатликда ўтмоқда, одамларнинг руҳи баланд. Кимга қарасангиз яратиш, бунёд этиш, барпо қилиш мақсади билан яшамоқда.

Аҳмадилло СОЛИЕВ, журналист:

— Наврўз нашъу намоси, карнай-сурнай садоси элу улусни Шаҳрихон шаҳри марказидаги боғда ўтказиладиган Наврўз сайлига  чорлади. Жарчиларнинг жарангли овози атрофни тутди.

Боғда Наврўз ифори, гўзаллиги, таровати намоён. Қадам қўйганлар янгиланиш нафасидан баҳраманд бўлиб, кайфияти кўтарилади.

Шодиёна дўст-қадрдонлар билан янада файзли, қувончли. Милий кийимлари жуда ярашган қардош халқлар вакиллари бир-бирини табриклайди. Наврўз таомлари, пишириқлар, турли ноз-неъматлар дастурхони меҳмонларга мунтазир.

Шаҳрихоннинг довруғини оширган ҳунармандлар ҳам Наврўзга пешвоз. Улуғ ёшга етган Хожалхон Қодирова қизлар суйиб киядиган оқпар дўппи тикишнинг устаси. Онахон дўппининг Наврўз нусхасини яратган. У қизларимизга жуда ярашади. Ҳуснига-ҳусн қўшади. 

Эр йигитлар учун дўппи тикадиган чевар Муножатхон Шарипова сара, кўркам ишларини кўз-кўз қилади.

Уста Раҳматхўжа Алихўжаев меҳнати билан яратилган миллий пичоқлар таърифи дунёга ёйилган.

Пахтаободлик Ўктам ҳожи Юсупов дор ўйинлари билан томошабинларни қувонтирди. Наврўз тантаналари оқшомгача давом этди.

Ҳасан НОРМУРОДОВ, «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими
раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП
гуруҳи аъзоси:

— Президентимиз ташаббуси билан Наврўзни халқ сайли сифатида нишонланиши халқимизни янада жипс­лаштирди. Наврўз энг қадимий урф-одат ва анаъаналаримизни ўзида мужассам этган миллий байрам сифатида янгиланди, мазмунан янада бойитилди, деб ўйлайман.

Бугун минглаб самарқандликлар шаҳару қишлоқларда, маҳаллаларда катта тантана қилишмоқда. Байрамларни бундай нишонланиши жамиятга нима беради? Менимча, энг аввало, раҳбарларни халққа яқинлаштиради. Бундай сайилларда халқ нима билан нафас олаяпти, уларнинг кайфияти қандай, деган саволларга бемалол жавоб олиш мумкин.

Наврўз фалсафаси замирида халқ билан мулоқот тушунчаси бор, деб ҳисоблайман.         

Ҳақиқий Наврўз сайлини кўрмоқчи бўлганлар Ургутга, Қўшработга, Нурободга, Булунғурга келсин. Бу ерлик самимий инсонлар меҳмонни бошига кўтаради. 

Нигина АБДУРАЗЗОҚОВА, Жиззах санъат коллежининг 3-босқич ўқувчиси,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби:

— Жиззах ўзинининг бетакрор гўзал манзаралари, содда, самимий, кўнгли очиқ одамлари билан машҳур.

Бу замин фарзандларига она табиатнинг ўзи илҳом беради. Зомин шаршараси, Ойқор тоғи каби мўъжизаларни кўрган инсон ё шеър ёзади, ёки расм чизади, ё қўшиқ айтади.

Жиззах санъат коллежида ўқиш давомида устозларимдан рассомлик сирларини ўргандим. 2014 йилда Бахмал туманидаги мактабда ўз шахсий кўргазмамни ташкил этдим.

 «Юрт келажаги», «Ораста қизлар» кўрик танловларида, «Ёш тадбиркор юртга мададкор» лойиҳасида фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритдим.

Наврўз байрами арафасида камтарона меҳнатларим, Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб кўрилгани менга олам-олам фахр, ғурур бағишлади. Айиқса, бу юксак мукофотни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи топширгани ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлди.

Акрам АКБАРОВ, Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Халқимизнинг мана шундай нурафшон кунларини кўриб, ўтган асрнинг 40-йиллари ёдимга тушади. Ўша пайтда одамлар Наврўзни нишонлаш учун раҳбарларнинг кўзидан панароқ жойларга чиқишарди. Топган-тутганларини ўртага қўйиб, яширинча байрам қилишарди. Шундай оғир дамларда ҳам халқ Наврўзни унутиб юбормади.

Ўша вақтларни бугунги кунлар билан солиштирсак, худди эртакка ўхшайди. Одамнинг ишонгиси келмайди. Вилоятимиздаги Наврўз сайилларининг асосий тадбирлари «Соҳил» хиёбонида ташкил этилди.  Бу ерда дошқозонларда ош дамланиб, сумалак тарқатилмоқда. Сайилгоҳдан эрта тонгдан то кун оққунча одам аримайди.

Тоғли туманларимизда Наврўз қир-адирларда нишонланмоқда. Айниқса, Қамаши, Нишон, Деҳқонобод, Муборак туманларида халқ сайиллари уюшқоқлик билан ўтказилди.

Мақсуда ВОРИСОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Зангиота туманидаги Назарбек қишлоқ врачлик пункти мудири:

Бир неча кундан буён Тошкент вилоятидаги барча истироҳат боғлари, маҳалла гузарларида Наврўз тантаналари ўтказилмоқда. Зангиота туманида ташкил этилган халқ сайлида иштирок этиб, кўнглим тоғдек кўтарилди, миллий байрамимизнинг кучи-қудратига қойил қолдим.

Ҳатто бир-бирини билмаган, танимаган одамлар ҳам байрам билан табриклаб, ўйин-кулги қилишмоқда. Мана бир неча йилдан бери депутат, сенатор сифатида халқ орасида жуда кўп юраман. Очиғини айтишим керак, Наврўзнинг бу йил халқ сайли тарзида ўтказилаётгани одамларимизнинг, халқимизнинг кўнглидаги иш бўлди. Бу уларнинг кайфияти, хурсандчиликларида яққол намоён бўлиб турибди.     

 

Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси:

— Бу йилги Наврўз ўз номи билан халқ сайлига айланганини жойларда бўлаётган тўй-томошалардан билса бўлади. Мен кечагина Тахиатош шаҳрида ўтказилган Наврўз байрамида қатнашиб келдим. Эл-улус, ёшу-қари ҳаммаси ўша ерда, ҳамма хурсанд, буни кўриб кўнглим тоғдай кўтарилди. Илгари Наврўз битта жойда ўтказиларди, унда чекланган одамлар қатнашарди. Бу йилги Наврўз ҳар бир хонадонга кириб борди, десам хато қилмаган бўламан. Ҳар бир корхона ва ташкилотда, муассаса ва маҳаллаларда, овулларда тўкин байрам дастурхони ташкил қилиняпти, концертлар уюштириляпти, спорт мусобақалари ўтказиляпти, ҳақиқий тўй бўляпти. Кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, кекса инсонлар, ногирон, беморларнинг ҳолидан хабар олиниб, кўнгил сўралаяпти. Чимбой, Хўжайли, Элликқалъа, Беруний, Шуманай, Амударё туманларида бўлиб ўтган Наврўз томошалари анча вақтгача халқимизнинг дилида сақланиб қолади, деб ўйлайман.

Баҳром ОБИДЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП
фракцияси аъзоси:

— Бу йил Наврўз ҳақиқий халқона байрам сифатида нишонланаётгани фарғоналикларнинг ҳам юз кўзида ўз ифодасини топмоқда. Кеча оиламиз билан Олтиариқда ўтказилган халқ сайлида иштирок этган бўлсак, бугун вилоят марказида ташкил этилган тантаналарни томоша қилиш учун келдик.

Ҳақиқатан, Наврўз байрамининг асосий қисми томоша ҳисобланади. Бизда қадимдан «Майдон томошаси» деган тушунча бор. Яъни, махсус тайёрланган саҳналарда эмас, далаларда қизиқчилар, халқ театри вакиллари, дорбозлар, аскиячилар, халқ ансамбллари чиқишлари бўлган. Ана шундай кенг майдон томошаларидаги қадимий урф-одатлар, ҳаракатлар, рақслар кейинчалик бизгача етиб келган. 

Наврўз байрамини халқ сайли сифатида нишонланиши ана шу қадимий анъаналарнинг қайта тикланиши ва уларни келажак авлодларга етиб боришида муҳим ўрин тутади.

Ҳаётхон ОРТИҚБОЕВА, Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

Мана бир неча кундирки, Гулистон маданият ва истироҳат боғида вилоятимизнинг шаҳар ва туманлардаги фольклор-этнографик жамоалари навбатма-навбат ўз чиқишларини намойиш этишмоқда. Сайилларда миллий либослар, таомлар, ҳунармандлар томонидан тайёрланган турли буюмлар кўргазмаси ташкил этилган. Уларда ҳар бир ҳудуднинг ҳаёт тарзи, урф-одатлари, ютуқлари акс этган.

Сўриларда ўтирган табаррук отахон ва онахонлар дуога қўл очиб, Яратгандан юртга тинчлик, осойишталик, тўкинлик, элимизга ризқ-рўз, барака беришини сўраяпти. Келин саломлар, ёр-ёрлар авжида. Сайхунободлик аёлларнинг дастурхонида ўнлаб миллий таомлар бор. Ширин шаҳри вакилларининг кўргазмасини таърифлашга сўз топилмайди.

Истироҳат боғидаги давраларда миллий удумларимиз акс этган. Кимдир узатиладиган қизига кўрпа қавияпти, кимдир урчуқ йигираяпти, яна бир аёл қадимги ҳунар — қанор тўқиш билан банд. Дастурхонлардаги Наврўз таомларининг адоғига етиб бўлмайди. Мана сирдарёликлар байрамни қандай нишонлашмоқда.

Нормурод ИСОҚОВ, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Навоий вилоят
бўлими раиси:

— Наврўз айёми вилоятимизда ҳам катта тайёргарлик, шоду хуррамлик билан кутиб олинмоқда. Одатда Наврўз олдидан халқимиз ҳашар қилиб, ариқ ва зовурларни тозалайди, атрофни ободонлаштиради. Байрам арафасида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида вилоят бўйича 432 мингдан ортиқ манзарали, 316 520 мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Шунингдек, 583 мингдан ортиқ гул кўчатлари экилди. Ушбу тадбирларни амалга оширишда вилоятимизнинг барча фуқароси фаол иштирок этди.

Мана шундай     обод манзилларда ўтказилаётган сайиллар одамларимизнинг ҳаётидан рози бўлиб, оиласи бағрида бахтли яшашида муҳим ўрин тутади.

Навоийликлар Наврўзи оламни кўтаринки кайфият билан қарши олишмоқда.

Қиёмиддин ҚЎЛДОШЕВ, Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Бутун мамлакатимиз бўйлаб Наврўз шукуҳи кезиб юрган шу кунларда бобо деҳқонларимиз байрамни нишонлаш билан бир қаторда далаларда боғ яратмоқда, уруғ сочмоқда. Депутат сифатида Наврўз сайилларида иштирок этиб, куннинг иккинчи ярмида Шофирконга одамлар билан учрашувга келдим.

Чунки ҳозир фермеру деҳқонларнинг кечаю кундуз тиним билмай ишлайдиган вақти. Бугун қилинган меҳнат эртага халқимиз дастурхонининг тўкин бўлиши, давлатимиз иқтисодиётининг ривожланишига хизмат қилади.   

Носир АББОС, шоир:

— Наврўз байрамига наманганликлар ҳам ўзгача кўтаринкилик билан пешвоз чиқдилар. Вилоятнинг 800 дан  зиёд  маҳалла ҳудудларидаги кўча ва хиёбонлар, гузарлар ободонлаштирилди.

Бу галги Наврўз байрами сайил тарзида ўтказилаётгани кекса-ю ёшга бирдай маъқул келди. Вилоят марказидаги Бобур, Машраб, «Камолот», Кичкинтойлар боғлари ҳамда янги барпо этилган «Уч фаввора» хиёбонида сайиллар ўтказилмоқда.

«Ўлкамга хуш келдинг, Наврўзи олам» деб номланган театрлаштирилган  байрам сайлида  ўурумсарой кулоллари, Чортоқ зардўзлари, Нанай ҳунармандларининг мўъжизага қиёс маҳсулотлари, косонсойлик, коросконлик, чустлик дорбозларнинг бетакрор чиқишлари, ўқув марказларининг миллий либослар кўргазмалари, рақс ва аскиячилик, миллий халқ ўйинлари, шоирлар мушоиралари, спорт мусобақалари, миллий таомлар ва дастурхон безаш танловлари, ош ва сумалак тайёрлаш беллашувлари ўтказилмоқда.

Халқаро спорт мусобақалари ғолиблари фан, таълим, маданият, адабиёт ва санъат йўналишларида катта муваффақиятларга эришиб, эътироф этилган истеъдод соҳиблари билан учрашувлар, рассомларнинг амалий кўргазмалари, нуронийлар гурунги каби тадбирлар сайил мазмунига-мазмун қўшмоқда.

26-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва якка-ёлғиз кексалар ва ногиронларга ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда мулоқотга киришиш маркази томонидан совға-саломлар улашилди. Бир сўз билан айтганда, вилоя­тимизда Наврўз бирдамлик, меҳр-оқибат ва мурувват, ҳамжиҳатлик, саховатпешалик, Она табиатни асраш ва бунёдкорлик айёми сифатида улуғланмоқда.



DB query error.
Please try later.