Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2018    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
09.01.2018

ЯНГИЛАНАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН

Манфаатлар мувозанати ёхуд «қизил чизиқ»ни босиб ўтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

Одамзот доимо ҳақиқатга, адолатга интилиб яшайди. Унинг учун бу — умрнинг маъно-мазмунини белгилайдиган бош мезон, асосий матлабу маслак, десак, адашмаган бўламиз. Агар шу туйғу бўлмаса, инсон ҳаётидаги энг муқаддас тушунча ва қадриятлар ҳам балки бўлмас, бу қадар юксак даражага кўтарилмас эди.

 

ҲАР ИШДА АДОЛАТ КЕРАК

Буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз дунё чамани адолат билан обод бўлади, деб бежиз таъкидлаб айтмаганлар. Бу ҳақда узоқ гапириш, фикр юритишга сира ҳам ҳожат йўқ, деб ўйлаймиз. Чунки бугунги ҳаётимизда ҳар қадамда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал бўлиб, бу ҳақиқат ўзининг амалий тасдиғини топиб бораётганига бевосита ўзимиз гувоҳмиз.

Бугунги кунда халқаро миқёсда мамлакатимиз ҳақида гап кетса, «Янгиланаёган Ўзбекистон», «Демократлашиб бораётган Ўзбекистон» деган ибораларни қўллаш тобора кенг расм бўлмоқда. Шунинг ўзиёқ жонажон юртимизнинг жаҳон майдонида мутлақо янги имиджи шаклланиб бораётганини кўрсатади.

Бу ҳам муҳим, лекин бундан ҳам муҳими — оддий одамлар, хал­қнинг ҳаёти сифат жиҳатидан тубдан ўзгармоқда. Албатта, улар, худди ­эртаклардагидек, бир кўз очиб юмгунча ақл бовар қилмас катта бойликка, тоғдек хазинага эга бўлиб қолгани йўқ. Уларнинг кундалик ҳаётида ташвиш ва муаммолар, етишмовчиликлар бор. Лекин улар ҳар қандай хазинадан ҳам азиз ва қадрли бўлган бойликка — «шу юртнинг эгаси — мен», «бизга суянч ва ­таянч бўладиган, ҳар қандай ша­роитда ҳам қўллаб-қувватлайдиган ­Президентимиз бор» деган ишонч билан яшаш имконига эга бўлди.

Бугунги юртдошларимиз бошқарув идораларининг турли бўғинларида илгари чуқур илдиз отган салбий ҳолат — ўз юртида «отанг­га бор, онангга бор», деб, эшикма-эшик сарсон қилиш иллатига, ўз шахсий манфаатидан бошқа нарсани ўйламайдиган бюрократларнинг зуғуми, алдов ва фирибларига жимгина чидаб кетадиган одамлар эмас. Улар Президентнинг Халқ қабулхоналарини билади, Виртуал қабулхонани билади. Энг муҳими, ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини, ҳокимият — халқ эканини яхши билади ва шунинг ҳисобидан кучига куч, ишончига ишонч қўшилади.

Миллий қонунчилигимизда «ҳокимиятлар ўртасида ўзаро ти­йиб туриш ва манфаатлар мувозанати», деган қоида бор. Ҳар бир ҳокимият тармоғининг ўз қонуний ваколатлари доирасида, айни вақтда умуммиллий аҳамиятга молик энг зарур масалаларда ўзаро келишиб, уйғун ҳолда ҳаракат қилишини таъминлашда бундай принципнинг аҳамияти беқиёс каттадир. Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлиб ишлаган пайтларимда бу ҳақда ҳуқуқшунос дўстларимиз, депутатлар билан кўп гаплашар эдик. Лекин, афсуски, жойларда аҳоли ва давлат ҳокимияти идоралари, ҳуқуқ-тартибот органлари, хўжалик бирлашмалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб туришда ана шундай тийиб туриш ва мутаносибликни таъминлаш механизмлари йўқ эди. Дангалини айтадиган бўлсак, қонунда назарда тутилган қоидалар ҳам аниқ ҳуқуқий механизмларнинг йўқлиги туфайли деярли ишламас эди. Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ўринли таъкидланганидек, «ўлик қонунлар» жойларда таъбир жоиз бўлса, «ўлик вазият» — ҳеч қандай йўл билан ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларни юзага келтирар эди. Шунинг учун маҳаллий раҳбарлар «ўзи — хон, кўланкаси — майдон» деган «принцип» асосида ишлар, уларнинг айтгани — айтган, дегани — деган эди. Халқ орасида ҳеч ким уларнинг мушугини «пишт» дея олмас эди.

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида Халқ қабулхоналари ташкил этилиши ва улар тимсолида Президент вакилларининг иш олиб бориши аҳоли ва давлат идоралари, бошқа ташкилотлар манфаатлари ўртасида ўзига хос мувозанат бўлишига, айтиш мумкинки, «қизил чизиқ»ни кўр-кўрона босиб ўтиш ҳолатларининг камайишига сабаб бўлмоқда. ­Президентимиз юқорида зикр этилган Мурожаатномада бу масалага алоҳида тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлади: Қисқа муддатда ана шу қабулхоналарга бир ярим миллиондан зиёд фуқаро мурожаат қилгани ва қанча-қанча одамнинг йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолари ижобий ечилгани Ўзбекистонда халқ ҳокимияти номига эмас, амалда жорий этилаётганини кўрсатмоқда. Жойларда раҳбарларнинг йўл қўйилган хато ва камчиликларни тезлик билан бартараф этиш юзасидан шахсий жавобгарлиги кучайгани мазкур тизимнинг муҳим натижаси бўлди.

Дарҳақиқат, энди раҳбарлар ҳам Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхоналар борлигини билади ва ҳушёр тортади, ҳаддидан ошмайди. Юқорида таъкидланган «қизил чизиқ»ни босиб ўтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ экани уларни фақат қонун асосида, ваколат доирасида фаолият кўрсатишга ундайди.

Ўтган бир йиллик ҳаёт тажрибасидан бугунги кунда барчамиз яна бир ҳақиқатни яхши биламиз: мамлакатда тинчлик ва тараққиётга эришиш учун, аввало, халқни рози қилиш керак. Ҳазрат Навоий айтганларидек:

Агар эл қилмади ҳимоят санга,

Ўзингдин керакдир шикоят санга.

Эл-юртга эса кўп нарса керак эмас, ҳар бир ишда адолат бўлса бас. Шунинг учун давлатимиз раҳбари Менга баландпарвоз гаплар, қуруқ ҳисоботлар эмас, одамларнинг розилиги керак, деб айтмоқда, барчамизни ана шу мезон асосида ишлаш ва яшашга даъват этмоқда.

 

ОРҚАГА ЙЎЛ ЙЎҚ

Бугунги тобора ўзгариб, янгиланиб бораётган ҳаётимиз, унинг қадр-қиммати, кечаги кунимиздан осмон билан ерча фарқи борлиги ҳақида ўйлаганда, кўпчилик юртдошларимиз қалбида ҳақли бир савол туғилиши табиий. Албатта, барчамиз хом сут эмган бандамиз. Оддий одамларнинг арзу доди Президентгача етиб борадиган, ҳар қандай юқори лавозимдаги мансабдор шахс халқ билан ҳисоблашадиган, унинг дардига қулоқ тутадиган кунларга етдик, лекин фалак гардиши айланиб, яна кечаги кунга қайтиб қолмаймизми, деган ­хаёллар баъзан кўнглимизга ғулғула солади.

Президентимиз бундай кай­фият­ларни бамисоли олдиндан ҳис этгандек, кейинги пайтдаги чиқишларида, хусусан, Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида, Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда қатъий ва аниқ фикрларни баён қилдилар: орқага йўл йўқ, кечаги кунга олиб борадиган кўприклар аллақачон ёниб кетган. Сув келса симириб, тош келса кемириб бўлса ҳам фақат олдинга боришимиз шарт. Бугун гап халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, жондан азиз болаларимизнинг бахти ва камоли ҳақида бормоқда.

Энг муҳими, кечаги ҳаётга, нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган хомхаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этишдек номаъқул иш услуби ҳукмронлик қиладиган муҳитга қайтишни халқ­нинг ўзи истамайди. Чунки ёлғон ваъдалар, баландпарвоз ҳисоботлар билан ҳеч кимнинг қорни тўймайди. Ўзини ўзи алдаб, шунга маҳлиё бўлиб ўтирадиган жамиятга бошқалар ҳам ёрдам бермайди. Президентимиз ўз Мурожаатномасида бизни айнан шундан огоҳлантирди. Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз...

Ҳаммамиз шу халқнинг фарзандимиз. Эл-юртимизнинг кўзига, юзига қараб, очиқ тан олишимиз керак: афсуски, жойларда алдам-қалдам ишлар ҳали ҳам давом этмоқда. Қуйи бўғиндаги баъзи раҳбарлар пинагини ҳам бузмасдан, бемалол эскича ишлаб юрибди.

Президентимиз яқинда Тошкент вилоятида бўлиб, халқ билан мулоқот қилганида, ислоҳотларнинг бориши билан танишганида ана шундай ҳолатларни кўриб, жуда ачиниб гапирди. Айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд аҳволни тубдан ўзгартириш бўйича шунча ишлар қилинаётганига қарамасдан, Янгийўл шаҳридаги шифохоналарда вазият ҳамон эски ҳаммом — эски тос бўлиб қолаётгани ҳақиқатан ҳам бизга ярашмайдиган ҳолдир. Давлатимиз раҳбари халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида жойларда ишни ташкил этишда йўл қўйилаётган камчиликларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг сабабларини, аҳволни ижобий томонга ўзгартириш йўлларини аниқ кўрсатиб берди. Мамлакатимизнинг бошқа жойларида муваффақиятли қўлланаётган, яхши натижа бераётган тўрт сектор фаолияти жиддий танқид қилинди. Секторлар ишида сусткашликка йўл қўйган айрим раҳбарлар шу жойнинг ўзида вазифасидан озод этилди. Олдимизда жуда катта вазифалар турибди. Алдов, ёлғон ваъда одамларнинг жонига тегиб бўлган. Олдимизда катта кураш турибди. Курашга тайёр одамдан натижа кутса бўлади. Амал ишламайди, одам ишлайди, деди Президентимиз.

Биз курашга тайёрмизми? Жонимизни озгина койитишга, орому ҳаловатдан жиндак бўлса ҳам воз кечиб, ўзимизни қийнашга тайёрмизми? Ўз олдимизга улуғ мақсадлар қўйдикми, шунга яраша ҳаракат қилишимиз, бутун борлиғимизни шу йўлда сафарбар этишимиз керак. Бу борада Президентимиз барчамизга ўрнак бўлмоқда.

Тошкент вилоятида туғилиб камолга етган бир ижодкор сифатида шуни алоҳида мамнуният билан қайд этаманки, қисқа муддатда Президентимизнинг вилоятимизга бир неча бор ташриф буюришлари, вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, молиялаштириш ман­баасини кенгайтириш мақсадида бош­қа вилоятларга нисбатан кенг кўламда маблағ ажратаётгани, юзлаб эҳтиёжманд оилаларнинг дардига малҳам бўлаётгани кўп миллатли вилоят аҳлига чексиз қувонч бахш этди. Бу қувонч айни пайтда зиммамизга жуда катта вазифалар ҳам юклайди.

Чунки ҳамма ҳавас қиладиган янги давлат, янги жамият қуриш, бугунги ривожланган дунё билан тенг рақобат қилиш учун ҳар биримиздан ҳаракат, масъулият ва яна бир бор масъулият талаб этилмоқда. Ҳеч нарсадан чўчимай, масъулиятни дадил зиммага олиш — бу мардликдир. Уни амалий ишлар билан оқлаш эса — олижаноблик ва фидойиликдир. Бу ишлар биз учун янгилик эмас. Ота-боболаримиз бундай синовлардан неча бор ўтганлар. Халқимиз — катта кураш тажрибасига эга бўлган халқ. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида тарих ва бугунги ҳаёт муаммоларини, буюк аждодларимиз ибрати ва бугунги авлодларнинг улар олдидаги бурчи ҳақида гапириб, турли даврларни қиёслаб, бу борадаги муштарак нуқталарни алоҳида таъкидлайди. Тарихдан, аждодлар анъанасидан ибрат олиб яшашга даъват этади.

 

ИННОВАЦИЯ — БУ КЕЛАЖАК ДЕГАНИ

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2018 йил мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинди. Бу дегани янги йилда фаоллик, шижоат, дадил ташаббуслар янада рағбатлантирилади, инновацион фикрлаш, инновацион ёндашув ва фаолият ҳаётимиз асосига айланади, деганидир.

Албатта биз, барчамиз Шавкат Мирзиёев ўз Президентлик фаолиятини бошлаган биринчи кунларданоқ Ўзбекистон тараққиётини янги босқичда давом эттирамиз, деб айтган сўзларини эшитиб, уларнинг замиридаги маъноларни, яъни мамлакатимизнинг ривожланиш суръатлари тезлашиши, халқимиз учун янги-янги имкониятлар очилишини ўзимизча тасаввур қилган эдик. Лекин очиқ эътироф этишимиз лозим, тараққиётимизниг янги босқичидаги ўзгаришлар кўлами ва ­миқёси бу қадар кенг, бу қадар улкан бўлиши, жамиятимизнинг ҳаёт манзараси қисқа муддатда шунчалик ўзгариб кетишини хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик.

Шу нуқтаи назардан қараганда, 2018 йилда — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технология­ларни қўллаб-қувватлаш йилида бизни янада улкан ўзгаришлар, янада мураккаб вазифалар кутмоқда. Бу албатта осон синов бўлмайди. Умуман, ўзимиз кўряпмиз, бугунги дунёда осон вазифанинг ўзи йўқ ва бўлмайди ҳам. Турли иллюзия ва хомхаёлларга берилиш, содда бўлиб юриш даври ўтди. Замон ҳамма соҳаларда аниқ ҳисоб-китоблар, аниқ режалар асосида яшашни талаб этмоқда. Шунинг учун Президентимиз ҳар бир соҳадан, ҳар бир раҳбардан ўз иш режаси — «йўл харитаси»га эга бўлишни талаб этмоқда.

Табиийки, Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технология­ларни қўллаб-қувватлаш йилидаги долзарб вазифалар биз — ижод аҳлидан алоҳида фаоллик ва сафарбарликни талаб этади. Инновацион ғоялар, инновацион ривожланиш ҳаммадан ҳам кўра ижодкорларга яқин ва тушунарли қадриятлардир. Чунки тарихдан маълум, мумтоз шоир ва ёзувчилар неча ўн йиллик ривожланиш истиқболларини олдиндан кўриб, ўзлари яшаган даврдаги эскича қарашларга қониқмасдан, юрак қони билан ёзган асарларида янги ғояларни илгари сурганлар, илм аҳлини янги кашфиётларга руҳлантирганлар, жамиятни маърифий асосда яшашга чақирганлар. Масалан, буюк Алишер Навоий бобомизнинг ҳар бир асари ўз даври учун инновацион хусусиятга эга бўлган янгилик ва кашфиёт эди.

Ўйлаймизки, бизнинг бугунги шоир ва ёзувчиларимиз ҳам буюк мутафаккир боболаримизнинг ана шундай эзгу анъаналарини давом эттириб, жамиятимиз тараққиёти тобора инновацион асосга ўтиб бораётганидан руҳланиб, халқимизнинг ана шундай буюк ўзгаришлар давридаги юксак бадиий-эстетик дидига мос асарлар яратадилар.

Шу ўринда бугунги ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган яна бир жиҳатни алоҳида миннатдорлик билан таъкидлашни ўз бурчим деб биламан. Президентимизнинг маданият, адабиёт ва санъат соҳасига, жамиятимизда китобхонлик мада­ниятини ривожлантиришга қаратаётган доимий эътибори — бу чуқур ўйланган сиёсат натижасидир. Чунки маданият ва маъ­навият­ни ривожлантирмасдан туриб, замонавий инновацион жамият қуриб бўлмайди. Инновация — ақл-заковат, илм-маърифат асосида яшаш, уларнинг натижаларини оқилона ишлата билиш деганидир.

Айниқса, шоир ва ёзувчиларнинг неча йиллик орзуси ушалаётгани — улар учун пойтахтимизнинг қоқ марказида муҳташам замонавий бино қуриб берилгани, жаннатмакон диёримизнинг энг хушманзара, баҳаво туманлари Зомин ва Паркент тоғлари бағридаги оромбахш, сўлим гўшаларда ижод уйлари қурилаётгани, Адиблар хиёбони ташкил этилиб, миллий адабиётимизнинг атоқли намояндаларининг ҳайкаллари бу ерда барпо этилгани, умуман, жамиятимизда адабиётга, санъатга, китоб мутолаасига муносабат ўзгараётгани бизнинг ишончимизга ишонч қўшаётган яна бир ўта муҳим омилдир. Чунки китоб ўқиб, шеър ёдлаб, қўшиқ айтиб, эзгуликни қалбига жо этган халқ ва миллатнинг руҳий-маънавий қудрати чексиз бўлади. Бундай қудратли халқ улуғ ишларга қодир бўлади.

 

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: