16.02.2017

ҲУДУДЛАРДАГИ УЧРАШУВЛАР

ҳар томонлама фойдали бўлди

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Юзма-юз мулоқот ўтказиш, мурожаатларни эшитиш, муаммоли масалаларни жойида ҳал қилиш ёки бу борада таклифлар тайёрлаш депутатлар учун ҳам, сайловчилар учун ҳам ғоят фойдалидир.

Парламент аъзолари билан бирга, Наманган вилоятининг Чуст туманида аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказиб қайтдик. Учрашувлар жараёнида аниқланган масалаларнинг 400 га яқини жойида ҳал этилди. Қолганлари бўйича тегишли идораларга кўрсатмалар берилди. Республика даражасидаги масалалар бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Халқ депутатлари Чуст туман Кенгаши сессиясида мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди ва қарорлар қабул қилинди.

Энг муҳими, бу жараёнларда аҳолини ўйлантираётган масалалар билан яқиндан танишдик. Уларнинг ташвишлари, таклифларини эшитдик.

Фаолиятим йўналишидан келиб чиқиб, тумандаги касб-ҳунар коллежларини ўргандим. Чуст педагогика коллежида ўқиш бир сменада ташкил этилган, бу ерда 1145 нафар йигит-қиз таълим олади. Ўқув хоналарининг иситилиши электр таъминотига боғлиқ. Ўқув биноси индивидуал қозонхонага эга. 26 компьютердан 10 таси ишламайди. Муаммоларни бартараф этиш бўйича йўлланган мурожаат асосида вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси мазкур коллежга зарур жиҳозларни етказадиган бўлди.

Чуст саноат транспорт касб-ҳунар коллежининг ахборот-ресурс марказида бадиий адабиётлар, дарсликлар етишмайди. Компьютер жиҳозлари ва компьютер хонаси керак. Бу масалани ҳал қилиш бўйича таклифлар тайёрланди ва туман ҳокимияти, ҳудудий бош­қармаси ҳамда тегишли вазирликка юборилди.

Чуст педагогика сервис касб-ҳунар коллежи биносининг иситиш тизимини яхшилаш учун локал қозонхоналар ўрнатишга пул маблағлари ажратилишини вилоят касб-ҳунар коллежлари бош­қармаси ўз зиммасига олди.

Амалий машғулот ўтказиш учун енгил автомобиль билан таъминлаш ҳам бошқарма томонидан ҳал этиладиган бўлди. Коллеж ҳудудида автодром қуриш масаласини ҳал этиш юзасидан туман ҳокимлигига таклиф киритилди.

Ишчи гуруҳимиз фаолияти давомида Олий Мажлис Сенати раи­си Ниғматилла Йўлдошев ва Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Хатамжон Кетмонов ҳам туманга келиб, аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказди.

Берилган таклифлар асосида қишлоқлардаги маданият ва аҳоли дам олиш маркази бинолари қайта таъмирлаш дас­турига киритиладиган бўлди. Шоён, Каркидон қишлоқларида қўшимча электр трансформаторлари ўрнатилди.

Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ҳам сайловчилар билан ишлаш тажрибаси, фаоллиги ошди, дейишга асослар етарли. Вилоят ва туман партия кенгашларидаги Жамоатчилик қабулхоналарини янада такомиллаштириш масалаларига эътибор тубдан ўзгарди.

Бизнинг мақсадимиз, вазифамиз халқ манфаатини ҳимоя этиш билан боғлиқ. Амалга оширадиган барча ишларимиз аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилаш, жамиятни ривожлантиришга хизмат қилишдан иборат бўлмоғи зарур. Одамлар биздан амалий натижалар кутяпти. Ҳар бир депутат бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмоқда.



DB query error.
Please try later.