18.03.2017

КЕЛАЖАК БУГУНДАН БОШЛАНАДИ

Бугунги кунда мамлакатимизда жамият тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Таълим тизими эса давлатнинг бугунги ва эртанги тақдирини ҳал этишда шубҳасиз беқиёс ўрин тутади. Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳар жиҳатдан етук, чуқур билимга эга, замон талабларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлашда долзарб аҳамият касб этади.

Албатта, ҳар бир қарор ёки фармон муайян соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тизим фаолиятини тубдан яхшилаш, янада такомиллаштириш юзасидан қабул қилинади. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги 1411 та касб-ҳунар коллежларида ёшларимиз бир нечта ихтисослик бўйича касб-ҳунар ўрганмоқда.

Олий таълим муассасалари қошида 144 та академик лицей ташкил этилган. Очиғини тан олишимиз керак, сўнгги пайтларда касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларда ўқитиш сифати, етук мутахассислар тайёрлаш, айниқса, давомат масаласида бир қатор муаммолар юзага келди.

Шунингдек, академик лицейларнинг фаолиятини улар жойлашган ҳудуднинг демографик, иқтисодий ва бошқа омилларини ҳамда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсатгичлари нуқтаи назаридан олиб борилган таҳлиллар мазкур соҳадаги ишларнинг қониқарли эмаслигини кўрсатмоқда.

Тасаввур қилинг олий ўқув юрти вилоят марказида жойлашган, бироқ унинг қошидаги академик лицей олис туманда фаолият кўрсатади. Бундай шароитда қандай қилиб, олий ўқув юрти билан академик лицей ўртасида боғлиқлик, назорат бўлиши мумкин. Мазкур қарорда шу каби кўплаб ҳал этилиши зарур ва шарт бўлган масалалар қамраб олинган.

Хусусан, қарорга кўра, бугунги кунда моддий-техник ва ўқув-методик базаси замонавий талабларга жавоб бермайдиган 4 та академик лицей фаолияти тугатилади ҳамда олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари паст бўлган 54 та академик лицей босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантирилади.

Қолаверса, инвестиция дастури лойиҳаси ва қурилишларнинг манзилли рўйхатларини шакллантиришда академик лицейлар негизида ташкил этиладиган касб-ҳунар коллежлари учун янги ўқув устахоналари қуриш учун маблағлар ажратишга алоҳида эътибор қаратилади. Дунё тажрибасини кузатадиган бўлсак, ўқув дастурлари кўпроқ амалиёт билан уй­ғунликда олиб борилади. Бунда таълим муассасасининг ўзида мавжуд бўлган ўқув устахоналари имкониятларидан унумли фойдаланилади. Энг асосийси, ўқув устахонасидаги техник ускуналар ҳозирги замон талабларига жавоб бериши масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Шунда касб-ҳунар коллежини битирган мутахассис энг сўнгги русумдаги техникалар билан жиҳозланган корхона ёки ташкилотда бемалол ишлай олади.

Мазкур ҳужжатда кўзда тутилган энг асосий масалалардан яна бири — бу олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-­ўқитувчиларини академик лицейларда дарс беришга кенгроқ жалб қилиш мақсадида академик лицейлардаги ўқитувчилик фаолиятига соатбай ҳақ тўлаш миқдори олий таълим муассасаларида меҳнатга соатбай тўлаш миқдорига тенглаштирилишидир. Агарда академик лицейларда олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари дарс бериши йўлга қўйилса, бу таълим сифатининг ошишига бевосита таъсир кўрсатади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда замон талабларига жавоб берадиган таълим тизими яратилган. Навбатдаги асосий масала унинг сифатини ошириш, тизимда юзага келаётган муаммоларни босқичма-босқич ҳал этишдан иборатдир.

 

Зокир НУРОВ,

Паркент транспорт ва сервис касб-ҳунар коллежи директори,

халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси. 



DB query error.
Please try later.