10.12.2016

МУҲИМ ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳалари қабул қилинди.

Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар аввалроқ тегишли тартибда Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида ҳам вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари дастлаб «Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини атрофлича кўриб чиқишди. Таъкидланганидек, прокуратура органлари ходимларининг касб байрамини белгилаш прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, хизмат вазифаларининг виждонан бажарилишини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Шундан сўнг депутатлар «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама этди.

Юртимизда хусусий мулк дахл­сизлигини ҳимоя қилишнинг ишончли ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилмоқда. Хусусий мулкни ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳити ва бизнес юритиш шарт-шароитларини янада яхшилашга қаратилган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва улар самарали амалга оширилмоқда.

Жорий йил 5 октябрь куни қабул қилинган тадбиркорлик фао­лиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони бу йўналишдаги изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

— Мазкур фармонни амалга оширишга қаратилган қонун ло­йиҳаси тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувлар, жиноят ишлари бўйича тафтишлар ўтказишни аниқ тартибга солишни назарда тутади, — дейди Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Мамажонов. — Унда молиявий-хўжалик фаолиятини амалга ошириш чоғида зарарнинг ўрни қопланган ва ҳуқуқбузарлик оқибатлари ихтиёрий равишда бартараф этилган тақдирда, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектлари, ходимлари, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахс­ларни етказилган жавобгарликнинг барча турларидан озод этиш масалалари назарда тутилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик субъ­ект­ларига нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жиноий жазони қўллашга тақиқ белгиланяпти.

Мазкур ҳужжатда назарда тутилаётган меъёрлар хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Натижада аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш имконияти ортади. Бу, албатта, партиямиз электорати манфаатларига тўлиқ мос келади.

Депутатлар «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўл­жалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам қўллаб-қувватлашди.

— Қонун лойиҳасига кўра, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Лизинг тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фао­лияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунларга, шунингдек, Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда, — дейди Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Қаҳрамон Мирзаев. — Мазкур ўзгартишлар келгуси йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг тасдиқланган концепцияларини амалга ошириш, қонун ҳужжатларидаги айрим меъёрларнинг аниқлаштирилиши ва бир хил қўлланилишини таъминлаш бўйича ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқдир.

Ушбу қонунлар парламент Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юбориладиган бўлди.

Депутатлар, шунингдек, биринчи ўқишда муҳокама этилган «Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.

— Ушбу ҳужжат лойиҳасида товар бозорларида ноқонуний рақобатга қарши янада самарали курашиш масалалари назарда тутилган, — дейди Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов. — Гап шундаки, айрим ҳолларда интеллектуал мулк эгаларининг маҳсулот белгиларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари учраб туради. Мазкур қонун лойиҳасида уларнинг ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга қаратилган меъёрлар белгиланмоқда. Уларнинг амалиётга жорий этилиши тадбиркорлик субъектларига рўйхатга олинган товар белгилари тўғрисидаги ахборотлардан бемалол фойдаланиш, тегишли суд қарорларининг янада аниқ ва бир хилда ифодаланишини таъминлаш имконини беради.

Қизғин мулоҳазаларга бой тарзда ўтган йиғилишда бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам электорат манфаатларидан келиб чиқиб, муҳокама этилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.