Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Fevral 2017    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 1 2 3 4 5
16.03.2017

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИГА ШАРҲ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига

ШАРҲ

Қадимий юртимиз заминида яшаб ўтган буюк алломалар, мутафаккирларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, бебаҳо маърифий мероси, илмий-ижодий кашфиётлари бугунги кунда ҳам жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда.

Ўрта асрларнинг илк даврида Шарқда амалга оширилган буюк илмий кашфиётлар ҳақида гап кетганда, замонавий математика, тригонометрия ва география фанлари тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг номи бирин­чилар қаторида тилга олинади.

Тўлиқ исми шарифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Хоразмий ал-Мажусий ал-Қатраббулий бўлган бу улуғ зот мелодий 783 йилда Хоразмнинг маданият ва маърифат марказларидан бири бўлган Хива шаҳрида таваллуд топган. Буюк иқтидори, илм-фан тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси билан танилган Муҳаммад ал-Хоразмий ўз даврининг қомусий алломаси сифатида эътироф этилади. Унинг илм-фан тараққиёти йўлидаги хизматлари эътиборга олиниб, ўша даврда «Байт ул-Ҳикма» — «Донишмандлар уйи» деган ном билан машҳур бўлган Маъмун академиясига раҳбар этиб тайинланади.

Муҳаммад ал-Хоразмий математика, геометрия, астрономия, тарих, география ва бошқа фанларнинг илмий йўналишларида кўплаб қомусий асарлар яратган. Алгебра фанига асос солиб, фундаментал маълумот­лар, трактатларни илмий баён этиш қоидаларини ишлаб чиққан. Буюк ватан­дошимизнинг илмий изланишлари, илмий-тадқиқот назариялари ва илмий хулосалари бутун жаҳон илму маърифат аҳли томонидан эътироф этилиб, дунё илм-фанининг бебаҳо мероси сифатида юксак қадрланиб келинади.

Бугунги кунда замонавий математика, геометрия, тригонометрия, география каби фанлар, ахборот-коммуникация техноло­гиялари соҳасида эришилаётган ютуқлар­нинг тамал тоши айнан Муҳаммад ал-Хоразмий томонидан қўйилгани жаҳон миқёсида эътироф этилган ҳақиқатдир.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида ўқув-услубий, илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштиришнинг барқарор тизими яратилди. Мамлака­тимизда дунё андозаларига мос илмий-ўқув лабораториялари, кафедралар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, нуфузли илмий марказлар, мактаблар яратилди.

Бугунги кунда Тошкент ахборот техно­логиялари университети замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлай­диган юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университетнинг Самарқанд, Фарғона, Қарши, Урганч, Нукус филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Университет ва унинг филиалларида замонавий ахборот-коммуни­кация технологиялари, компьютер инжи­ниринги, дастурий инжиниринг, почта алоқа­технологиялари каби ўнлаб таълим йўналишлари бўйича ўн мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда.

Ёш авлодни улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросининг муносиб давомчилари этиб тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент ахборот техно­логиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Университетнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, мавжуд интеллектуал салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишларини иқти­содий-ижтимоий соҳаларнинг долзарб муаммоларига йўналтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий интеграцияни таъминлаш, дастурий маҳсулотлар яратиш, уларни иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига жорий этишни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Қарор Университет ва унинг филиал­ларида таҳсил олаётган ёшларга таълим тарбия бериш ва илм-фаннинг юксак чўққиларини эгаллашда зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқлари учун ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни янада такомиллаштиришда беқиёс катта аҳамиятга эгадир.

Мазкур қарор билан Тошкент ахборот технологиялари университетига Муҳаммад ал-Хоразмий номи берилди, шунингдек, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Универ­ситетда улуғ аллома номини абадий­лаштириш ҳамда унинг буюк ва бебаҳо меросини кенг ўрганиш билан боғлиқ қатор тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Қарорда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳалари билан таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам алоқасини таъминлаш, анъанавий тарзда республика ва халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказиш, юртимиздаги етакчи илм-фан намояндалари иштирокида олий таълим муассасалари талабалари, ёш олимлар, профессор-ўқитувчилар билан учрашувлар ташкил этишга эътибор қаратиш, шунингдек, Университетнинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендияни жорий этиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилган.

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ахборот-коммуникация техноло­гиялари, дастурий маҳсулотларни яратиш борасида танлов ва олимпиадалар ўтказиш, математик моделлаштириш, алгоритмлаш, криптология, компьютер ва дастурий инжиниринг, телекоммуникация ва телевизион технологиялари, ахборот хавфсизлиги йўналишларида замонавий ўқув адабиётларини тайёрлаш, уларнинг мультимедиали авлодларини яратиш ҳамда талабалар, олимлар ва педагогларнинг ушбу ўқув адабиётларидан эркин фойдала­нишлари учун уларни электрон ресурсларга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Айни вақтда қарор билан универси­тетнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш, универ­ситет қошидаги «Дастурий маҳсулот­лар ва аппарат дастурий мажмуалар яратиш маркази» ўрнида «Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион мар­кази»ни ташкил қилиш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.

Мазкур марказнинг асосий вазифалари сифатида иқтисодиётнинг етакчи соҳа ва тармоқлари учун реал эҳтиёжларни ҳисобга олиб, ички ва ташқи бозорларда рақобат­дош, сифатли маҳаллий дастурий маҳсулот­ларни яратишга, энг аввало, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида таълим олаётган талабаларни кенг жалб этиш белгиланди.

Қарорга кўра, марказда иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳалари буюрт­малари асосида бошқарув, ишлаб чиқариш, бизнес ва бошқа йўналишдаги жараёнларни автоматлаштиришни тизимли ва илмий таҳлил қилиш, уларнинг моделларини ҳамда алгоритмларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш механизм­лари яратилади.

Мамлакатимизда юқори технологияларга асосланган техник ва дастурий маҳсулот­ларни яратиш, импорт ўрнини босувчи қурилмаларни маҳаллийлаштириш ва экспортбоп қурилмаларни ишлаб чиқиш юзасидан фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади.

Марказда яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари, мутахассислари ва ёш илмий ходимларини миллий дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуаларни яратиш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларига кенг жалб этиш, хорижий мамлакатларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги илғор илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳам катта эътибор қаратилади.

Қабул қилинган қарорнинг яна бир муҳим аҳамияти шундан иборатки, Университет қошида Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этилмоқда. Мазкур Жамғарманинг маблағлари мобиль алоқа хизматлари кўрсатадиган компаниялар томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўловдан тушадиган маблағ­ларнинг 1,0 фоиз миқдоридаги ажратмалар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлардан шакллантирилиши кўзда тутилмоқда. Мазкур Жамғарма маблағларидан қуйидаги йўналишларда фойдаланиш белгиланмоқда:

Университет учун ўқув дарсликлар, илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш, жумладан, хорижий адабиётларни харид қилиш, иқтидорли талабалар учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия харажатларини қоплаш ва «Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари» илмий журнали нашр этилишини молиявий қўллаб-қувватлаш;

Университет ва Марказнинг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини танлов асосида молиялаш­тириш, уларнинг илмий ва ўқув лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар, зарур материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш;

Университетнинг иқтидорли талабалари, профессор-ўқитувчилари ва ёш илмий ходимларини етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, Университетда дарс бериш ва Марказда илмий тадқиқотлар ўтказиш учун юқори малакали хорижий мутахассислар ва олимларни жалб қилиш.

Қарор доирасида назарда тутилган барча тадбирлар мамлакатимизда иқтисодиётнинг инновацион тараққиётини таъминлашда, илм-фан ва кадрлар тайёрлашнинг ролини кучайтириш бора­сида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегия­сининг муваффақиятли амалга оширили­шига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарори юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фаннинг нуфузини ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг шарафли меҳнатини қадрлаш, кадрлар интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уни ташкиллаштириш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, универси­тетнинг моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, унинг хорижий давлатлардаги нуфузини кўтариш, иқтидорли ёшларни илм-фанга кўпроқ жалб қилишга кенг йўл очади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: