09.01.2018

МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАР ДЕПУТАТЛАРИНИНГ УЙҚУСИ ҚАТТИҚМИ?..

Турли тадбирлар ва давраларда депутатлар кўпинча тўрга ўтказилади. Халқимиз шу йўл билан ўз вакилларига эҳтиромини кўрсатади. Одамлар депутатни аввало маънавиятли, салоҳиятли, адолатли ва фидойи инсон сифатида эъзозлайди. Унинг сўзига ҳам, ваъдасига ҳам тез ишонади. Аммо сессия ва йиғилишларда бўшашиб, лоқайд бўлиб ўтирган, муаммоларни, адолатсизликни кўра-била туриб, «ҳаммаси жой-жойида», деб қўл кўтарадиган депутат эса ҳурмат-эътиборни оқламаган, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам алдаган бўлади, оқибатда эътибордан қолади.

Сўнгги вақтларда давлат раҳбари кимга кўпроқ мурожаат қиляпти? Демократия учун, халқимизнинг дунёдаги иззат-ҳурмати учун, эртамиз учун, болаларимиз учун курашишга тайёрмисизлар, деб кимдан сўраяпти?.. Депутатлар, халқ вакиллари бу масъулиятли ва тарихий саволларга жавоб беришга тайёрми?..

Давлат ва жамият ҳаёти шундайки, депутатлар кўтармаган юкни бошқа биров кўтара олмайди. Халқ вакилининг виждони уйғонмас, дунёқараши кенгаймас экан, оддий одамлар, шифохонадаги беморлар, боғчалардаги гўдак­лар адолатсизликдан қийналаверади, ҳудудлар бюджети озиб-тўзиб, коррупция ва бюрократиянинг вазни ошаверади, инсон ҳақ-ҳуқуқи азият чекаверади, амалдорларнинг қалби тош­дай қотиб қолади.

Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида депутатлар уйғоқлиги ҳаётимизда қанчалик муҳим ўрин тутиши оддий тилда, аниқ-равшан ифодалаб берилди: «Депутатлар уйғониши керак. Депутатлар уйғонмаса, жамиятимизда мувозанат бўлмайди ҳеч қачон...» Мувозанат бўлмаган жойда манфаат тарозисининг палласи гоҳ у ёнга, гоҳида бу ёнга оғиб кетаверади. Тараққиёт тошини қанчалик айлантирманг, халққа, мамлакатга, оддий одамларга манфаати кам бўлган ёки умуман фойдаси бўлмаган томони тушаверади. Бунга йўл қўйиб бериш халққа хиёнат қилиш, шайтоннинг малайига айланиш билан баробар.

Шунинг учун депутатларга қайта-қайта мурожаат қилинаётгани шунчаки гап келганда айтиб ўтиб кетилган гаплар эмас. Агар шундай бўлса, қонунлар, фармон ва қарорларда ҳудудларни ривожлантириш, муаммоларни бартараф этиш, таклиф-ташаббуслар билан чиқиш, эскича фикрлаб, ман-манликка берилган раҳбарларнинг дунёқарашини ўзгартириш, керак ҳолларда таъсир чораларини қўллаш бўйича маҳаллий Кенгаш депутатларига реал ҳуқуқ ва имкониятлар берилмас эди.

Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармонига кўра, ҳудудларнинг бюджет параметрларини тасдиқлаш ва унинг ижросини назорат қилиш бўйича депутатларнинг роли оширилди.

Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент ­қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашлари мажлисларида ҳар чоракда ҳудудий секторлар раҳбарларининг ҳисоботлари (ҳар бир ҳудудга бириктирилган республика даражасидаги масъул мансабдор шахслар, парламент депутатлари ва сенаторлар иштирокида) эшитилиши белгиланди.

Қонунга мувофиқ, маҳаллий Кенгаш Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш масаласини белгилаш ваколатига эга.

Маҳаллий Кенгашларга берилган ваколатлар ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин асосий гап ваколатларнинг кўп ёки камлигида эмас, улардан ким қандай фойдаланишига бориб тақалаверади.

Сессияга, масалан, ИИБ бошлиғини чақириб, аниқ фактлар билан муаммоларни кўрсатиб, уларни ҳал этиш йўлларини биргаликда излайдими ёки ҳисобот ўқилаётганда елкасини қисиб ўтириб, охирида «Бағдодда ҳамма ёқ тинч», деган мазмундаги қарорни чапак чалиб маъқуллайдими, буни депутатларнинг ўзлари ҳал қилади. Маъқуллаш ёки таклиф бериш, қўл кўтариш ёки кўтармаслик депутатларнинг устувор ҳуқуқи. Қандай пайтда қўлни баланд кўтариб, қандай масалада таклиф бериш, «сессияни номига ўтказиб, ўзимизни ўзимиз беҳурмат қилмайлик, фарзандларимизнинг келажаги ҳаққи виждонан қарор қабул қилайлик», дейиш ёки демаслик депутатнинг салоҳиятига, дунё­қарашига, маънавиятига, умуман, курашишга тайёр ёхуд тайёр эмаслигига боғлиқ бўлади. «Ким қилади бу ишларни?.. Юраги ёнган одам қилади, Ватанини севган одам қилади». Бу сўзларни тушунган, тушуниб, озгина бўлса ҳам қийналган депутат қўлини эмас, идрокини, виждонини кўпроқ ишлатади.

Кўпчилигимизда ким билади қайси замонлардан қолиб кетган бир ёмон одат бор. Жамоа раҳбари ишларимизни танқид қилса, жон куйдириб вазифа қўйса, диққат билан эшитаётгандек бўлиб кўринишни, «хулоса қиламиз, бажарамиз», деб жиддий туришни қойиллатамиз. Лекин амалий ҳаракатга келганда, шаштимиз пасайиб, ҳаракатларимиз сусайиб қолади.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятида кўпинча шундай ҳолат кузатилаётганга ўхшайди. Кенгашлар учун қўйилган мақсадлар билан депутатларнинг иштиёқи ўртасида тафовут каттароқдек туюлмоқда. Айрим депутатлар прокурор, ички ишлар бўлими, солиқ инспекцияси бошлиғидан ҳисоб сўраб, уларнинг камчиликларини ҳақиқатда танқид қилиш мумкинлигига ишонқирамай қараётгандек.

Лекин бундай кайфият ва шубҳаларга асло ўрин ҳам, асос ҳам йўқ. Шошма-шошарлик билан тайёрланаётган, халқнинг бирини икки қилмасдан, катта-катта маблағларни қумга тушган томчидай йўқотаётган абсурд лойиҳаларни имкон борича йўқотиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларга жон киритиш, шифохонадаги чойшабларни алмаштириш учун марказдан пул кутишдек эски касалликка чек қўйиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида фикр­лаган одам буни тез тушунади.

Бошқарувнинг ўта марказлашувига барҳам бериш бюрократия ва коррупциянинг энг йўғон томирига болта уриш эканини тушунган депутат ҳудуднинг тақдири ўзига ўхшаган депутатларга боғлиқлигини ҳис қилади. Ҳаракатлар стратегиясини, Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тушуниб, юрагидан ўтказиб ўқиган депутат фикр айтишдан, таклиф билдиришдан, ширин жонни койитишдан бегоналарга эмас, ўз ҳудудидаги қийналган одамларга, яқинларига, болаларига фойда эканини билади.

Раҳбарнинг кўнгли эмас, халқнинг меҳри одамни бахтиёр қилади. Раҳбарнинг розилиги эмас, халқнинг дуоси асрайди. Депутат билан ҳудуд раҳбари бир-бирининг кўнглига қараб иш тутса, йиғилишларда умумий, расмий гапларни канда қилмаса, аҳвол оғирлашади. Давлат бошқарувида мувозанат бузилади, муросасозлик бошланади. Маҳаллий Кенгаш депутати ижро ҳокимияти мутасаддиларига ўзи ўрганган, кўзи билан кўрган ҳолатлар, камчиликлар ҳақида очиқ-ойдин гапирмаса, на танқид, на бир жўяли таклиф айтмаса, ҳоким унинг фикрлар­ини ҳурмат қилмаса, «ўзим биламан, ўзим ҳал қиламан», деб хато ўйласа, сессия ҳам, вақт ҳам беҳуда ўтган бўлиб қолади.

Депутатлар виждонан ишламаган жойда ҳокимиятнинг ўзи ҳаммасини қойил қилиб қўёлмайди. Янгича фикрлайдиган ҳокимлар буни яхши тушунади. Кўпдан кўп фикр чиқади, энг мақбул қарор жамоатчилик билан, унинг қонуний вакиллари билан кенгашиб қабул қилинади. Шунда хато кам бўлади, қарорлар муам­моларни ҳал этиш, одамларни рози қилишга хизмат қилади. Дунёнинг барча ривожланган демократик давлатларида шундай. Бусиз демократияни ҳурмат қиладиган ҳокимиятни, халқ манфаатларини ҳимоя қиладиган вакиллик ҳокимиятини шакллантириб бўлмайди.

Айрим ҳудудий телеканалларда, ижтимоий тармоқларда маҳаллий Кенгашлар сессияларида ёзиб олинган тасвирларга кўзимиз туша бошлагани катта ютуқ. Депутатлар, маҳаллий раҳбарлар жамоатчилик назарида турганини ҳис қилса, қайси қарор қандай муҳокама билан қабул қилинганини одамлар билса, сессиялар анча демократик тарзда ўта бошлаши аниқ. Бундан ҳокимга ҳам, депутатга ҳам, маҳаллий раҳбарга ҳам, фуқарога ҳам катта фойда келади.

Баъзида туман, шаҳар Кенгаши сессияларида гапираётган айрим ИИБ, солиқ инспекцияси, прокуратура мутасаддиларининг фикрлаш тарзи, дунёқараши одамни лол қолдиради. Айримлари ҳатто «хатоларимиз кўп, хулоса чиқариб оламиз», деган оддий гапни ҳам эплаб гапиролмайди. Лекин кўча-кўйда, ўз идорасида муаммо билан борган одамларга осмондан келади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳудудий бўлинмаларида шундай мутасаддилар борки, «демократик жамиятда ҳамманинг ҳуқуқи тенг», деган гапни эшитса, ўзга сайёраликни кўргандай ажабланади. Бундай кишилар демократик тартиб-таомилларни тушуниб етиши учун жойлардаги сессиялар сокин ўтмасдан, муҳокамалардан, мунозаралардан «чанг чиқиши» керак. Бу дунёга ҳамма яшаш учун, яхши ҳаёт учун келишини тушунтириш, фикрлашда замондан орқада қолаётган раҳбарларни маърифатга ундаш, уларнинг «кўзини очиш» маҳаллий Кенгаш депутатлари масъулиятидаги вазифадир. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бўлинмалари маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобдор эканида ҳам чуқур маъно бор.

Ҳокимлар, ҳудудий раҳбарлар қачон ўз устида ишлайди? Қачон фуқарони ҳурмат қилишни ўрганади, қачон маънавияти, маданияти, одоб-эътибори билан жамоатчиликка ўрнак бўлади?.. Сессияларда ўтириб, депутатларнинг эркин фикрлари, аччиқ ҳақиқатларни эшитган, ҳар бир ҳаракати эл назарида турганини ҳис қилган, адолатсизлик қилса, одамлар ундан юз ўгиришини билган раҳбарлар бошқача масъулиятли бўлади. Ҳудудларда бундай соғлом, демократик муҳитни биринчи навбатда ким юзага келтира олади?.. Албатта, депутатлар, лекин депутатлик нишонини номига тақиб юрганлар, қаттиқ уйқуга кетганлар ёки иккиланаётганлар эмас, юраги ёнган, Ватанини, бола-чақасини севган депутатлар.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.